Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Оби Раҳматда топилган ўқ учлари Марказий Осиё тарихини қайтадан ёзиши мумкин

Оби Раҳматда топилган ўқ учлари Марказий Осиё тарихини қайтадан ёзиши мумкин

Иллюстратив фото

Ўзбекистон шимоли-шарқидаги Тян-Шан тоғларида, 1,2 км баландликда топилган қадимий ўқ учлари илм-фаннинг Марказий Осиёдаги Homo sapiens тарихи ҳақидаги қарашларини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин, деб ёзмоқда Popular Mechanics.

2025 йилги тадқиқот давомида бир гуруҳ олимлар Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳудудида жойлашган Оби Раҳмат ёдгорлигининг тарихий қатламларини ўрганиш давомида неандерталлар тарихига мос келмайдиган, аммо ундан кейинги даврларга оид Homo sapiens топилмаларини эслатувчи ўқ учлари топилганини маълум қилган. Ушбу топилма Homo sapiens Марказий Осиёда 80 000 йил аввал яшаганидан далолат бериши мумкин. Яъни бу ҳудудга одамлар аввал тахмин қилинганидан қарийб 35 000 йил аввалроқ келган.

Оби Раҳмат денгиз сатҳидан 1250 м баландликда жойлашган.
Фото: Plos.one

«Ушбу кашфиёт отиладиган қуролларни ясашнинг мураккаб технологияси замонавий одамлар Европада мустаҳкам ўрнашиб олишидан анча аввал Марказий Осиёда пайдо бўлган бўлиши мумкинлигидан далолат беради. Бу эса инсоният миграцияси тарихидаги муҳим бобни қайтадан ёзиш имконини беради», — дея таъкидлашмоқда тадқиқот муаллифлари.

Оби Раҳмат ёдгорлиги стратиграфияси ва қазишма ишлари харитаси.
Фото: Plos.one

Оби Раҳмат ёдгорлигининг энг қадимги қатламларида топилган уч бурчакли микролитик учликлар ўлчамлари неандерталлар услубидаги найза учидан анча кичикдир. Улар бу ердагидан тахминан 25 000 йил кейинги даврга мансуб Франциянинг Рона водийсидаги Homo sapiens томонидан ясалган кичик ўқ учларига мос келади.

Оби Раҳматда топилган ўқ учлари.
Фото: Plos.one

Оби Раҳматда топилган ўқ учларининг кенглиги тахминан 1,2 см бўлиб, оғирлиги атиги бир неча грамм. Улар дунё бўйлаб бошқа жойларда, жумладан, Жанубий Африкада топилган 77 000 йиллик тарихга эга ўқ учларига ўхшаб кетади.

Тадқиқот муаллифларининг фикрига кўра, ушбу топилма Homo sapiens неандерталлар ҳудудига етиб келганида ўқ-ёй — камон билан қуроллангани ҳақидаги хулосани тасдиқлайди. Турли жойлардан топилган микроучликларнинг ўхшашлиги эса шунчаки тасодиф эмас.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг