Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сергелидаги портлашда кўрилган зарар миқдори расман эълон қилинди

Сергелидаги портлашда кўрилган зарар миқдори расман эълон қилинди

Ҳукумат комиссиясининг Тошкент шаҳридаги омборхонада содир бўлган портлаш натижасида кўрилган талофатни бартараф этиш ҳамда жабрланганларга ёрдам кўрсатишга доир ахбороти эълон қилинди.

Қайд этилишча, пойтахтнинг Сергели туманида жойлашган «Interlogistics» МЧЖ ҳудудидаги омборхонада содир бўлган ёнғин ва портлаш оқибатида жами 163 нафар киши жабрланган. Уларнинг 150 нафари енгил ва 13 нафари оғир тан жароҳати олган. Бир нафар вояга етмаган фуқаро вафот этган.

Жароҳат олганларнинг 24 нафари шифохонага ётқизилиб, уларга тегишли тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилган. Қолган 138 нафари амбулатор даволанишга юборилган. Ҳозирда жароҳатланган барча фуқароларнинг саломатлиги тикланиб, уйига рухсат берилган.

Фавқулодда вазият оқибатида 39 та кўп қаватли уйлардаги 1 370 та хонадон ҳамда 246 та ерли хонадоннинг фасад, ойна-ром, эшик ва том қисмига зиён етказилган ва умумий зарар миқдори 14,5 млрд сўмни ташкил этмоқда.

Фавқулодда вазият натижасида ҳудуддаги 305-сон умумтаълим мактаби (1 250 ўринли) ва 600-сон боғчанинг (720 ўринли) дераза-ромлари, эшик ва фасад қисмига зарар етган.

Ҳозирда ушбу объектларга пудрат ташкилоти бириктирилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ИИВ Тергов департаменти томонидан мазкур ҳолат ортидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилгани ҳамда жиноий иш доирасида 4 киши қамоққа олиниб, яна бир кишига нисбатан «гаров» эҳтиёт чораси қўлланилгани айтилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг