Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шерзодхон Қудратхўжа: Тиланчилик қилиш неча кунгача мумкин?

Шерзодхон Қудратхўжа: Тиланчилик қилиш неча кунгача мумкин?

Фото: «Xabar.uz»

Журналист Шерзодхон Қудратхўжа Facebookдаги саҳифасида тиланчилик ҳақида пост қўйди. Яъни ўзи гувоҳ бўлган воқеага жамоатчилик этиборини тортди. Бу гарчи бир неча бор кўтарилган мавзу бўлсада жуда кўпчиликнинг эътиборини тортди. Турли ечимлар, тахминлар айтилди, фикрлар алмашилинди. Бугун кўриб турибмизки, тиланчилар ҳаёти ва мавзуси ижтимоий муаммога айланган...

«Анчадан бери мени бир мавзу ўйлантириб келарди. Лекин кеча ўзимдан ўтиб кетгани учун бу постни ёзишга қарор қилдим.

Кўпинча кечки пайт соат 21 дан 23 гача бўлган маҳалда уйга қайтаман. Биласиз, кечқурун машиналар кам, пиёдалар деярли йўқ. Аммо одатда шу светофор чироғи 30 секунд ёнишига қарамай, қизилга тўхтаган машина борки, қоп-қора либосда, қўлида гўдак боласини тутган аёллар уларнинг ойнасига яқинлашишади. Энг ачинарлиси, қўлида ушлаб олган боласи кўпинча ҳали жуда ҳам кичкина – чақалоқ бўлади.

Кеча ҳам тунда шундай бўлди.

Кечки соат 10 лар атрофида Юнусобод туманидаги 7-касалхонадан («Шоҳсарой» ресторанига етмасдан) ўтганда тиланчи аёллардан бири машинамга яқинлашди. Биласиз, шу кунларда кечқурунлари яхшигина изғирин, аёзли бўляпти. Кеча ҳам, адашмасам, ҳарорат -7 даража эди. Аёл келганидан сўнг машина ойнасини тушириб, атаганимни бердим ва «Чақалоғингиз неча ойлик?», деб сўрадим. Аёл: «Чақалоқ бир ойлик», деб жавоб қайтарди. Светофорда тўхтаб туришимиз қисқа бўлса-да, унга ўзимни қизиқтирган саволларни бера бошладим.

– Наҳот, турмуш ўртоғингиз шундай ҳолатда кўчага чиқарди? – деб сўрадим.

– Иккиқатлигимда турмуш ўртоғим билан ажрашганмиз, – деди у ийманганча ерга қараб. – Боламга памперс, каша олишим керак. Бошқа чорам йўқ...

– Барибир чақалоғингизни бундай кўтариб юриш яхши эмас, Худо кўрсатмасин, шамоллаб қолса нима бўлади?

– Аллоҳга таваккал қилдим. Ўзи асрасин... Раҳмат сизга.

Аёл юзига бир қўли билан фотиҳа тортгач, боласини бағрига маҳкам босганча ортдаги машинага қараб юра бошлади.

Мен эса саволларимга жавоб олиб улгурмагандим. Шу боис унга яна сўз қотдим:

– Синглим, шу аҳволда кўчага чиқишга мажбур бўлибсиз, айтинг, пул беришдан ташқари яна нима ёрдам қила оламан? Балки иш керакдир сизга?

Шу пайт яшил чироқ ёнди-ю, ортимдаги машиналар пайдар-пай сигнал чала кетди.

Чорраҳани бўшатиш ва йўлни очиш учун юриб кетишга мажбур бўлдим.Йўлда кетарканман, қоронғи, устига-устак совуқ бир кунда аёлларнинг чақалоқ билан кўчада юрганини кўриб, миямни жавобсиз саволлар «эговлай» бошлади:

– Шу муслима аёлларимизнинг эрлари борми?

– Бу жувонни эри ҳомиладорлигида ташлаб кетгани ростмикан?

– Агар умр йўлдоши билан ажрашган бўлса, қўлидаги чақалоғи билан кўчага чиқишига ота-онаси, ака-укалари ёки бошқа яқинлари индамай қараб туришибдими?

– Наҳотки улар бу аёлларга қарашишмайди?!

– Худо кўрсатмасин, бирор автомашина унинг ўзига ёки қўлидаги боласига зиён етказса, нима бўлади?

– Хўп, уларнинг яқинлари балки бефарқдир. Аммо бизда маҳалладан бошлаб аёлларга ғамхўрлик қилиш тизими яратилган-ку. Туманларда хотин-қизлар бўйича бир нечта ташкилотлар ишлайди. «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ҳақида кўп гапирамиз. Қани ўшалар? Ё бу аёллар маҳалласида ночор ҳолатларини яширадиларми? Ё икки хил«юз»га эгамилар?

– Балки уларни дарров «ППС»нинг автобусида «Панельный»га олиб бормасдан, биз мутасаддилар шу аёллар билан озроқ гаплашиб, ички оламига кириб, муаммоларини ўрганиб, ечим излармиз. Ахир Тошкент чорраҳаларида бу ҳолатда юрган аёллар кўпи билан 200-300 нафар чиқар. Бошқа шаҳарлардачи? Уларга ғамхўрлик қилса бўлади-ку.

– Балки уларга ўзлари учун муносиб иш топиб беришимиз керакдир?Зотан, тиламчилик қилиш ҳам бир кунлик нон ва овқатдан кўпдан сўнг мумкинмас шекилли?

Яна эшитдимки, бу ёвуз одамларнинг бизнесимиш. Ҳаттоки, чақалоқлар ҳам баъзида чақалоқмасмиш ёки ижарага олинаркан. Аёллар эса шу жараёнларда роль ўйнайдиган актрисалармиш. Иш тугагач либос ва рўмоллар ҳам ўзгарармиш? Шундай бўлса магар улар давлатимиз ва динимизга зид иш қилаётганлари аниқдир, афсус...

Билмадим, уларга балки иш ҳам таклиф қилишгандир. Уларнинг ўзлари бунга рози бўлишмагандир ҳам, буниси энди менга қоронғи.Ва яна бир танишим айтиб қолдики, бу аёллар таклиф қилинган ишдан кўра кўчада тиланчилик қилишни афзал билишар экан.

Аммо...

Аммо масалага биз ечим топмас эканмиз, бугун тунда кўчада онасининг қўлида турган ва шу аёллар тарбиялаган бу болалар чорраҳадаги тиланчиликни кўриб улғайишса, вақти келиб қандай инсон бўлиб вояга етишади?

Мен кўрган ва айтаётган муаммо, гарчи аллақачон ҳаммамизнинг кўзимиз ўрганиб, дийдамиз қотиб кетган бўлса-да, юзаки муаммо эмас. Чунки жамиятда юксак эҳтиром кўрсатилиши керак бўлган зотлар бугун кўчада ёлғиз...

Улар ёрдамга муҳтож... Хўш, бу муаммонинг бошланиши, туб илдизи нимада?

Сиз аёлларнинг фарзандини кўтариб тиланчилик қилишига қандай қарайсиз? Муаммога ечимни қандай топса бўлади? Фикрларингизни кутаман», деб ёзади у.

Журналист Шерзодхон Қудратхўжа кўтариб чиққан ушбу мавзуга 300 га яқин фикрлар билдирилган, биз уларнинг муҳимларини эътиборингизга ҳавола қиляпмиз:

Юлдуз Файзий: – Сиз айтаётган мавзунинг бош сабабчилари эркаклар. Эр кўп, ЭРКАК кам! Яқинда Чорсунинг овқат бозорида эдим, бир болача Тақвим китобини сотиб олишимни сўради, менда бор дедим, унда ёрдам қилинг, деди. Ҳозир бервордим дейишим билан  хоним сотадиган опанинг жаҳли чиқиб, уялмайсанми бўлди, деб уришиб ташлади, ҳалиги болани. Ёнимдаги ёши катта опа билан мулоқатга киришди, тоғорадан иссиқ хонимларни сола туриб. Суҳбатлари қулоғимга чалинди «Бир кунда 100 мингча топишармикан? Э нима дивоссиз, она-бола ишлаб дадасига Нексия 3 олиб беришди-ку». Бу енгил ҳаётнинг мевалари, ҳайратсиз оддий кўринишига айланиб улгурди!

Абдумуталли Касимов: – Отамиз бундан 50 йилча олдин бир ривоят айтиббергандилар. Бир подшоҳ тиланчиларни йўқотишга аҳд қилибди, уларни тўплаб, кимга иш, кимга нафақа белгилабди. Бироқ улар яна тиланчиликка қайтишибди. Иккинчи бор уларни, ўлим таҳдиди билан огоҳлантирибди. Бироқ яна тиланчиликни давом эттиришибди. Шундан кейин подшоҳ бунинг сирини билиш учун махфий равишда жулдур кийиниб тиланчиликка чиқибди. Эртасига яна чиқибди. Учинчи куни тахтдан воз кечиб  тиланчиликни касб қилиб олган экан.Энди ҳақиқий Наманганда бўлган воқеа. Шахсан таниганлар айтиб берган. Гадойчилик қилиб юрган бир кишининг ўғиллари тадбиркор бўлиб бойиб кетишибди, қўша-қўша машиналар. Бироқ ҳеч қандай йўл билан отани тиланчиликдан қайтара олишмабди.  Яна анча мисоллар бор…

Дилфуза Раҳимова: – Сизга бир вокеани айтиб ўтаман. Олмазор туманида ишлаб юрган кезларим бир қиз онаси саратонга чалингани дори учун тиланчилик қилгани интернет тармоқларида тарқади. Мазкур масала юзасидан шу қизни излаб бордик уйига. Муаммосини сўрадик. Мактабга боришга кийим йўқ деди, олиб бердик синглисига ҳам, дори-дармон рўзғор қилинди, сектор раҳбарлари онасининг даволанишига моддий ёрдам кўрсатишди. Биз-ку майли чегарада қилдик ёрдамни, чунки биласиз ҳокимликка бу каби ёрдам сўраб юзлаб одамлар мурожаат қилади. Ҳомийлар биласизми, қанча ёрдам кўрсатишди. Энг қизиғи, орадан бир мунча вақт ўтиб чунон тўй қилишдики, маҳаллада достон бўлди. Бу орада эса тиланчи қиз бир неча маротаба ички ишларга олиб келинди. Чорраҳада тиланчилик қилгани учун. Аёлларбир болани уч-тўрттаси алмашиб тиланчилик қилишади. Ҳаммасини гапи бир – боласи ҳали икки-уч ойлик. Эри ҳомиладорлигида ташлаб кетган. Лекин уларга ишла,ёрдам киламиз деса, мен кунига топган пул ойликларингиздан анча кўп, деган жавоб оламиз.

Муаззам Иброҳимова: – Баъзи аёллар муҳтожликдан, баъзилари эса минг афсуски, бу ҳунар билан осонроқ пул топиш мумкинлиги учун тиланчилик қилишади.Бир куни шундай оналардан бирининг қўлидаги гўдаги оғир нафас олаётганини сезиб қолиб, мажбурлаб машинамга ўтказиб клиникага олиб кетдим.Эри билан ажрашиб кетгани, болалари кичиклиги, қариндош-уруғи билан тескарилигини айтди.Клиника хусусий бўлса-да болага зарур тиббий ёрдамни бериб, ўз ҳисобимдан беш кун давомида бепул даволатдим. Бола яхши бўлгач уйига олиб бориб, қотиб қолдим.Яшаётган жойи қаср бўлмаса-да, шароит бор эди. Лекин энг ачинарлиси, ҳовли исқирт, икки сотиҳга яқин томорқа ўт босиб, чангалзор бўлиб кетганди. Уйдан аёлнинг бўйидан баланд ўғли ва қизи чиқди. Зўрға салом беришди, кўзлари қўлимдаги озиқ-овқат тўла халтада. Иккиси ҳам танбал экани шундоққина кўриниб турарди.Ахир икки сотиҳ ерга кўкат, помидор, болгар экиб ҳам тирикчилик қилса бўлади-ку. Шахсан бизнинг болалигимизда ота-онам меҳнат билан тарбиялаган. Ҳовлимизда ярим қарич бўш жой бўлмаслиги керак эди. Уят бўларди! Зув-зув машиналар юрадиган йўлда иссиғи қирққа чиққан боласи билан тиланчиликни каcб этган аёлнинг қизи, ўғли ҳам шундай пул топмайдими эртага? Қарасам, ҳовли четидаги бинойидек товуқ катак ҳам бўм-бўш, юрагим сиқилиб кетди.Ўша аёлни фаррош қилиб ишга жойладим. Афсуски бир ой ҳам ишламади.

Моҳира Султанова: – Амир Темир ва Хуршид чорраҳасида битта муслима ҳомиладор келин 11 ой қўлида китобча ушлаб, тиланчилик қилди. Биринчи кўрганимдаям қорни каттагина, 8-9 ойлик, бир йилдан кейинам ўшандоқ турди. Охири, синглим бир йил бўлади, сизни шу қорин билан кўрганимга, қачон туғасиз, неччи ойлик ўзи ҳомилангиз, десам, озгина қолди опа, деб кулиб кетиб қолди...

Юнусободнинг Универсам бозори тўғрисида ва светофоридаям иккита лўли қизчалар чўлоқ қиёфасида қалтираб машиналар орасида тиланиб юришади. Баъзида ўнг, баъзида чап оёғини судраб юради. Бир кун милиция қувласа, иккала оёғида дингиллаб қочиб кетди. Анқайиб қолдим ё тавбаа, деб ...

Маликани чорраҳасида қўлига бинт-гипс ўраб, устига қон томизволиб, Қуръон китобини қучоқлаб олиб юрадиган аёл бор. На қўли тузалади, на бинти янгиланади...

Қўлига онам касал, дорига, нонга пул йўқ, деган табличкаларни кўтариб турадиганлардан сўранг,онанг нима касал, қайси больницада, нима дори керак, денг, э барее, деб нари кетишади...

Тиланчиларни нечтасига иш бор ишлайсанми, десам йўқ деган. Ҳатто қанақа иш дебам сўрамаган биттасиям... Шунинг учун мен кўчада тиланиб юрадиган, светофорларни тагини хусусий корхона қилиб кадастрлаб олган тиланчиларга умуман ачинмайман. Уларни умуман қатъий чоралар билан жазолаш керак, деб ўйлайман.

Ирода Асилбекова: – Динимизда 2 та нонга етгулик пулдан ортиғини олиш тиланчига ҳаром дейилган. Демак, ўртача 8000 сўм. Қайси биттаси динга амал қилади буларнинг? Сал юриб, орқага ўгирилсангиз, пачка пулларни санаётганини кўрасиз. Ҳақиқий мухтож аёллар фаррошлик қилишяпти, подъезд тозалаб берамиз деб шу совуқда 5 та этажни 30 минг сўмга тозалашяпти. Уларга бериш керак аслида. Чорраҳадагилари ҳаммаси текинхўр. Бир сўм ҳам бермайман. Ҳеч қачон.

Ўктам Мирзаёров: – Жуда долзарб масалани кўтарибсиз. Мен ҳам шу каби ҳолатга кўп дуч келаман. Ҳатто бир гал бир йигит 18-19 ёш атрофида масжид ёнида отам йўқ, онам ТошМида оғир аҳволда, ўлим тўшагида икки синглим билан чорасиз қолдим, ёрдам беринглар деб дод солиб йиғлади. Кимдир далда берди, кимдир ёрдам. Сингиллар ҳам акасининг кўксига бош қўйиб, юзларини яшириб йиғлашарди. Иттифоқа ярим йилдан сўнг ўша болани бошқа масжид ҳовлисида кўриб, очиғи онаси касаллигига ишонмадим. Яна Аллоҳ билади. Исломда ночор қолган одам бир кунлик егулик миқдорида тиланиши мумкин, зинҳор уни одатга айлантирмаслиги керак, дейилган. Шундай эшитганман. Ҳақиқатан ҳам шу масалани очиқчасига ўрганиш керак. Ёрдам керак бўлса уюштирса бўлади. Аммо одатга айланиб кетса бу миллат шаъни учун ёмон гап. Айниқса, вилоятлардан келиб, ҳафталаб айланиб, насибасини териб юришади. Хотин-қизлар идоралари шу масалада чора кўриши, таҳлил қилиши бугунги куннинг талаби. Жуда катта муаммони кўтаргансиз. Жамоатчилик ўз фикрини умумлаштирса. Масалани ҳал этса бўлади.

Шуҳрат Кўчимов: – Болаларни ҳимоя қиладиган тизим йўқ. Тиланчиликка қурол қилинган болаларни қутқариш ҳақида ўйлаш керак. Бу лўли, бу ўзбек, бу рус деб қараб туриш керакмас. Боланинг бегонаси бўлмайди. Керак бўлса ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш керак. Болалар хор бўлишмоқда.

Тоҳир Жалилов: – Мен биттасига иш таклиф қилдим, қўлида боласи бор, светофор олдида турган аёлга. 3 млн сўм маошлик иш, унамади. Бепул тикув машинаси бераман дедим унамади. Кунига 400-500 минг сўм пул топаман деди шу кўчадан.

Собир Низомиддинов: – Амир Темур бобомиз даврида тиланчиларга йўл қўйилмаган экан. Шунга ўхшаб давлат миқёсида тиланчиликка йўл бермаслик керак. Мамлакатда иш йуқ эмас бор, бошқалар ишлаяпти-ку, ҳамма оиласини тиланчилик билан боқмаяпти-ку. Тўғри, ўзбек халқи меҳрибон, шундай вазиятларга учраса, албатта, пул беришга ҳаракат қилади. Аммо тиланчилик қилиб, меҳнатдан қочадиганларга чора кўрилмаса уни ўзларига касб қилиб олишади ва ўз ишларида давом этади. Кўча супуриб, пол артиб, идиш-товоқ ювиб бўлса ҳам пул топиш мумкин. Шундай инсонларга тўғри йўналиш берувчи ташкилотлар очиб уларни ишга жойлаштирилса бора-бора тиланчилар қолмаслиги аниқ.

Маҳфуза Назарова: – Айнан сиз айтган ерда, чорраҳада светофорда ёшгўдаги билан жуда кўп аёлларни кўрганман. У пайтда давлат ишида ишлардим. Иш таклиф қилганман, яшаш жойини суриштирганман, ишга кеч борсам ҳам, бирор иш топиш ёки моддий тарафлама ёрдам қилиш чораларини таклиф қилганман. Эри қамоқдалигини, ўзи аппендицит бўлгани оғир иш қилиш мумкинмаслигин айтиб рад қилган. Энг қизиғи, орадан етти ой ўтиб, ўша эри қамалган, бир ярим ёш болани коляскада етаклаб, тиланчилик қилган аёлни бехосдан Гангада учратдим. Учратишимни сабаби Гангадан Себзорга ўтишда ўртадаги аллеяда (у пайтда ер ости йўли ва кўприклар ҳали қурилмаганди) тиланчилик қилаётган беш ёшли қизчани ота-онаси кўринмагани учун ўзим билан олиб кетишга уринганим бўлган. Себзор томонидан кўпқаватли уйлардан бир эмас иккита аёл мен томонга югуриб келиб, қизни уларга беришимни талаб қилишган. Не кўз билан кўрайки, ўша етти ой аввал эрим қамоқда, ўзим аппендицит бўлганман, деб бир ярим ёш боласи билан тиланчилик қилаётган аёл ҳомиладор (5-6 ойлик) рўпарамда турибди. У танимадию, аммо мен дарров танидим. Эрингиз қамоқдан чиқдими? Биринчи берган саволим шу бўлди.Иккита аёл зўр бериб болани мендан тортиб олмоқчи бўларди. Мен эса аллақачон участка нозирини чақириб бўлгандим.Участка нозири келганидан сўнг эшитганларим мени ҳайратда қолдирди. Бу аёлларнинг эри битта экан. Атайлаб тиланчиликка чиқараркан. Болаларниям. Бу уларнинг бизнеси экан. Ачинарлиси, улар ўзбек. Лўли эмас. Хуллас, сиз дуч келган ҳолат бўйича бирор нарса дейиш мушкул.

Бизнингча ҳам бу мавзу ҳали жуда кўп муҳокама бўлади?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг