Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

«Тез тиббий ёрдам»да ишлаш осонми: тиғиз пайт, раҳмат ва калтаклар, тирбандлик ва бошқалар ҳақида

«Тез тиббий ёрдам»да ишлаш осонми: тиғиз пайт, раҳмат ва калтаклар, тирбандлик ва бошқалар ҳақида

Фото: Xabar.uz

«Xabar.uz» мухбири тиббий бригада билан навбатчиликда бўлди.

Аномал иссиқ Самарқандда ҳам ўз кучини кўрсатди. Жазирама кунларда «масжидда кимдир ҳушидан кетибди», «бозорда биров йиқилиб қолибди» деган гаплар қулоққа чалинди. Шунда, Республика «Тез тиббий ёрдам» маркази Самарқанд вилояти филиали маъмуриятига боғландик.

«Кўп ҳолларда ҳушдан кетганда «тез ёрдам» чақиришмайди, сув сепиб ёки новшатир спирт билан ўзига келтириб олишади. Лекин, бундай кишиларнинг аксариятида сурункали касаллиги бўлади. Об-ҳаво ва бошқа омиллар натижасида сутканинг турли вақтларида ҳам қўзғалаверади. Сиз истаган пайтингизда ходимларимиз билан бирга чиқишингиз мумкин» дейишди.

Тиғиз пайт

«Тез ёрдам»даги  тиғиз пайт оқшом ҳисобланади. Аниқроғи, соат 18 лардан ярим тунгача «тез ёрдам»чиларнинг ҳолини кўрмабсиз — чақириқ устига чақириқ. «Xabar.uz» навбатчиликда иштирок этиш учун айнан шу паллани танлади. Нега айнан бу соатларда чақириқлар кўпаяди? «Тез тиббий ёрдам» маркази Самарқанд филиали бош врачи ўринбосари Бекзод Собиров саволимизга шундай изоҳ беради.

— Тиғизлик чўққига чиққан пайт 21-22 лар оралиғи. Сабаб бу пайтда ишлайдиганлар ишдан қайтган, бошқалар ҳам анчайин бўшашган ва қорнини тўйдирган бўлади. Қолаверса, куннинг тунга алмашинув вақти ва оч қориннинг тўлдирилиши билан организмда ўзига хос ўзгариш бўлади. Бу пайтда асосан қон босими кўтарилади. Бундан ташқари, оқшомда поликлиникалар ёпилган, уларга мурожаат қилиш  имконсиз, дейди у.

Чақириқлар нисбатан камайган соатлар эса тунги 2 дан 7 лар оралиғига тўғри келаркан. Шикоятларнинг асосий қисми ҳам тиғиз пайти билан боғлиқ.

—Дейлик, 10 та мурожаатдан 2 тасида миннатдорчилик билдиришса, қолган 8 тасида шикоят билан «сийлашади» — сўзини давом эттиради Бекзод. — Шикоятларнинг асосий мазмуни «Кеч келдингиз». Станциямизда бир вақтнинг ўзида 20 та бригада ишлаяпти. Ҳар бир чақириқни бажаришда камида 40 дақиқа вақт кетади. Ўша 40 дақиқа ичида бизларга 20 та эмас, камида 60, 70 ёки 80 та чақириқ тушади. Шунинг ҳисобига биринчи чақириқда бўлган бригада, борган жойида ишини ташлаб иккинчи манзилга ўтолмайди.

Суҳбатдошимиз «40 дақиқа» ибораси минимал ҳисоблагандаги меъёр эканини таъкидлайди. У бемор транспортировка қилинса, жараён бир ярим соатгача чўзилишини уқтиради.  

Шунда сизлардаги куч реал эмасми?

— Бизда бригада аҳоли сонига қараб белгиланади. Ҳар 13 минг аҳолига битта бригада тўғри келиши — бу стандарт. Самарқанд шаҳрининг аҳолиси 500 мингдан сал ошади. Шунга мослаб 43 та бригада ишлайди, – қайд этади бош врач ўринбосари.

«Тез тиббий ёрдам»нинг тез етиб бориши уларга берилган машина ва йўлларнинг ҳолатига ҳам боғлиқлиги ҳақида фикрлашаётган эдик, чақиришди. «Бригадангиз йўлга чиқаяпти!». Қолган саволлар борасида чақириқлар оралиғида, йўл-йўлакай гаплашадиган бўлдик.

«Қўрқманг, биз ёнингиздамиз» 

Шундай қилиб, шифокор Зокир Иброҳимов, ҳамшира Нилуфар Абдусаломова, ҳайдовчи Абдураҳмон Абдуллаев учлигидан иборат тиббий бригадага яна бир ҳамроҳ қўшилди. «Журналист опа, қани, кетдик!»

Сартепа массиви, **-уй, 5-қаватдаги хонадон. Квартира эшиги очиқ эди. Ёши улуғроқ аёл тўшакда ётарди.

— Далениям баланд.

— Ўлчадингизми?

— Ҳа. Ўзи, ишчи давлениям 115-120га 75 бўларди. Кейин, икки йилдан буён аритмия пайдо бўлган. Бугун ҳам юрагим кўп ураяпти, свет ўчди-ку, шундай иссиқ бўлиб кетди. Юз-қўлларимни ювдим, давлениям чиқиб кетмасин деб. Барибир, кўтарилди-да. Свет икки соатча бўлмади, бу ер 5 этаж-ку, ёниб кетади.

Врач қон босимини ўлчайди: 160 га 100.

— Аритмиянгиз ҳозир қўзғагани йўқ. Қон босимингиз озгина кўтарилган, бироз ҳаяжонланганингиз ёки об-ҳаво таъсирида кўтарилгандир.

— Доримни эртароқ бўлса ҳам ичдим.

— Қанақа дори?

— Лизинокор. Аслида соат 8 да (20 да) ичишим керак эди. Духтиримга қўнғироқ қилиб қон босимим ошаётганини айтдим, улар ҳозир ичинг дедилар. Беш яримлар эди. Лекин тушмади.

— Ҳозир папаверин, дибазол қиламиз сизга. Кейин битта анальгин ва димедрол ҳам.  

Аёл анальгин, димедролни истамайди, аллергияси борлигини айтади.

— Мен қўрқоқман-да жоним.

— Қўрманг хола, биз шу ердамиз.

Рад этилган дорилар ўрнига корвалол бериладиган бўлди.

Ҳамшира шу гапдан кейин, чаққонлик билан шприцга дорини тортади... Аёл «Қўлингиз енгил экан, сезмай қолдим» деб алқайди.

Бемор аёл 68 ёшда, бир умр ўқитувчилик қилган, касбини севган. Иш жойи, фани ҳақида сўралганда кўзлари ярқираб кетгандек бўлди, бошини секин ёстиқдан кўтарди. Унинг ота-онаси, авлодида қон босими ошиши ҳеч қачон кузатилмаганини таъкидлайди. Поликлиникада кундузги стационарда томчи дори олаётган экан. Гўштли овқат ейишини, лекин озиб кетаётганини айтади. Дорининг таъсирини кутиш ва қайтадан қон босимини ўлчаш учун ҳали вақт бор эди.

Икки хонали мўъжазгина, озода хонадон. «Опамникига ҳовлига борсам, 4-5 кун тураман, у ерда ҳеч касал бўлмайман... » дейди аёл самимият билан. «Фарзандларингиз борми» деб сўролмайман. Фарзандини мангуга йўқотган ёки оила қурмагани сабаб ўғил-қизи бўлмаган, бўлганида ҳам болалари узоқда ишлаётгани учун ёғлиз қолаётган ота-оналар кам эмас экан (навбатчиликнинг журналист ҳамроҳлигидаги қисми натижаси: 8 та чақирувда беморларнинг 3 таси ёлғиз, ёнида бирор яқини бўлмаган ҳолатда эди).

Қайтадан текширилди, қон босими меъёрга кела бошлаган эди...

Сирена: «Йўл беринг, йўл беринг!»

Пастга тушдик ҳамки, врачнинг қўлидаги планшетда янги чақирув пайдо бўлди. Биз турган жойга нисбатан яқинроқ бўлган (яқинроқ дегани ҳам 8-10 чақиримча) БАМ деб аталувчи ҳудуддан мурожаат бўлган. 87 ёшли отахонга чақиришган. Икки қатордан, жами тўрт қатор кенгликдаги йўлда тирбандлик. Камига ана шу йўл четида машиналар қолдирилган. Шағал ёки тупроқ уюлган жойлар ҳам бор.

«Виу, виу... » Сирена йўл беришни сўрайди. Бир қора Жентра ўзи четга ўтиб йўлни бизга очиб берганди, бошқаси ғизиллаб олдимизга ўтиб олди...

«Йўл-йўлакай суҳбатлар»дан

Бекзод Собиров, бош врач ўринбосари: «Ўтган йил сентябрь ойида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитига хизмат қилиш учун Самарқандга 30 та «Ford» реанимобиллари келтирилганди. Тадбирлар тугагач, энг сўнгги тиббий технологиялари билан жиҳозланган амбуланслар Самарқандда қолдирилди. Кечикишлар содир бўлса, бу машиналар билан боғлиқ ҳолат эмас. Бироқ, йўлларимиздаги тирбандлик ишимизга таъсир қилмай қолмайди. Оқшомлари темирйўл вокзалининг нариги томонига ўтиб кўрганмисиз? Йўли тор, бир қаторли, ҳаммаси бўлиб иккита машина сиғадиган йўл. Шаҳардан чиқадиган барча транспорт одатда шу йўлдан юради. Бугундаги тез тиббий ёрдам беморларини қабул қилиб келган «Хаваси» шифохонасига ёпилаяпти. Унинг ўрнида эрта-индин Қорасувдаги янги «Тез ёрдам» касалхонаси иш бошлаш арафасида. Қорасувга Микрарайон ёки Самарқанд туманидан юқорида айтилган бир қаторли йўл орқали борилади.

Тўғри, янги йўл қурилиши ҳақида гапирилаяпти. Аммо қачон? Аслида шифохона қурилаётганда параллел тарзда янги йўлга ҳам киришиш керак эди».

...Дарахт остида ўтириб бизни кутаётган йигит «Тез ёрдам»ни кўриб ўрнидан турди. Ҳовли салқинлатиб сув сепилган, чорпоядаги кичрайибгина қолган чол саломга дадил овозда алик олди. Қизи тушунтирган бўлди.

— Бобо боши айланиб туролмаяпти бугун. Ҳожатга ҳам боролмай, ўтириб қолаяпти. Қон босими тушдими, чиқдими билмадик.

Отахон эса «қаричилик-да» деб қўя қолади аввалига. Шифокор отахоннинг ёнида ўтириб уни гапга солади. Терисида қичиш бор экан. Ундан кейин, тўрт йил муқаддам жарроҳлик амалиёти ўтагандан сўнг сийдиги табиий ҳолда эмас, қорин қисмида ўрнатилган найча орқали чиқади. Қон босими меъёрда экан. Шу жойнинг ўзида субрастин ва натрий тиосульфат дорилари юборилди. Шифокор Ибрагимов эртага тор мутахассисликдаги врачларга учрашиш ва даволаниш зарурлигини ўғлига қайта-қайта тайинлайди.

«Қўлимга тушсин ўша врачинг... »

Қайтсак, станция биносига кираверишда, коридорда қий-чув. 30 ёшлар атрофидаги йигит «Топиб беринглар ўша врачни» деб бақириб-чақираяпти.

Англашилишича, йигитнинг онасига тез тиббий ёрдам машинаси кечикмай етиб борган. Биринчи ёрдам кўрсатилган. Қонида қанд миқдори меъёрдан анча юқори бўлган беморни Самарқанд шаҳар марказий шифохонасига олиб боришган. Бу шифохона онахонни қабул қилмаган, ҳамширанинг айтишича, юқумли касалликлар шифохонасига олиб боришни тавсия қилишган.

Бемор ҳам, қизи ҳам бунга рози бўлмаган, қизи билан келишилган ҳолда уйига қайтиб олиб кетишган. Аёлнинг ўғли қандайдир вақтдан кейин Тошкентдан қайтгач, «Тез тиббий ёрдам» хизмати станциясига келиб жанжал қилаяпти.

«Сизлар билан ишим йўқ, ўша борган врачни топиб беринглар» дерди у ўрлик билан. Сўралган шифокор эса навбатдаги чақириқда. Йигитнинг даъвоси «Нега мени кутмади, Тошкентдан келаётган эдим-ку. Нега касални ҳовлига қолдириб кетган?»

Беморнинг хонага киритиб қўйилмагани асосий эътироздек янграрди. Хизмат қилган бригада ҳамшираси айтишича, бемор аёл тоза ҳавода қолишни истаган, қизи шу ерда қолдиринглар деган...

«Xabar.uz» «Тез ёрдам»га ҳамроҳлик қилган кун —27 июлдан Самарқанд шаҳридаги, халқ орасида Хаваси деб аталувчи, Тез тиббий ёрдам хизматига ихтисослашган шифохонада бемор қабул қилинмади. Янги шифохона эса ҳали ишга тушмаган. Шу сабабдан беморлар шаҳардаги бошқа шифохоналарга олиб борилган.  

«Йўл-йўлакай суҳбатлар» дан

Фазлиддин Шукуров, шифокор: «Тиббий ходимларга қўл кўтариш ҳоллари ҳамон учрамоқда. Ҳатто врач ёки фельдшерга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар учун ҳам калтаклашади.

Сўнгги воқеа, куни кеча Ургутнинг Жартепасида содир бўлди. Бригада мурожаатга вақтига бориб ёрдам бериб қайтгандан 4 соат ўтиб беморнинг ўғли ичиб келиб тиббий ходимни уриб жароҳат етказган.

Фельдшер Акбар Пардаев ҳозир шифохонада ётибди. Унга чап юз, бўйин, кўкрак ва бош қисми юмшоқ тўқималари лати, бош мия чайқалиши ташхиси қўйилган. Тишлари ҳам синдирилган. Далил сифатида планшетда ёзилган муолажалар кўрсатилаётганда планшетни ҳам чилпарчин қилган».

Тиббиёт дарсидек гўё

Соат 20:30. Рудакий хх манзилига чақириқ бўлди. Оёғини шиша кесган йигит мурожаат қилган.

Йигит 28 ёшда. Ижара уйда ошпазлик қилиб, етказиб бериш хизмати орқали савдо қиларкан. Айтишича, ҳаммомда ойнани алмаштираётганда, ойна тушиб кетиб чап оёғини жароҳатлаган. Оёғи юзасида оққан қон қотиб қолган. Боши айланаётган, кўнгли кўтарилаётган экан. Шифокор аввало беморнинг қон босимини ўлчади. Бунда муаммо йўқ экан. Сўнг, қайнатиб совутилган илиқроқ сув ва тоғорача сўрайди.

— Қоп-қора қон кетди, бир ярим косача. Нега бунча қора? Ўзи қондан қўрқаман. Кейин ухлаб қолибман. Ярим соатлардан кейин турсам бошим айланаяпти. Ўзи, жигарнинг рангидек қора қон хавфли эмасми?

— Шиша бўлаги бирор уруш-жанжал вақтида учиб келиб тушмадими?

— Йўғ-э, ваннага кириб кўринг...

Қўлпоқ кийган врач йигитчанинг оёғини обдон ювади. Кейин спирт билан ишлов беради. «Танада шиша парчаси қолмаган, енгил жароҳат бу, хотиржам бўлинг». Малҳам суртиб, ярани бинт билан ўрайди. Жароҳатга вақтида малҳам билан ишлов беришни қаттиқ тайинлайди. Бемор эса жароҳатдан оққан қоннинг рангидан хавотирини яна айтади.

— Оёқ веналари юзада жойлашган. Кислородсиз, яъни таркибида карбонат ангидрид бўлгани сабабли вена қони қора бўлади. Қон артериядан оқса қип-қизил, оч пушти рангда бўлади — тушунтиради врач. Нилуфар эса буюрилган иньекцияни қилади.

«Йўл-йўлакай суҳбатлар»дан

Зокир Ибрагимов, шифокор: «Чақириқлар оқшомда кўпайгани билан, дард, ўлим ёки бошқа фавқулотда ҳолатлар вақтни танлаб ўтирмайди. Бугун кундузи соат 2 да иш бошлаганмиз. Келгунингизча ҳам бир неча манзилда биринчи ёрдам кўрсатиб бўлгандик.

Тиббиёт ожиз бўлган ҳолатлар ҳам кам эмас. Бугун кўз ўнгимизда жон таслим этган аёл етмишдан ошган. Бир неча сурункали касалликлари бўлган. Гарчи кириб борганимизда, аёл ҳали гапириб турган бўлса ҳам, у яқин вақтларда кўз юмиши сезиларди.

Бахтимизга бугунги онахоннинг қизлари врач экан. Вазиятни сокин ва оғир-вазминлик билан қабул қилди, атрофдагиларни ҳам шунга ундади.

Ўзи умри тугаётган одамнинг белгилари бўлади. Лекин фарзандлар ҳамма вақт ҳам буни тан олмайдилар. Гоҳо, сўнгги дақиқаларини яшаётган беморни шифохонага олиб боришни талаб қилишади. Кейин қабул бўлимида, лифтда, машинада, ҳар қандай жойда, инсон жони узилгани қайд этилган ҳоллар бор...

Уйда қолганда, гоҳо энг яхши ҳолатда биз қилган уколлар ярим соат, борингки, бир соат умрини узайтириши мумкин. Яқинлари айрилиқни олдиндан билганда ўзини йўқотиб қўядиганлари бор. Шунда бемор қолиб улар билан ишлаймиз. Тиловат қилишни, рози-ризочилик сўрашни маслаҳат берамиз.

Баъзан отахон-онахонлар сўнгги дақиқасида кимгадир илҳақдек туюлаверади. Ўзаро гапларидан англаймиз — ўғли (қизи) неча йилдан бери фалон мамлакатда. Одамлар мажбурликдан четга ишлаяпмиз десалар тушунгандек бўламан. Лекин, саройдек ҳовлида кўз юмаётган отанинг тўрт ўғлидан бирортаси ёнида бўлмаганига ҳам гувоҳ бўлдик. Бу сал аввалроқ бўлган воқеа. Шунда ҳам ўзимизни совуққонликка солиб, ишимизни бажариб чиқиб кетамиз. Ёки дейлик, изоляторга бориб 3 та фарзанди қотилига айланган отанинг ярасига ишлов берган врач унга нафратини билдиришга ҳаққи йўқ. Беморга фақат бемор деб қараш бурчимиз. Лекин, шу врач уйига бориб тинч ухлашига ишонасизми? Келгуси ҳафтадан таътилга чиқмоқчиман. Аёлим ҳам шифокор. Биз асли Китобданмиз. Насиб бўлса, таътилни оилавий Китобда ўтказамиз».

Махсус бригада

Станциядаги қайтиб энди хонага кирган ҳам эдикки, янги чақирув. Беморнинг қон босими кўтарилиб кетаяпти! Йўлларда ҳамон тирбандлик. Боядан бери кузатганим йўлда иккита «Тез тиббий» ёрдам машинаси дуч келиб қолса, енгилгина сингал бериб ўтишади. «Қалайсизлар?» дегандек. Лекин, бу гал ойналарига ажабтовур қилиб ичкаридан тўрсим тутилган «Дамас» сингал бериб бурилиб кетди.

Олд ойнасидан кўриниб турибди —улар ҳам «Тез ёрдам» деган ёзувли кийимдаги келбатли-келбатли йигитлар. Қизиқиб суриштирдим. Бу руҳий касалликлар хуружида борадиган махсус бригада экан. Мен ана шу бригада билан бормоқчи эканимни айтдим. «Опа, эътибор бердингизми, жамоада фақат эркаклар ва улар махсус тайёргарлиги бор ходимлар! Уларнинг беморлари кўпинча агрессив кайфиятда, қўлида пичоқ билан кутиб олиши эҳтимоли ҳам бор» дея тушунтиришди.  

«Йўл йўлакай суҳбатлар»дан

Наримон Мамутов, реаниматолог врач: «Биз реаниматология бригадаси ҳисобланамиз. Энг тезкор ёрдамларга борамиз. Неча кунки, бир онахон айни тиғиз пайтда ваҳима қилиб чақиради ва даволаниш доирасидаги уколини қилдириб олади. Ваҳоланки, поликлиникада навбатчи ходимлар соат 8 гача ишлаши, режали даволанишларни улар амалга ошириши керак. Онахон 7-оилавий поликлиникага қарашли ҳудудда яшайди. Биз, фавқулотда ҳолатларда, нафас қисганда, қон босими кўтарилиб кетганда, қон кетганда ёки шунга ўхшаш тезкор ҳолатлар учун доим тайёрмиз. Ҳамма ўз вазифасини бажариши керак. Бутун бошли команда битта уколни қилиш учун ҳар куни шунча йўлга бориб қайтганда, «Тез ёрдам» хизматига ҳақиқатан муҳтож бемор шифокорни кутиб ҳаётга имконни йўқотиши мумкин».

Планшетдаги ва планшетдан ташқари манзиллар

Республика «Тез тиббий ёрдам» маркази Самарқанд вилоят филиалининг 3-станцияси асосан кўп қаватли уйлар бўлган ҳудудга хизмат қилади. Кейинги чақириқларда ҳам кетма-кет юқори қаватларга чиқаверамиз, тушаверамиз. Қизиғи, бригада ҳар гал манзилни ҳеч кимдан сўрамасдан ва девор, эшиклардаги ҳеч бир ёзув, рақамга қарамасдан кириб боради.

Охири сўрадим: «Булар доимо келадиган беморларданми, адашмасдан кириб бораяпмиз?» «Планшетда навигатор кўрсатиб туради. Лекин, бу гап ҳозирча фақат кўп қаватли уйларга тегишли» дейди врач.

Беморлардан бирининг қон босими ва юрагида меъёрий кўрсаткичлар бараварига кўтарилган. Биринчи ёрдам кўрсатилди, аҳволи ўнгланди. Аммо яқин кунларда бемор таҳлиллар орқали чуқур ўрганилиши ва махсус мутахассис шифокорлар кўригидан ўтиши қатъий айтилди.

Кейинги манзилдаги бемор тўрт йил аввал автоҳалокатга учраган. Бошидан олган жароҳати ҳамон бутун тана мувозанатига таъсир қилади. Бугун дўконларни айланган аёл оқшомда юраги қаттиқ уриб, қўллари шалвираётганида қўрқиб «103» га қўнғироқ қилган. Тезкор муолажалардан кейин қон босими тушди, тинчланди. Яна битта ҳолатда беморнинг аъзойи бадани қақшаб оғриётгани билан мурожаат бўлди. Оғриқ қолдирувчи ва тинчлантирувчи «укол»лар. Эртга кенг қамровли текширишга тавсия.

«Йўл йўлакай суҳбатлар»дан

Ирода Тўхтаева, фельдшер: «Гоҳида планшетда қайд этилмаган ва хаёлимизга келмаган манзилларга хизмат кўрсатамиз. Масалан, ўтган навбатчилигимизда чақириқдан қайтаётган эдик, Ўзбеккенти қишлоғида ёмон автоҳалокат устидан чиқдик. Иккита енгил машина тўқнашган. Дарров амбулансдан тушдик. «Тез ёрдам»га чақириқ берилган, лекин, бригада ҳали етиб келмаган экан. Бундай ҳолатда биз тезкор ёрдам беришимиз керак... Рулда кўкрак қафаси қисилган ҳайдовчи ва оёғи синган йўловчига биринчи ёрдам кўрсатиб тез ёрдам машинасига олдик. Бу вақтда чақирилган бригада етиб борди ва яна бир жароҳат олган кишини шифохонага етказиш уларга қолди. Ҳар қадамимда катта фельдшер Шоҳида Каримованинг маслаҳатлари менга қўл келади».

«Менга бошқа бригада керакмас!»

Соат 23 лардан ўтиб кўчаларда тирбандлик йўқолган пайтда станцияга қайтик. Энди бафуржа суҳбатлашишга имкон бўлса керак деб турганимда, махсус чақириқ, дейишди. «Айнан мана шу бригадани сўрашаяпти...».

Камтарона, аммо файзли мўъжазгина ҳовлига кириб борар эканмиз, сочлари оппоқ  озарбайжон онахон Нилуфарни қучоқ очиб кутиб олади. Хонадондаги бошқа аёллар ҳам. Онахоннинг исм шарифи Серамуш Бакунц экан. 84 ёшда. У ковиднинг энг оғир кўриниши билан оғриганини эслади. «Ўшанда мени Ковид марказига боришга кўндирган, тузалишимга ишонтирган, у ерга ўзи олиб бориб, ҳеч иккиланмасдан мени ичкарига ўзи олиб кирган шу Нилуфар эди» дейди онахон.

Шундан буён, қарийб тўрт йилки, аёл Нилуфарнинг навбатчилик кунини кутиб яшаркан. Чақирганда, келолмаса, тоби қочиб ётиб қоларкан. «Тез ёрдам»нинг бошқа бригадаси келганда, онам уларни ичкарига киритма деб инжиқлик қилаверади» дейди аёлнинг ўғли.

«Йўл-йўлакай суҳбатлар»дан

Нилуфар Абдусаломова, ҳамшира: «Тез тиббий ёрдам» хизматида иш бошлаганимга 25 йил бўлди. Ишимни жуда яхши кўраман. Шунчаки ўз бурчингни бажарганингда, уни яхшилик сифатида қадрлаган инсонлар борлиги менга куч беради. Ишимиз орқали одамларнинг яхши кунларига ҳам, ёмон кунларига ҳам борамиз. Яхши куни деганда концертлар, турли байрам табдирлари, спорт мусобақаларидаги навбатчиликни назарда тутаяпман. Шу баҳонада ўзимиз ҳам концерт-томошаларни кўрамиз, куй-қўшиқ ёки даврадаги кайфиятдан яйраймиз. Очиғи, ўзим билет олиб концертга киришга ҳозирча имконим ҳам, вақтим ҳам бўлмаган.

Ишга Тайлоқ туманидан қатнайман. Қайнота-қайнонали файзли оила келиниман. Улар қўллашмаганда мен ишлай олмас эдим. Бугунда уч ўғлимнинг бари олий таълим даргоҳи талабаси. Уларнинг иккитаси шартнома билан ўқийди. Мен маошимни тўплаб-тўплаб уларнинг шартномасига ўтказаман. Дадамиз рўзғорни бажарадилар...»

Ёр-ёр, салют ва оғир бемор

Шошилинч  тиббий ёрдам ишидаги тиғизлик бироз чекина бошлаётганда яна Сартепа массивига чақириқ бўлди. «Ford» дан тушганимизда кўчада «Ёр-ёр» айтиб келаётган гуруҳга дуч келдик. Қайсидир хонадонга келин тушаяпти. Бошловчи бор овози билан айтаверади:

Янгамсану, янгамсан...

20-30 чоғли бўз бола буёғига жўр бўлаверади:

Ёр-Ёр-Ёрон-е,

Келин ичида бўлган машина ҳам ёр-ёрга мос равишда «би-биб»лайверади. Бир қарашда Самарқандга хос гўзал манзара. Лекин... Соатга қарайман - 0:27.

Хонадонга кираётганимизда ҳудудни кетма-кет салёт овози тутади.

Беморнинг аҳволини яхши деб бўлмасди. 60 ёшли аёлнинг қон босими 180 га 110, ҳарорати эса 35 даража. Эрталаб ва туш пайтида ҳам «Тез ёрдам» чақирилган. Уколлардан кейин бироз вақт қон босими тушгану, яна чиқавераяпти экан.

«Титраш, совуқ қотиш ҳоллари бўлаяпти, бошлари айланаяпти» тушунтиради қизи.

Маълум бўлишича, ўтган кунда бироз ўзини шамоллаган деб ҳис қилганда, аёл ҳам цинепар (!), ҳам парацитамол ичган. Биринчи навбатда беморнинг қон босимини тушириш ҳаракати бўлди. Ҳароратини кўтариш учун эса оёғи остига иссиқ сувли баклашка қўйилди.

Шу орада ҳамшира, бригада чақирув жойида бўлганини тасдиқловчи имзо қўйиши учун дафтарини беморнинг қизига узатди. У силтаб берди: «Аввал ишларингизни қилиб олинглар, кейин...» Дорилардан кейин натижани кутиб,бекор ўтирардик...  

Қизининг айтишича, яқинда беморнинг фарзандлари ва набиралари оилавий шамоллашган, иситмалари чиққан. Шунда она уларга иситма туширувчи турли дамламалар тайёрлаб берган. «Бизлар ичмаганда, ўзлари ҳаммасини ичган-да» дейди қиз.

«Цинепар тақиқланганини билмайсизми?» сўрайман ундан.

 «Ман цинепарни бир ойдан бери ичаман, тиш оғриғини қолдириш учун. Бир кунда учтаям ичаман» (!)

Қон босими тушгани 160 бўлди, ҳарорат 35 яримдан ошмади... Онани шифохонага олиб бориш ҳақида айтилди. Беш қаватли бинода лифт йўқ, беморни бир томондан врач, бошқа томондан ўғли қўлтиқлаб зинадан туширишди. Нилуфар дори-дармонли улкан сумкани кўтариб келарди.

Кўп тармоқли вилоят шифохонаси қабулхонаси кўригига фақат врачни киритишди. Нилуфар билан коридорда қолдик. Энди эътибор бердим. Унинг оёқлари шишган эди. Бригада қарийб 12 соатдан буён деярли тик оёқда эди.  

«Йўл-йўлакай суҳбатлар»

Нилуфар Абдусаломова, ҳамшира: «Транспортировка олдидан уй эгаларида одатда ҳовлиқишади. Бу тиббий ходимлар ишига ҳам таъсир қилади. Шунинг учун йўлга тараддуд бўлмасидан имзо қўйдириб олишга ҳаракат қиламиз. Имзо ёки бошқа ҳолат билан чалғиб беморни эътиборсиз қолдириш, уни шифохонага етказишда хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Умуман хато қилишга ҳаққимиз йўқ.

Ўзи биттагина укам бор эди. Ота онамнинг тўрт қиздан кейин топган ягона ўғли эди. Икки йил бўлди, 41 ёшида оламдан ўтди. Нимадан денг. Муздек сув ичганидан бироз шамоллаганда ҳамширага борибди — ёши катта ҳамшира, кунига ўнталаб кишига укол қилиб турган ҳамшира. Мен ўша куни ишда эдим. Укам цефтриаксон антибиотиги синовсиз қилингани натижасида нобуд бўлди».

Гурсиллаб юрган, шижоати бошқаларга ҳам куч бериб турган Нилуфарнинг икки кўзи жиққа ёшга тўлган эди...

Соат тунги 2:00. Боягина ғала-ғовурли, тирбанд ҳудуд сукутга чўккан. Атрофдаги «дом»ларда деярли ҳамма ухлаяпти. Зеро, деразалардан энди ёруғлик сизмаяпти. Фақат «Тез тиббий ёрдам» станциясида жамоа уйғоқ...  

Мустаҳкам Тангриёрова

«Xabar.uz» маълумот тўплашга имкон берган Республика «Тез тиббий ёрдам» Маркази Самарқанд бўлими маъмуриятига миннатдорчилик билдиради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг