Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда йирик халқаро медиа бозори очилмоқда (фото)

Тошкентда йирик халқаро медиа бозори очилмоқда (фото)

Фото: Контент маркази

Ўзбекистонда илк маротаба 2027 йилнинг 4-5 феврал кунлари «Tashkent Content Market» халқаро контент бозори ўтказилади. Бугун, 9 октябр куни ушбу нуфузли тадбирнинг расмий тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимотда МДҲ мамлакатларидаги энг йирик контент бозорларидан бири бўлиши кутилаётган тадбирнинг мақсадлари, дастури, иштирок этиш шартлари ва рўйхатдан ўтиш тартиби таништирилди. Шунингдек, халқаро контент бозорлари тажрибаси ҳамда маҳаллий медиа маҳсулотларини хорижий харидорларга тақдим этиш имкониятлари ҳақида сўз юритилди.

Тадбир ташкилотчиси: Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази.

Тақдимотда 20 дан ортиқ телерадиоканал, 15 дан зиёд OTT/VOD ва онлайн платформа, 7 та давлат ташкилоти ва соҳавий муассаса ҳамда 40 га яқин киностудия, медиа компания, ижодий жамоалар ва кинотеатрлар вакиллари, шунингдек, мустақил ижодкорлар иштирок этди.

TCM ўзбек филмлари, сериаллари, анимация ва рақамли маҳсулотларини халқаро бозорга олиб чиқиш, хорижий контентни харид қилиш ҳамда ҳамкорликда янги лойиҳалар яратиш учун профессионал майдон бўлади. Унда телеканаллар, киностудиялар, продюсерлик марказлари, дистрибюторлар, онлайн платформалар ва муаллифлик ҳуқуқи эгалари ўзаро музокаралар олиб бориши мумкин.

«Tashkent Content Market» дастуридан қуйидаги йўналишлар ўрин олган:

  • контент бозори;
  • халқаро кўргазма;
  • форум ва муҳокамалар;
  • B2B учрашувлар;
  • филмлар ва бошқа лойиҳалар намойишлари;
  • маҳорат дарслари;
  • ижодий учрашувлар;
  • келишувларни имзолаш маросимлари ва бошқалар

Муҳокамаларда контентдан даромад олиш, сунъий интеллект, ишлаб чиқариш, халқаро тарқатиш ва лицензиялаш масалаларига эътибор қаратилади.

Тадбирга барча қитъалардан иштирокчилар таклиф этилаётгани TCMни хорижий компаниялар ҳам ўзаро ҳамкорлик ўрнатиши мумкин бўлган халқаро майдонга айлантиради: бу ерда телеканаллар янги сериалларни харид қилиши, кинотеатрлар филмларни илк бор намойиш этиш ҳуқуқини қўлга киритиши, онлайн платформалар телеканалларни узатиш лицензиясини олиши, медиа компаниялари эса замонавий дастурий ва техник ишланмалар билан танишиб, шартномалар имзолаши мумкин.

Иштирокчилар учун tcm.uz рақамли платформасида рўйхатдан ўтиш имконияти кўзда тутилган. У орқали шахсий ва компания профилини яратиш, ҳамкорларни қидириш, контент каталогларини кўриш ҳамда учрашувларнинг вақти ва жойини олдиндан келишиш мумкин бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг