Британия қиролининг укаси қўлга олинди
Буюк Британия қироли Чарлз III’нинг укаси, Эпштейн билан алоқалари сабабли барча унвонларидан маҳрум этилган Эндрю Маунтбеттен-Виндзор қўлга олинди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Полиция уни расмий лавозимларда ишлаган вақтида ваколатларини суиистеъмол қилганлик гумони билан ҳибсга олган.
Пайшанба куни эрталаб Норфолк графлигидаги Шимолий денгиз соҳилида жойлашган қироллик мулки ҳудудига бир нечта автомобиллар келгани акс этган суратлар пайдо бўлди. Ҳозирда Эндрю шу ерда яшаётганди.
Ушбу ҳафта Британия полицияси собиқ шаҳзода Эпштейнга махфий материалларни тақдим этгани ҳақидаги шикоятни кўриб чиқаётганини маълум қилди.
АҚШда эълон қилинган Эпштейн ишига оид катта ҳажмдаги ҳужжатлар орасидан Эндрю Эпштейнга Сингапур, Гонконг ва Вьетнамга қилган сафарлари бўйича ҳисоботлар ҳамда инвестиция имкониятларига доир махфий маълумотларни юборгани маълум бўлган.
66 ёшни қарши олган Эндрю ўзигa қўйилган барча айбловларни рад этиб, қонунга зид ҳеч қандай иш қилмаганини таъкидлаб келмоқда.
Аввалроқ қирол уни шаҳзода унвони ва қолган барча унвонларидан маҳрум этган эди. Ундан олдинроқ эса Эндрю расман ихтиёрий равишда Йорк герцоги унвонидан воз кечганди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter