Дунёдаги энг даҳшатли ва машҳур 15 та қамоқхона
Ушбу қамоқхоналар шафқатсиз тартиб-қоидалари, қийноқлар, қочиб кетишнинг деярли имкони йўқлиги ёки инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ баҳслари туфайли дунёга машҳур бўлган.
1. “Алкатрас” (АҚШ)
“Аср қояси” деб ном олган ушбу қамоқхона Сан-Франциско кўрфазидаги оролда жойлашган. Бу ерда Ал Капоне каби машҳур каллакесар-жиноятчилар жазо ўтаган.
Қамоқхона 1934–1963 йилларда фаолият кўрсатган ва ундан муваффақиятли қочиб кетилгани ҳеч қачон расман тасдиқланмаган.
2. “Флоренс” (АҚШ)
Америкадаги энг кучли қўриқланадиган “Supermax” қамоқхонаси. Маҳбуслар кунига тахминан 23 соатни якка камерада ўтказади. Бу ерда энг хавфли террорчилар ва жиноятчилар сақланади.
3. “Қора дельфин” (Россия)
Умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган энг хавфли маҳбуслар учун мўлжалланган ҳибсхона. Маҳбуслар ҳаракатланганда белидан эгилган ҳолда юришга мажбур қилинади. Улар доимий видеокузатув остида бўлади.
4. “Банкванг” (“Бангкок Хилтон”, Таиланд)
Ўлим жазоси ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган маҳбуслари билан танилган. Илгари маҳбуслар оёғига узоқ вақт темир занжир тақиб қўйилгани билан ҳам машҳур.
5. “Райкерс ороли” (АҚШ)
Нью-Йоркдаги машҳур ҳибсхона мажмуаси. Зўравонлик, турли тўдалар ва тартиб-интизомга тааллуқли муаммолар билан кўп бор танқид қилинган.
6. “Ла Сабанета” (Венесуэла)
Ўта тиқилинчлиги ва маҳбуслар ўртасидаги қонли тўқнашувлари билан машҳур ҳибсхона. Бир неча марта юзлаб одамлар ҳалок бўлган исёнлар бўлиб турган.
7. 14-сонли сиёсий маҳбуслар лагери (Шимолий Корея)
Сиёсий маҳбуслар лагери сифатида тилга олинади. Халқаро ташкилотлар бу ерда мажбурий меҳнат ва оғир ҳуқуқбузарликлар ҳақида кўп бор хабар берган.
8. “Сайдная” (Сурия)
“Қассобхона” номи билан танилган ҳарбий қамоқхона. Халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари ушбу ҳибсхонада оммавий қийноқлар ва қатллар бўлганини билдирган.
9. “Эвин” (Эрон)
Асосан, сиёсий маҳбуслар сақланадиган қамоқхона сифатида машҳур. Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ кўплаб халқаро танқидларга сабаб бўлган.
10. “Инсейн” (Мянма)
Юқори даражада тиқилинчлиги ва оғир шароитлари билан танилган ҳибсхона. Сиёсий маҳбуслар ҳам ушбу қамоқхонада сақланган.
11. “Карандиру” (Бразилия)
1992 йилда юз берган қонли қирғин сабаб тарихга кирган. Исённи бостириш пайтида 100 дан ортиқ маҳбус ҳалок бўлган. Кейинчалик қамоқхона бузиб ташланган.
12. “Сан-Квентин” (АҚШ)
Калифорниядаги энг машҳур қамоқхоналардан бири. Ўлим жазосига ҳукм қилинган маҳбуслар билан машҳур бўлган.
13. “Диёрбакр” (Туркия)
1980 йилларда сиёсий маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўллангани ҳақида кўплаб гувоҳликлар мавжуд.
14. “Тандмор” (Сурия)
Чўл ўртасида жойлашган мазкур қамоқхона узоқ йиллар давомида Яқин Шарқдаги энг шафқатсиз қамоқхоналардан бири сифатида тилга олинган.
15. “Силиври” (Туркия)
Бу маскан шафқатсизлиги билан эмас, балки Гиннес рекордига кирган энг катта қамоқхона экани билан машҳур. 2019 йилда маҳбуслар сони 22 781 нафарга етган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter