Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Алишер Файзуллаев: Рақамлашмаган соҳа ютқазади

Алишер Файзуллаев: Рақамлашмаган соҳа ютқазади

«Xabar.uz» интернет нашрининг «110 метр баландликда» деб номланган кўрсатувининг навбатдаги меҳмони – «Ўзбекистон почтаси» АЖ Бош директори Алишер Файзуллаев. Таклифимизни хат орқали юбордик. Алишер ака интервью беришга розилик билдирди.  

Суҳбатдошимиз ҳақида:

Алишер Насибуллаевич Файзуллаев – 1966 йил 24 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1988 йили Тошкент электротехника алоқа институтини тамомлаган. 2015-2016 йиллар давомида Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари, 2016 йилнинг ноябридан 2019 йилнинг февралигача Интеллектуал мулк агентлиги бош директори вазифаларида ишлаган.

2019 йилнинг 12 июнидан бошлаб «Ўзбекистон почтаси» АЖ Бош директори вазифасида фаолият кўрсатиб келмоқда.

– Келинг, суҳбатимизни оддий саволдан бошласак, Сиз хат ёзганмисиз?

– Хат ёзганман, албатта. Бизни ёшлигимизда почта жуда фаол ишлайдиган пайт эди. Акамга, армияга, армиядан уйга ёзганман. Ҳаттоки, ўша пайтда марказий телевидениенинг «Эртаклар олами» кўрсатувига ҳам хат ёзганман.

 – 80-90 йилларда ҳамма почтачи келишини интиқиб кутарди. Бир хонадонга камида 7-8 дона газета-журналлар келарди. Сиз ҳам почтачи келишини кутганмисиз?..

– Албатта, кутганман. Мактабда ўқувчилар «Гулхан» журналига, ота-онамиз эса газеталарга обуна бўлишарди. «Гулхан»ни келишини интиқлик билан кутардик. Кейинчалик онамиз пенсияга чиқдилар. Почтачи хонадонимизга яқин одам бўлиб қолганди. Бемалол уйга кириб келарди. Сумкасидан ҳужжатларини чиқариб, пенсия пулини топшириб кетарди.

– Ҳозир ҳам хат ёзувчилар борми?

– Бор. Умуман олганда, дунёда хат ёзувчилар камайган. Бутунжаҳон почта иттифоқининг статисткасини кузатиб борамиз. Дунё бўйича почта операторларида хатлар ҳажми камайяпти. Бизда эса ҳалигача хат ёзувчилар бор. Ўтган йили 7 миллиондан ортиқ хат етказиб берибмиз. Бу аҳолининг ташкилотларга, фуқароларнинг бир-бирига ёзган хатларидир. Давлат органларидан аҳолига юбориладиган хатларни гибрид почта хизмати орқали етказиб беряпмиз. Мана олти ойлик натижаларни олсак, 15 миллионта гибрид почта ва аҳолининг 3,5 миллионта хатларини ташибмиз.

– Айтингчи, ҳозир дунё бўйича почта тизимининг умумий аҳволи қандай?

– Баъзи бир муаммолар бор. Ҳеч кимга сир эмас, ахборот технологияларининг ривожланиши, интернет тармоғининг кенг тарқалиши, турли алоқа коммуникацияларининг пайдо бўлиши туфайли почтанинг анъанавий хизматларига эҳтиёж камайган. Шунинг оқибатида почтада иқтисодий муаммолар пайдо бўлди. Баъзи мамлакатларда давлат субсидия ҳисобидан почтани ушлаб турибди, баъзиларда миллий оператор статусини йўқотиб, почта хусусийлашди, баъзилари қийин аҳволда. Шу билан бирга, янги имкониятлар пайдо бўляпти, жумладан, электрон тижорат. Албатта, етказиб бериш хизматлари бор. Буни почта операторлари ўзига «Ўсиш нуқтаси» сифатида кўриб, фаолиятини шунга мослаштиряпти. Бошқа почта операторлари билан маълумот ва тажриба алмашиб турамиз. Ҳозир ҳолат шунақа.

– Шу жумладан, мамлакатимиз почта тизими оғир дамларни кечирди. Ходимлар сони кескин қисқарди. Иқтисодий-молиявий муаммолар пайдо бўлди. Бу ҳаммага келган тўй эдими? Сабаблари нимада эди?

– Авваламбор, буни ҳаммага келган тўй эди, десак ҳам бўлади. Тўғрисини айтиш керак, бизда замон талабига мослашишни олдинроқ бошлаш керак эди. Иккинчидан, олдин почта пенсияни етказиб берар ва жами даромадининг 50 фоизини шундан топарди. Кейинчалик қонунчиликка ўзгартишлар киритилди, почтанинг пенсия етказиб бериш функцияси бекор қилинди. Ва шундан бирданига почта қийин аҳволга тушиб қолди, бир қанча почта бўлимлари ёпилди, 8 мингдан ортиқ ходимлар қисқаришга тушди.

– Почта ребрендинг ўтказди. Замонавий машиналар, скутерлар харид қилинди. Ўтган йили Ўзбекистон почтаси халқаро почта рейтингида 41 поғонага кўтарилди. Бу  натижаларга қандай эришилди?

– Гапни узоқдан бошласам. Бир неча йил олдин Давлатимиз раҳбари иштирокида почта муаммоларига оид селектор йиғилиши ўтказилган. Унда почтани муҳим стратегик аҳамиятни ҳисобга олиб, муҳокамалардан кейин ривожланиш йўллари белгилаб берилган. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 14 декабрдаги «Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 4921-қарори қабул қилинган. Мазкур қарор билан тизим олдига катта вазифалар қўйилди, уни амалга ошириш учун молиявий манбалари белгиланди.

Биринчи навбатда, тизимда ахборот технологиялари жорий қилинди, транспорт парки янгиланди, янги хизматларга мослашилди, бир қанча ахборот тизимлари ишга туширилди. Шундан кейин ребрендинг ўтказилди. Бундан мақсад аҳолига почта янгилаётганини, янги технологияларга таянадиган компания эканини кўрсатиш эди.

Шу ишларни амалга оширганимиз, жаҳон почта алмашувида иштирокимиз фаоллашгани, почта транзити кўпайгани, почтани етказиб бериш муддатлари қисқаргани ҳисобига ўтган йили  «Ўзбекистон почтаси» АЖ Бутунжаҳон почта иттифоқининг почта алоқаси ривожланишининг интеграциялашган индексининг (2IPD) 2023 йилги ҳисоботида мамлакатимиз 41 поғонага юқорилаб, 172 та давлат орасида 74-ўринни эгаллади ҳамда «Почта тараққиётининг юксалувчи юлдузи» мукофоти билан тақдирланди. Бундан ҳамма хурсанд бўлди, лекин бу жойни йўқотиб қўйиш ҳам мумкин. Энди янада олдинга силжиш учун қиладиган ишларимиз ҳали кўп.

«Ўзбекистон почтаси» АЖ кўрсатаётган хизматлардан қайси бири асосий даромадни олиб келмоқда, почта хизматлари ҳажми мамлакатимизнинг қайси ҳудудларида энг юқори, шаҳар ва қишлоқларда почта хизматидан фойдаланиш фарқи қандай, АКТ, рақамлаштириш имкониятдан қандай фойдаланилмоқда, миллий почтаси оператори қай даражада рақобатбардош, Uzum Market билан ҳамкорлик, ёшларни қандай йўл билан соҳага жалб қилиш мумкин? Шу каби саволларга жавоб олиш учун ушбу интервюни тўлиқ шаклини сайтимизнинг Ютубдаги саҳифасида томоша қилишнгизни тавсия қиламиз.

Маълумот ўрнида:

* «Ўзбекистон почтаси» АЖ тизимида фаолият кўрсатаётган ходимларнинг умумий сони 7 466 нафарни (шундан, аёллар 3 949 нафар ёки 53 фоиз) ташкил этади.

* Почта тизимида 4 та ихтисослаштирилган филиал, 14 та ҳудудий филиал, 161 та почта алоқаси боғламаси ва 1 603 та почта алоқа бўлимлари мавжуд.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг