Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухорода ўз фарзандини сотмоқчи бўлган ота-онага ҳукм ўқилди

Бухорода ўз фарзандини сотмоқчи бўлган ота-онага ҳукм ўқилди

Фото: Pexels

Чақалоқ гапира олсаки: «Мени сотманг», дея уни дунёга келтирган ота-онасига инсоф сўраса. Кўзларини жавдиратиб, улар бағрида яшашга талпинаётганини билдирса. Афсуски...

Об-ҳавонинг совуғига қарамай, ҳали дунёга келганига икки ой ҳам бўлмаган чақалоқни ўраб-чирмашди. Совуқ. Қор. Гўдакнинг юзчалари чимчилангандек бўлади. Кўзчаларини пирпиратиб йиғлайди. Ёшлари юзчаларини ювиб ўтса-да, онасининг кўзларига кўзи тушиб, қиқирлайди. Кўкракка талпинади. Бир томчи сут учун дунёни чинқириб, бузишга тайёр... Афсуски, гўдакнинг талпинишлари зое...

Йўқ, сиз билан 7 000 АҚШ долларига келишганмиз. Соппа-соғлом болани сотяпмиз сизга, касалванднимас! –  «чўрт» кесди ота.

Ҳа, бор-йўғи, 400 доллар кам. Ҳозирча 6600 АҚШ долларини олиб туринг. Қолганига мен қарздор! – деди болани сотиб олаётган аёл чақалоқнинг совуқдан қизариб кетган юзчаларини силаб қўяр экан.

Ота ўз фарзандини сотгани эвазига қўлга киритаётган 6600 АҚШ долларини кўриб, кўзлари ўйнаб кетди. Пулни олиб, ҳали «мижоз» ёнидан узоқлашмаган ҳам эди, қўлларини кишанда кўрди.

«Воқеа 2023 йилнинг декабрь ойида, изғирин совуқда содир бўлган. Ҳ.Ж. ҳамда М.М.лар шаръий никоҳдан ўтиб, Бухоро шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида ижарада яшаб келишаётган бўлган. Ноябрь ойида фарзандлари М.Ю.ни дунёга келтиришган. Енгил-елпи ҳаёт тарзига ўрганган ота-она фарзандни боқиб, уни катта қилиш масъулиятидан қочишган. Текин бойлик орттириш мақсадида ҳали туғилганига икки ойча ҳам бўлмаган гўдакни сотишга уринишган. Уларга «мижоз» бўлган Р.Н. ва М.Қ. га болани сотиб юбориш эвазига 7000 АҚШ доллари талаб қилишган. Келишилган миқдордагидан 400 доллар кам пулни қўлга киритишаётганда, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ушланган», – дейди Жиноят ишлари буйича Бухоро шаҳар суди судьяси Жўрабек Тожиев «Xabar.uz»га воқеа тафсилотлари ҳақида маълум қилар экан.

Аввалига ўз айбларига иқрор бўлмаган судланувчилар овоз ёзувлари ҳамда уни исботловчи далиллар ошкор қилингач, тан олишган. Ҳеч иккиланишларсиз бола тарбиясидан ва уни камолга етказиш ташвишидан қутилмоқчи бўлишганини билдиришган.

«Суд ҳукми билан судланувчиларЎзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбли, деб топилди. Чақалоқнинг онаси М.М.га 5 йил, отаси Ҳ.Ж.га 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди», – деди Жўрабек Тожиев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг