Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Конституцияга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси матни эълон қилинди

Конституцияга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси матни эълон қилинди

Хабарингиз бор, ОАВ ва блогерлар томонидан Ўзбекистон Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчиликка бирор марта эълон қилинмасдан, ҳаттоки кичик хабари ҳам берилмасдан Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилингани, кейинчалик Сенат Ялпи мажлисига киритилганига эътирозлар билдирилган эди.

Эътирозлардан сўнг, Сенат Ялпи мажлиси кун тартибидан бу масала чиқариб ташланди. Бугун эса Сенат сайтида қонун лойиҳасининг тўлиқ матни эълон қилинди.

Аслида бу ишни Қонунчилик палатаси қилиши керак эди. Қонунчиликда Сенат томонидан қонун лойиҳалари матни эълон қилиниши ҳақида бирорта банд йўқ. Аммо «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддасида биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасининг матни, қоида тариқасида, Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилиниши айтилган.

Қонунчилик палатаси 24 ноябрда қабул қилган қонуни ҳақида ҳеч бўлмаса бир оғиз хабар бериб ҳам қўймаган, жамоатчиликдан буни негадир «сир сақлаган». Эътирозлардан кейингина Расул Кушербаев умумий мазмунда ўз канали орқали маълум қилганди.

Хуллас, халқ сайлаган, лекин ҳалигача ўзини халқдан баланд панжаралар билан ажратиб турадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг шу ишига 2 баҳо қўйган бўлардим. 1 қўйса ҳам бўладию, ҳа, майли, Ҳожибой Тожибоевнинг латифаси ҳурмати 2 қўйдим.

Бутун бошли Конституцияга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонунни қабул қилишиб, лекин бу ҳақда жамоатчиликка лом-мим демаган Парламентга яна қанақа баҳо бериш мумкин, билмадим?

Хуллас, қонун матни билан Сенат сайтидаги мана бу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

Менинг фикру ожизимча, бу Қонун 1 январга қадар тезлаштирилган тартибда Сенат томонидан маъқулланиб, ундан кейин имзодан чиқса керак. Чунки дарёни кўрмаса ҳам этигини ечиб қўйган суд тизимидаги масъулларимиз аллақачон йўқ судларнинг йўқ лавозимига судьяларни тайинлаб қўйган. Фармонга кўра, улар 1 январдан ишини бошлаши керак. Агар 1 январгача Конституцияга ўзгариш кирмаса, улар ҳавода муаллақ осилиб қолади. Ва ўз-ўзидан суд тизими, шу ислоҳотларнинг бошида турганлар бироз шарманда ҳам бўлишади. Шу шармандаликнинг олдини олиш учун Конституцияга жуда тез, шошилинч равишда ўзгартириш киритиш талаб этилади.

Бу шунчаки менинг тахминларим, албатта. Қолганини бошимиз омон бўлса, кўраверамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг