Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Паркентда янги сиҳатгоҳ очилади

Паркентда янги сиҳатгоҳ очилади

Муассаса нафас йўллари ва асаб хасталикларини даволашга ихтисослашган.

Тошкент вилоятининг Паркент тумани Заркент қишлоғида фаолият юритиб келган «Заркент» номли болалар соғломлаштириш оромгоҳи Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси тизимига ўтказилиб, бу ерда кенг кўламли қуриш-қайта қуриш ишлари бажарилди ва 128 ўринли замонавий сиҳатгоҳга айлантирилди.

Денгиз сатҳидан 800 метр баландликда, хушманзара ва сўлим жойда жойлашган: тевараги кенг баргли ўрмонзор билан ўралган, шифобахш сувли булоқ ва бир нечта зиёратгоҳлар яқинидаги «Заркент» муассасаси турига кўра тоғ-иқлимий сиҳатгоҳ ҳисобланади.

Кислородга бой, шифобахш эфир мойлари аралашган тоғ ҳавоси нафас тизими аъзолари ва асаб касалликлари, аллергик ҳолатлардан фориғ бўлишга ёрдам беради. Тоғ булоғидан чиқиб, санаторий ҳудудидан оқиб ўтувчи табиий маъданларга бой сув эса овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари билан оғриган беморларни соғломлаштиришга самарали таъсир қилади.

Дам олувчиларни соғломлаштиришда жисмоний даволар, гиёҳли ва тузли сувларда чўмилиш каби кенг турдаги сувли муолажалар, уқалаш, даволовчи жисмоний тарбия, миқдорли юриш (терренкур), тузли ғор, гиёҳли дамламалар ва парҳез таомлардан кенг фойдаланилади. Даволанувчиларга 60 нафардан зиёд малакали ходимлар хизмат кўрсатади.

Сиҳатгоҳ ҳудудида дам олиш учун маданият саройи, кутубхона ҳам мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш ҳамда Тошкент вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва соғломлаштириш мақсадида янги барпо этилган сиҳатгоҳнинг «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да қурилиб, фойдаланишга топширилгани ҳам рамзий маънога касб этади.

Сиҳатгоҳнинг очилиш маросими жорий йилнинг 6 июн кунига белгиланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг