Самарқандда «Ёш экологлар боғи» ташкил этилмоқда

Самарқандда, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тасарруфидаги «Зарафшон» миллий табиат боғида «Ёш экологлар боғи» барпо қилинмоқда.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкил этилган кўчат экиш акциясида боғда Экология вазирлиги, вилоят экология бошқармаси, вилоят прокуратураси вакиллари, «Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?» кўрик-танловининг республика босқичида қатнашадиган ўқувчи ёшлар ҳамда эко-волонтёрлар иштирокида 600 туп қайрағоч, гужум ва Қрим қарағайи дарахт кўчатлари экилди.
Ўз навбатида ёшларга яшиллик даражасини ошириш иқлим ўзгариши, атмосфера ҳавоси ифлосланиши каби долзарб экологик муаммоларнинг самарали ечими эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, ўқувчиларга «Зарафшон» миллий табиат боғида экскурция ташкил этилди. Саёҳат давомида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг биохилма-хилликни асрашдаги аҳамияти юқори эканлиги, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш лозимлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, танлов иштирокчилари учун Самарқанддаги «Боқий шаҳар»да саёҳат ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби экология соҳасида ҳам ёшларнинг ўрни, аҳамияти ортиб бормоқда. Республиканинг барча вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазасига бефарқ бўлмаган эко-фаол ёшлар турли долзарб масалалар борасида ўз фикрларини билдиришмоқда, халқаро тадбирларда, жараёнларда фаол иштирок этиб, муҳим ташаббусларни илгари суришмоқда. Кўрик-танлов эса ёшларимизнинг соҳага оид билимлари мустаҳкамланиб бораётганини яна бир бор исботлади.
Маълумот учун, айни дамда Самарқандда «Сиз экологияга оид қонунни биласизми?» кўрик танловининг умумтаълим мактаблар жамоалари ўртасидаги республика босқичи ўтказилмоқда. Касбий таълим муассасалари жамоалари ўртасидаги республика босқичи эса 17–19 март кунлари Хоразм вилоятида ташкил этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter