2036 йилги Олимпиада қаерда ўтади?
2036 йилги ёзги Олимпия ўйинларига мезбонлик учун курашаётган мамлакатлар сони еттитага етди. Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) эълон қилган рўйхатга кўра, тўрт йилликнинг энг йирик спорт анжуманига мезбонлик учун даъвогарлар:
- Германия (Мюнхен шаҳри номзодини илгари сурмоқда);
- Венгрия (Будапешт);
- Ҳиндистон (Аҳмадобод);
- Қатар (Доҳа);
- Жанубий Корея (Сеул);
- ЖАР (Кейптаун);
- Туркия (Истанбул).
Бошқа мамлакатларда ҳам ушбу рўйхатга қўшилиш имконияти бор. Ариза топшириш — 31 октябргача.
Мусобақанинг мезбонлигига якуний даъвогарлар рўйхати (шорт-лист) 2027 йилнинг мартида тасдиқланади. ХОҚ асосий номзодларни 2028 йилнинг охирида эълон қилишни режалаштирган, якуний қарор эса 2029 йилнинг ўрталарида овоз бериш йўли билан қабул қилинади.
Қизиқ фактлар
Ҳиндистон ўз тарихида илк бор Олимпиадани ўтказиш учун ариза топширди.
Қатар мусобақани Доҳа шаҳрида ўтказмоқчи. Бироқ ёздаги кучли иссиқ туфайли, худди ЖЧ-2022 каби, Олимпия ўйинларининг вақтини куз фаслига суришга тўғри келиши мумкин.
ЖАР агар ғолиб чиқса, Олимпиадани қабул қилган илк Африка давлатига айланади.
Баъзи мамлакатлар 2036 йилдан кейинги, хусусан 2040 ва 2044 йилги ёзги Ўйинларни ўтказиш бўйича ХОҚ билан ҳозирданоқ норасмий музокараларни бошлаб юборган.
Эслатиб ўтамиз, яқин йиллардаги тўртта Олимпиада мезбонлари аллақачон аниқ бўлиб улгурган: 2028 йилда Лос-Анжелес (АҚШ), 2030 йилда Франция Алп тоғлари, 2032 йилда Брисбен (Австралия) ва 2034 йилда Юта (АҚШ) спорт байрамига мезбонлик қилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter