Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда 60 мингдан зиёд волонтёр борлиги ҳақида билармидингиз?

Ўзбекистонда 60 мингдан зиёд волонтёр борлиги ҳақида билармидингиз?

Жамиятда турли кутилмаган масалалар рўй бериши табиий ҳол. Бироқ афсуски, давлат ҳар бир ҳолатга индивидуал ёндоша олмаслиги мумкин. Шу боис волонтёрлар шу каби ҳолатларда давлат учун яқин кўмакчига айлана олади. Бунинг учун волонтёрлар учун тегишли шароит яратиш, таъбир жоиз бўлса, бошини бириктириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш муҳим аҳамият касб этади. Бу қандай амалга оширилади?

Ҳар қандай ҳаракат ва ташаббусларни ривожлантириш учун унинг қонуний асослари яратилиши керак. Шу боис 2019 йил 2 декабрда «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги қонун қабул қилинган эди. 2023 йил 18 августда ушбу қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, соҳадаги ваколатли давлат органи этиб — Ёшлар ишлари агентлиги белгиланди.

Агентлик қуйидаги вазифаларни ўз гарданига олган:

  • соҳада давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
  • қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади.

Ушбу ваколатлар волонтёрликни ривожлантириш, имкониятларни кенгайтириш, волонтёрларни рағбатлантириш, турли масалалар бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиб, амалга оширишга хизмат қилади.

Ёшлар марказларида ташкил этилган «Волонтёрлар мактаби»да 10,2 минг нафар ёш волонтёр ўқитилди. Ушбу волонтёрлар томонидан 50 мингдан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган ва кам таъминланган ҳамда ёлғиз қариялари мавжуд оилаларга ижтимоий лойиҳалар орқали кўмаклашилди.

2020 йилда Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси ташкил қилинган. Ҳозирда жами 61 минг нафар ёшни қамраб олган 99 та доимий фаолият юритадиган волонтёрлик гуруҳлари фаолият кўрсатяпти.

Волонтёрлик — французча volontaire сўзидан олинган бўлиб, «кўнгилли», «ўз хоҳишига кўра иш қилувчи», деган маънони англатади. Соддароқ айтганда, ҳар қандай масала бўйича беминнат хизмат қиладиган, атрофдаги инсонларга, жамиятга астойдил ва ҳеч қандай моддий манфаатларсиз ёрдам берувчилар — волонтёр деб аталади.

Масалан, коронавирус пандемияси даврида, айниқса, волонтёрлар яққол кўзга ташланди. Улар дори-дармонлар ва хайрия маблағларини етказишда фаол меҳнат қилдилар. Энг қийин пайтларда улар халқ хизматига шай турди, волонтёрлар гуруҳлари пайдо бўлиб, «Хавфсиз ёрдам», «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати, «Сардоба сари саховат карвони» каби хайрия акцияларида фаол иштирок этишди. Бу эса Ўзбекистонда волонтёрлик ҳаракати ўзининг муҳим босқичига кўтарилганини кўрсатди.

Хусусан:

  • 870 нафар волонтёрлар «Call-марказ»ларда аҳоли мурожаатларини қабул қилишга;
  • 7 500 нафардан ортиқ ёшлар хайрия маҳсулотларини қабул қилиб олиш ва мурожаат сонидан келиб чиқиб қадоқлашга;
  • 2 200 нафардан ортиқ ёшлар 500 га яқин бириктирилган автомашиналарда маҳсулотлар тўпламини марказларга мурожаат қилган хонадонларга етказиб беришга кўмаклашди.

Бундан ташқари, Бухоро вилояти Олот ва Қоракўл туманларида юз берган табиий офат, Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори тошқинидан талафот кўрган аҳолига кўмак кўрсатишда ҳам 1 000 нафарга яқин волонтёрлар фаол иштирок этди.

Президент томонидан уларнинг эзгу ҳаракатлари юқори баҳоланиб, 400 нафарга яқин волонтёрлар «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг