Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Инҳадаги докторлик иши, Gran Fondo’даги иштирок» – Кореядаги ватандош билан суҳбат

«Инҳадаги докторлик иши, Gran Fondo’даги  иштирок» – Кореядаги ватандош билан суҳбат

Фото: Xabar.uz

«Хориждаги ватандошлар» лойиҳаси доирасидаги интервюлар давом этади. Навбатдаги суҳбатдошимиз Жанубий Кореядаги Инҳа университети докторанти Қобилжон Тошназаров.

Қаҳрамонимиз Қашқадарё вилоятида туғилган. Тошкентдаги Инҳа университетида бакалавр, Жанубий Кореядаги Инҳа университетининг магистратура босқичида таълим олган.

 Болалигимдан электроникага қизиқувчан бўлганман

Қашқадарёдаги рус тилига ихтисослаштирилган мактабда таълим олганман. Мактаб йиллари эсда қоларли воқеалар ва изланишлар билан ўтган. Математика, физика ва инглиз тилини яхши ўзлаштиришга интилдим. Бўш вақтларим эса, ўзимнинг севимли машғулотларим билан шуғулланардим. Булар сирасига расм чизиш, компьютер ўйинларини ўйнаш ва дўстларим билан футбол ўйнаш кабиларни айтишим мумкин.

Болалигимдан электроника – калькулятор, Мp3 плэер, уяли телефонларга қизиқувчан бўлганман. Тез-тез бу қурилмалар қандай ишлашини тушунишга ҳаракат қилардим.

7-синфга борганимдан кейингина телефон таъмирлаш бўйича маҳаллий мутахассис ёрдамида электрон қурилмаларни таъмирлашни ўргана бошладим. Айнан шу вақтда «таъмирлаш» ва «муҳандислик» ўртасидаги фарқни англадим. Бу мени ушбу соҳада олий маълумот олишга ундади.

Маҳаллий университетларга қабул коррупциялашганди

2014 йил олий таълим олиш имкониятларини кўриб чиқаётганимда Тошкентдаги Инҳа университети Ўзбекистонда дастурий таъминот муҳандислиги йўналишида таълим берувчи ягона олий ўқув юрти эди. Қолаверса, ўша вақтлари кўплаб маҳаллий университетларга қабул имтиҳонлари коррупциялашганди. Тошкентдаги Инҳа университети эса янги ташкил этилгани ва аксарият ўқитувчилар Жанубий Кореядан келгани унга нисбатан қизиқишимни уйғотди.

Қабул имтиҳонларини муваффақиятли топшириб ўқишга кирдим. Талабалик йиллари кўп билимларга эга бўлдим ва профессорларимдан касбга оид қимматли маслаҳатлар олдим.

Эътиборлиси, олийгоҳда профессор Канг Санггил билан танишдим. Уларнинг бошқалардан ажралиб турадиган жиҳати ҳар бир шогирдига индивидуал ёндашувида эди. Ўқиш давомида улар менга бебаҳо маслаҳатлар бериб технологияга бўлган иштиёқимни оширди.

Профессор тавсияси туфайли Жанубий Кореяда магистратурада ўқишни давом эттирдим. Бу ерда ўтказган дастлабки икки йилим корейслар маданияти билан танишиш имкониятини берди. Шу билан бирга, магистратура даврида илмий иш ва тадқиқотлар учун зарур бўлган кўникмаларни ривожлантира олдим. Англаб етганларимдан яна бир муҳим нарса, мамлакат ҳар доим инновациялар соҳасида ўқиш ва ишлашга интилган талабалар ҳамда мутахассислар учун меҳмондўст жой.

Лойиҳа устида беш йилдан бери ишлаяпман

Айни кунларда PhD босқичида таҳсил олмоқдаман. Илмий ишим смартфонлар, ақлли соатлар ва шу каби қурилмалардан фойдаланган ҳолда, кундалик ҳаётдаги стрессли ҳодисаларни аниқлаш ва руҳий саломатлик асоратларининг олдини олишга қаратилган. Фикримча, стресснинг доимий таъсири, агар ўз вақтида аниқланмаса ва бартараф этилмаса, руҳий ва физиологик саломатлик муаммоларига олиб келади.

Руҳий ва физиологик саломатликка бўлган қизиқишим мени стрессни аниқлаш бўйича докторлик диссертацияси устида ишлашга ундади. Очиғи, KENTECH ва KAIST’даги академик маслаҳатчиларимнинг кўмаги билан ушбу лойиҳа устида деярли беш йилдан бери ишлаяпман ва шу вақт оралиғида ўзимнинг профессионал ва шахсий ҳаётимда корейсча меҳнаткашлик муносабатини муваффақиятли ўзлаштира олдим.

Касбий фаолиятимдан ташқари, югуриш ва велоспорт каби спорт турлари билан ҳам шуғуллана бошладим. Келгусида Рақамли Терапевтика (DTx) бўйича тадқиқотларимни кенгайтиришни режалаштирмоқдаман.

Бу сеҳр эмас, шунчаки машаққатли меҳнат

Хорижда яшаш, айниқса, биринчи марта ватандан узоқда бўлган одам учун ўзига хос қийинчиликларни келтириб чиқаради. Шахсан ўзимда, оилам ва дўстларимни соғиниш энг катта қийинчиликлардан бири бўлди. Аммо, технология орқали улар билан тез-тез алоқада бўлиш, турли маданиятга мансуб дўстлар топиб, бу муаммони енгишни ўргандим. Янги маданият, тил ва овқатга мослашишни ўрганиш ҳам бироз вақт талаб қилди, бироқ бу менга янада мослашувчан ва очиқ фикрли бўлишга имкон берди.

Чет элдаги ҳаёт тарзи, албатта дунёқарашимни кенгайтирди. Ярим марафонларда югуриш ва Gran Fondo’даги  иштироким орқали мақсадларимизга эришишишда халақит берадиган руҳий тўсиқлар ҳақида тушунчага эга бўлдим.

Дунёнинг энг нуфузли университетлари профессорлари билан суҳбатлар давомида юқори натижаларга эришганларнинг бошқалардан фарқи улар қанча меҳнат қилишида эканлигини тушундим. Бу сеҳр эмас, шунчаки машаққатли меҳнат. Бу шуни англатадики, сиз куч сарфласангиз, ҳамма нарсага эришиш мумкин.

Муваффақиятсизликлар тез-тез содир бўлади

Дарҳақиқат, IT лойиҳалар устида ишлаш ўзига хос мураккаб фаолият, муваффақиятсизликлар тез-тез содир бўлади. Кўпинча, қийинчиликларини енгишда Agile методологиясидан фойдаланаман. Мазкур методология жамоа аъзолари ўртасида аниқ ва изчил алоқада бўлиш, ўзгаришларга мослашиш муҳимлигини таъкидлайди. Булар орқали муаммоларни тезда аниқлаш ва ҳал қилиш, лойиҳанинг муваффақиятсизлик хавфини минималлаштириш ва юқори самарадорлик имконини беради.

IT-лойиҳалардаги қийинчиликларни ҳал қилишда қўллайдиган яна бир ёндашув – техник кўникмаларимни доимий равишда ошириш. Ўзимни энг сўнгги технологиялар, дастурлаш тиллари ва дастурий таъминотни ишлаб чиқиш амалиётлари билан ривожлантириб бораман. Бу менга нафақат техник қийинчиликларни енгиб ўтишга ёрдам беради, балки муаммоларни ҳал қилиш кўникмаларимни яхшилайди.

Саволингизнинг иккинчи қисмига тўхталадиган бўлсам, бир қатор дастурий лойиҳалар яратилиш жараёнида иштирок этганман. Мисол учун, концепцияси Жанубий Кореянинг Ёнсе университетининг Хулқ-атвор психологияси бўлими тадқиқотчилари гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган саратон касалликлари учун мобил иловадаги иштирокимни айтишим мумкин. Илова депрессия, хавотирни камайтириш, уйқу ва ғазаб муаммоларини енгишга мўлжалланган 42 кунлик ўқув машғулотларидан иборат.

Дастурчида бўлиши керак бўлган муҳим кўникмалар

Менимча, дастурчида бўлиши керак бўлган муҳим кўникмалар ёки атрибутлар қуйидагилардан иборат:

- Мослашувчанлик ва янги технологияларни ўрганишга тайёрлик, чунки IT соҳаси доимий равишда ривожланиб бормоқда.

- Тафсилотларга эътибор бериш, энг кичик хатолик ҳам дастурий таъминотни ишлаб чиқишда сезиларли салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

- Жамоавий ишлаш кўникмалари, кўпгина дастурий таъминотни ишлаб чиқиш лойиҳалари ишлаб чиқувчилар, дизайнерлар ва манфаатдор томонлар жамоаси билан ишлашни ўз ичига олади.

- Муаммоларни ҳал қилиш кўникмалари, боиси дастурий таъминотни ишлаб чиқиш кўпинча мураккаб техник муаммоларга ечим топишни ўз ичига олади.

- Кучли кодлаш қобилиятлари, сабаби коднинг сифати дастурий таъминотнинг функционаллиги ва ишлашига бевосита таъсир қилади.

- Вақтни бошқариш кўникмалари, чунки дастурий таъминотни ишлаб чиқиш лойиҳалари кўпинча қатъий муддатларга эга.

Қолаверса, дастурчилар ўз вақтида мияга  дам бериши ва ухлаши зарур. Тадқиқотчиларга кўра, доимий 7 соатдан кам уйқу иш самарадорлигига жиддий таъсир кўрсатади.

Саёҳати ҳаяжонли ва илҳомлантирувчи

Жеймс Клернинг «Атом одатлари» китоби менда яхши таассурот қолдирган. Унда яхши одатларни шакллантириш ва ёмон одатлардан воз кечиш бўйича фойдали маслаҳатлар берилган. Муаллиф одатларни шакллантиришни оддий, бажарилиши осон босқичларга ажратади ва кичик ўзгаришлар вақт ўтиши билан қандай катта натижаларга олиб келиши ҳақида ҳаётий мисоллар келтиради.

«Фри-соло», ушбу ҳужжатли фильмни профессионал қоя альпинисти Алекс Хоннолднинг Ёсемит миллий боғидаги Эл-Капитан чўққисига ҳимоя воситаларисиз кўтарилган биринчи одам бўлишга интилгани, саёҳати ҳаяжонли ва илҳомлантирувчи бўлгани учун тавсия қиламан. Фильм қатъиятлиликнинг кучи ва ўзига хос чегараларни босиб ўтишга тайёр бўлган одамнинг тафаккури ҳақида сўзлайди.

«Кипчоге: Охирги чегара», ушбу ҳужжатли фильм марафон бўйича жаҳон рекордини янгилаган кениялик узоқ масофага югурувчи Элиуд Кипчоге ҳақида. Унда барча даврларнинг энг буюк спортчиларидан бирининг машаққатли фаолияти тасвирланган.

Бизда воситалар бор, фақат тўғри фикрлаш керак

Жанубий Кореяда инновациялар ва технологияларга эътибор юқори даражада. Бир сўз билан айтганда, мамлакат технология саноатида етакчи сифатида ўзини намоён қила олди. Буни тадқиқот ва ишланмаларга катта сармоя киритиш, тадбиркорлик ҳамда инновацияларни рағбатлантириш орқали амалга оширди. Бу 5G, сунъий интеллект ва биотехнология каби илғор технологияларнинг ривожланишига олиб келди.

Фикримча, Ўзбекистон Жанубий Корея мисолида ўзининг технологик тараққиётини таъминлаш учун илмий-тадқиқот ва инновацияларга сармоя киритишга устувор аҳамият бермоқда.

Шунингдек, Жанубий Кореянинг қатъий қонун-қоидалари мамлакатда барқарорлик ва хавфсизликни сақлашга ёрдам берган яна бир амалиётдир.

Жанубий Кореянинг кучли меҳнат одоб-ахлоқи Ўзбекистонда қабул қилиниши мумкин бўлган яна бир жиҳатдир. Корейсларнинг «ҳеч қачон таслим бўлмаслик» менталитети уларга турли соҳаларда катта муваффақият қозонишига ёрдам берди ва Ўзбекистон ҳам ўзининг ўсиши ва ривожланиши учун ушбу маданиятни сингдириши мумкин. Бизда воситалар бор, фақат тўғри фикрлаш керак, холос.

Европа бўйлаб марафонларда югуришни хоҳлайман

Ҳаётий мақсадларимга келсак, ҳам шахсий, ҳам жамоавий интилишларим бор. Шахсий даражада оилам билан бахтли ҳаёт кечириш, ўз ишимдан лаззатланиш, шунингдек, ўз принципларим, интизомим ва инсон психологиясини тушунишни доимий равишда ривожлантиришга интиламан. Жамият миқёсида Ўзбекистоннинг етакчи давлатлар қаторида бўлиши, ўзбек ёшларининг ҳеч қандай руҳий тўсиқларсиз тўлиқ салоҳиятини рўёбга чиқаришини хоҳлайман.

Бу мақсадлардан ташқари, менда саргузаштларга, жисмоний фаолликка ҳам иштиёқ кучли. Орзуларим сирасига Европа бўйлаб марафонларда югуриш ва Швейцария тоғлари, Барселона пляжлари ва Буюк Британиянинг тарихий жойлари каби гўзал жойларда узоқ масофали велосипед саёҳатларига чиқиш кабиларни санаб ўтишим мумкин. Бунда менга қизиқишлари ва машғулотлари ўхшаш бўлган шерик топаман деб умид қиламан.

 Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг