Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Энамдан қолган далалар» (Эссе)

«Энамдан қолган далалар» (Эссе)

Фото: Сунъий интеллект

Яна дўмбирамни қўлимга олдим!
Китоб эмас, бир лаққа чўғни қўлимга олдим.

Бундан юз йил олдин тушуниб-тушунмай, «Бу қандайчейкин китоб экан-а, бугинани шоир дегани ёздимикин, ёзғучи дегани ёздимикин: бир қарасанг ҳикоя, яна қарасанг аччиқ ичакдек чувалашиб ётган шеър, бошқа ёқдан қарасанг нафас олмай хиргойи қилинадиган қўшиққа ўхшаб кетади эканми?» — деб ўйлаб қолган ўша эски китобни қўлимга олдим.

Менгинада дўмбира бормиди дейсизми, қайда дейсиз?!

Бурунги замонларда «Алпомиш»ни», «Кунтуғмиш»ни, «Равшанхон»ни, «Авазхон»ни ва ҳакозо ўзбек ҳалқи достонларини бўзлаб-бўзлаб айтиб журган, жилаб-жилаб айтиб журган момогинамнинг алмисоқдан қолган, юз асрлардан буён жиммгина деворга илиниб турган, гунг-соқов дўмбирасини қўлимга олдим.

Мен дўмбира чертишни билармидим, дейсиз?

Бир иккида достон куйлаб журиппидим, дейсиз?

Қайда-ё қайда, бир гапини эплаб гапиролмаган, катта бўлсам қўшиқ айтгич бўламан деб, сўғин оломон олдида овози чиқмай боз қалтираган, қўшиқ ўрнига эчки маърагандай товуш чиқаргич бўлган бир расвои олам достон айтолармиди, дейсиз?

Дейсиз, дейсиз, тўғри дейсиз!

Айтайин, ишонинг-ишонманг бу куйлагич китоб мениям куйлатди!
Дўмбира чертишгаям ўргатти!
Жилашгаям ўргатди...
Жилаб-жилаб дўмбира чертдим.

Қизил қирғин замонидаги минглаб ўзбек хотинлари сингари ёниб-ёниб дўмбира чертдим.

Дарахтларга суриниб-суриниб, деворларга уриниб-уриниб,
Чирсиллаб-чирсиллаб, гуриллаб-гуриллаб дўмбира чертдим.
Пахта далаларида бутифос жутиб жон бераётган болалардек ўғжиб-ўғжиб дўмбира чертдим.
Жигарларим ситилиб-ситилиб, заҳар зардобим бўғзимга тиқилиб-тиқилиб дўмбира чертдим.

Ўйнаб қўяй Тоғай Муроднинг ҳалқ дардини халқ тилида сўйлаган, ўзида халқ ичига, деҳқонлар орасига бориб, улар билан елкама-елка меҳнат-машаққат чекиб қоғоз қоралаган «Отамиздан қолган далалар»да дўмбирамни чалиб ўйнаб қўяй!

Мен-да, катта момом бўзлаб кетган, энам (онам) сўйлаб берган «Энагинамдан қолган далалар» куйига ўйнаб қўяй!

Чирпирак-чирпирак, саллона-саллона ўйнаб қўяй!

Ўйнайман-да, қўлимга тушган соқов дўмбира ҳам чидаёлмай оҳу-фиғон чекиб куйлаб юборгач...

Ростини айтадиган бўлсам китобларни камдан-кам ҳолатларда қайта ўқийман. Бир китобни қайта ўқидимми, демак бу асар юраккинамдан жой олган. Инсон сифатида дардларимни бир қалқитиб олган, ижодкор сифатида асарни ўқиб бўлгач «Қаламинг, ижодинга тасанно!» — деб хитоб эттирган. Сезиб турганингиздек шундайин «Олтин рўйхат»имда «Отамдан қолган далалар» ястаниб ётибди ва охир-оқибат қўлимга дўмбирасини тутқазиб қўйган Тоғай Мурод мени куйлатиб-куйлатиб, ўйнатиб-ўйнатиб, йиғлатиб-йиғлатиб сўнгида ёзишга мажбур этди.

Дўмбирамни энамга (онам) тутдим: сўйлашича, катта момом (катта энам — онамнинг оналари) айни қизил шўро босқини ва халқимиз бошига не кўргуликларни солган, умумлаштириш, балки қуллаштириш даврида яшаб ўтганлар. Момом қизил босқин дегани борми, қирғин уруш орти фронти-ю, одам зотини тутдек тўккан очарчилик йиллари борми барчасини бошидан ўтказган. Оқ юзли, узун бўйли сарвиқомат, билакдек икки ўрим тимқора сочлари тақимини ўпиб турадиган момомнинг руҳияти ва албатта табиати ҳам қиёфаси каби гўзал бўлган. Нозик қомати эгилиб–эгилиб, қалин сунбул сочлари рўмол остида шўралаб-шўралаб гўзал ёшлик дамларини пахта далаларида жавлон уриб ўтказган. Уйи ҳам дала, тўйи ҳам, ётоғи, бешиги ҳам дала бўлган. Селитрали ариқда чўмилиб, бутифос номли атир билан ифорланиб олган. Чақалоқлари чумчуқ боладек тут шохида улғайиб, оёқлагач тут танасига занжирланиб (оёғи ёки белидан арқонлаб қўйилган) дала тупроғидан таомланиб, эс киргач тўппа- тўғри момомнинг даласига ўтиб кетаверишган. Ана ўша, момом далаларида бизнинг Деҳқонқул оталаримиз, Деҳқонқулова эналаримиз ўсиб-улғайган. Уларни суяги тугул, руҳи пахтада қотган. Пахта деб тили чиққан, пахта деб тонги отган, пахта деб куни ботган...

Момогинам, 40 ёшига бориб-бормай қариб қолган момом, касалликлар оқибатида даласига чиқолмай қолган. Ана ундан кейин уйидан болалар боғчаси очиб беришиб, Деҳқонқуловаларнинг уч ёшгача бўлган чурвақаларига, яъни бўлажак деҳқонқулваччаларга энагалик қила бошлаган. Яшаш жойлари «Карл Маркс», «Чкалов», «Қуйбешев», «Ленин», «Калинин» ва ҳакозо, хулласи калом казо-казо маконлар, чор атрофи дала, чор атрофи пахта, чор атрофи заҳар (алламбало заҳар дорилар), чор атрофи... Мана шундайин, даласида кўз очиб, даласида қон туфлаб-туфлаб жон берган момогинам! Ўрнига ўрин энагинам қолган ва албатта анъанани давом эттирган. «Кўзимни очиб кўрганим пахта, терганим пахта бўлган» – дейди энам. «Кунлик 250 килограммгача пахта терганман», — дейди энажоним! Бошқа ҳеч гап айтмайди. Тез-тез ётиб қолади; воҳ жоним-а демайди, воҳ жигарим-а демайди. Жиим бўлади...

Шу жойига келганимда талабалик давримда кеч кузда сув қуйиб юборилган пахта даласи, чекимга тушган лой эгат бошида тургандек ҳайрон тўхтаб қолдим. Хўш, тузук-қуруқ ёзиб-ёзмай не учун яна бор тўхтаб қолдинг денг?! Ахир, ўша тушларда кўриладиган, дилда-ю тилда очиладиган лўппи-лўппи пахтаой ҳақидаги ўзбек ҳалқи меҳнат-машаққат, йўғ-эй, бахт-саодатга етакловчи қўшиқларини куйлаган одамларни ўзидан эшитмасам, яна қайдан топаман!? Аниқ эслайман, тонг бўзармасидан пахта даласига кета туриб куйлашгани ва ҳаттоки ўша қўшиқни ҳам айтиб берган эди. Менда энамникидек ҳавас қиларли хотира қайда дейсиз, момогиналарим далаларидек чанги чиқиб ётипди бу эс деган жониворниям. Хулласи калом, уфққа туташиб кетган кунгабоқар далаларига тикилганимча, дўмбирамни яна энагинамга йўллайман. Энди энам бошидан кечирганларини ҳудди достон айтгандек айтиб бераверади. Айниқса, менга энг кераклиси, трактор прицепига (тиркама) зичлашиб олишиб, қайдасан навбатдаги пахта даласи дея куйлаб кетадиган ашуласини худди бахшилардек ритм билан хиргойи қила бошлайди:

Ёрдамчи қизман келдим теримга.
План тўлмасдан ўргилай, қайтмайман уйга.
Тўлсин планим, Ўзбекистоним!
Пландан ошсин Ўзбекистоним!

О, ёрдамчи қизлар эсини таниб-танимай, аввалига пахта теришни ҳам, этак кўтаришни ҳам эпини қилишолмай (бола бўлишган ахир) йиғлаб-йиғлаб, бора-бора куйлаб-куйлаб, чанги чиққан, заҳарли дорилардан бўккан далаларда заҳар-заққум ютиб-ютиб, ўғжиб-ўғжиб пахта деганини пахтасини чиқариб териб ташлашган. Деҳқонқуллар ҳамда Деҳқонқуловалар тўдаси қачон уйига қайтиб мактабига боришган дейсиз? Албатта, ўзлари ўйлаб топишган ашуласида айтишганидек, план тўлмасидан туриб, токи ғўзалар қор билан қопланиб теримни иложи қолмагунича ўлишга ҳам рухсат берилмаган. Қўлларига таёқ олишиб қорларни қоқиб-қоқиб, қўл-оёқлари тарашадек қотиб музлаган чаноқларни теришган. Мана энди жим туролмайди, дўмбира сўйлатади энагинамни: «Шўроси ўлсин-а, пахтагинаси қурисин-а! Мана қара оёқ-қўлларим шишиб устихонларим майшайиб кетди, ичгинамни тўкди бу пахта!» – дейди. «Менгинани худо асраган болам, не-не эркак-аёллар, болагиналар жимгина қирилиб кетди. Онагинам, опа-укаларимни бевақт олиб кетди!» — дейди кўзларида ёш ғилтиллаб.

– Омон-омон замонларда яшаяпсилар, ношукр бўлманглар! — дейди,

– Ўзинга шукр! — дейди энагинам. Бир чуқур уҳ тортади-да, омонат дўмбирам, онагинасини дўмбирасини менга тутқазиб, яна жим қолади. Дўмбираси қурмағур ҳам дардларини айтмаса ёрилиб кетадигандек, оғиз жуфтлаб менга мўлтирайди...

Тоғ сайрига кета туриб шўх қўшиққа жўр бўлаётган фарзандларимга, кейин машина ойнасидан лип-лип ўтаётган энамдан қолган далаларга тикиламан. Онда-сонда кўриниш бериб қолмаса, пахта далалари деярли учрамайди. Она ватанини қўриқлаётган аскарлардек тик, қатор туришиб липпиллаётган мевали дарахтлар, узумбоғлар, полиз далалари кўзга ташланади. Ўзлари билганича гуркираб ётишгандек, одам зоти кўринмайди. Эҳеҳее, «Энамдан қолган далалаар! Момогиналаримдан қолган далалар нега жимсиз, нега куйламаяпсииз!?» – деб ҳайқиргим келади. Далалар миқ этишмайди.

Далалар жиим қолишади. Мен-да жим қоламан. Аммо, бу жимлик энди оғриққа эмас, таскинга айланади. Кўзлаган сўлим гўшамизга етиб боргунимизча жиим кетсамда яйраб бораман, балки қарама-қарши ҳисларим ўртасида сарсон бораман. Сезиб тураман, барибир юрагимни бир четида момогинам кўзларидан ёш оқизиб-оқизиб ўтираверади. Ҳар зиёратига борганимда энагинам жимгина жилмайиб тураверади.

– Энамдан қолган далалар дўмбирамизни берчи! — дейман.

– Қани, жиим турмасдан бир куйлайликчи! — дейман. Энамни далалари-да ўзига тортган — жиим қолади.

Аммо, дўмбира дегич сайроқи жим туролмайди. «Вооҳ! – дейди дўмбирам, «Дардингни олаай!» — дейди дўмбирам.

Дўмбирамни яна қўлимга оламан...

Мастура Абураҳим қизи

P.S: Терим қўшиғи 1960-1970 йилларда пахта теримида қатнашган теримчи билан оғзаки суҳбатдан ёзиб олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг