Тошкентда турк киноси кунлари: машҳур актёрлар ўзбекистонлик мухлислар билан учрашади
Кино — халқларни бир-бирига яқинлаштирадиган, турли маданият ва тарихни экран орқали таништирадиган санъат турларидан бири. Шу маънода, Тошкентда ўтказиладиган «Турк киноси кунлари» нафақат кино ихлосмандлари, балки Туркия маданиятига қизиқувчилар учун ҳам ўзига хос маданий воқеага айланиши кутилмоқда.
Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Туркия–Ўзбекистон маданият ва санъат учрашувлари доирасида 25–29 сентябр кунлари пойтахтда «Турк киноси кунлари» ташкил этилади.
Тадбир Туркия Маданият ва туризм вазирлиги Кино бош бошқармаси кўмагида Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида ўтказилади. Беш кун давомида томошабинларга турли жанрдаги, кино мухлислари эътирофига сазовор бўлган турк фильмлари намойиш этилади. Дастурдан фильмлар тақдимоти билан бир қаторда, ижодий учрашувлар ва Туркия кино санъатининг таниқли вакиллари иштирокидаги тадбирлар ҳам ўрин олган.
Айниқса, 25 сентябр куни бўлиб ўтадиган тантанали очилиш маросими кино мухлислари учун алоҳида қизиқарли бўлиши кутилмоқда. Унда Туркия кино ва телевидениесининг машҳур актёрлари Энгин Алтан Дюзятан, Ўзге Гюрел, Серкан Чайоғлу ҳамда Дениз Барут қизил йўлакдан ўтиб, ўзбекистонлик мухлислар билан учрашади.
Гала-кечада Туркиянинг бой маданий мероси ва сайёҳлик салоҳиятини халқаро томошабинларга таништиришга қаратилган «Kökenlerin Fısıltısı» номли мини-сериал ҳам намойиш этилади. Унда бош ролларни ижро этган Энгин Алтан Дюзятан ва Ўзге Гюрелнинг тадбирда иштирок этиши режалаштирилган.
Шунингдек, TRT телеканалининг «Mehmed: Fetihler Sultanı» сериалида Фотиҳ Султон Меҳмед образини гавдалантирган Серкан Чайоғлу ҳамда «Bak Postacı Geliyor» фильмида Гулизар ролини ижро этган Дениз Барут ҳам томошабинлар билан учрашади.
Кино намойишлари 26 сентябр куни режиссёр Тунч Давутнинг «Kesilmiş Bir Ağaç Gibi» фильми билан бошланади. Али Ипин, Фейёз Думан ва Селен Куртаран бош ролларни ижро этган мазкур картина 99-«Оскар» мукофотининг «Энг яхши халқаро фильм» номинациясида Туркиянинг расмий номзоди сифатида танланган.
27 сентябр куни режиссёр Юксел Аксуннинг «Bak Postacı Geliyor» фильми намойиш этилади. Ўтган асрнинг 1950-йилларида Эгей минтақасидаги кичик шаҳарчада кечадиган воқеалар асосида яратилган фильмда поштальон Османнинг Гулизарга етишиш йўлидаги кураши ҳикоя қилинади. Бош ролларни Дениз Барут ва Озан Акбаба ижро этган.
28 сентябр куни эса режиссёрлар Иброҳим Буюкака ва Эмраҳ Агушнинг «Mutluyuz mu?» фильми томошабинлар эътиборига ҳавола этилади. Фильмда бош ролларни Иброҳим Буюкак ва Ясемин Сакаллиоғлу ижро этган.
«Турк киноси кунлари» 29 сентябр куни режиссёрлар Эмре Карайел ва Лейла Яманнинг «Dedektif Reptır» анимацион фильми намойиши билан якунланади. Асарда сирли воқеаларга ойдинлик киритишга ҳаракат қилаётган Детектив Рептир ва унинг жамоаси бошидан кечирадиган саргузаштлар ҳикоя қилинади.
Беш кун мобайнида Тошкент турк киноси, унинг замонавий тенденциялари ва таниқли ижодкорлари билан яқиндан танишиш имконини беради. Мазкур маданий тадбир Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги тарихий дўстлик ва маданий алоқаларни санъат орқали янада бойитишга хизмат қилиши кўзда тутилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter