Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мактабларни аттестациядан ўтказиш ҳокимликлардан олиб қўйилди. Тизим янгиланади

Мактабларни аттестациядан ўтказиш ҳокимликлардан олиб қўйилди. Тизим янгиланади

Бугун, 24 октябр куни Учтепа туманидаги 238-умумтаълим мактабида «Умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларини аттестациядан ўтказиш – таълим сифатини оширишнинг муҳим омили» мавзусидаги Республика семинари бўлиб ўтди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда умумий ўрта таълим мактабларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказишдаги янгича тартиблар тўғрисида сўз борди.

Семинарда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, инспекция ва вазирликнинг тегишли бошқарма бошлиқлари, ҳудудий бўлими бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларининг таълим сифати мониторинги бўлими бошлиқлари, Тошкент шаҳридаги туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг таълим сифати мониторинги бўлими бош инспектор-методистлари, 2020 йилда аттестацияга жалб этиладиган мактаб директорлари ва уларнинг ўқув-тарбия ишлари бўйича ўринбосарлари иштирок этишди.

Маълумки, умумий ўрта таълим мактабларида таълим сифатини оширишнинг асосий омилларидан бири сифатида ўқувчиларнинг сифатли билим олишлари учун етарлича шарт-шароитлар яратиш муҳим аҳамиятга эга.

Таълим муассасаларининг аттестацияси айни шу мақсадга йўналтирилган бўлиб, унда ўқувчиларнинг етарлича билим олишлари учун муассасада яратилган шароитларга баҳо берилади. Аттестация жараёнида ўқувчиларнинг билим даражаси, ўқитувчиларнинг салоҳияти, иш ҳужжатларининг юритилиши, ўқув ва лаборатория хоналарнинг жиҳозланиши ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф қилиш чоралари кўрилади. Бу борада ота-оналарнинг фикрлари ва ўқувчиларнинг талабларини инобатга олган ҳолда мактабни ривожлантириш бўйича «Йўл харита»лари белгиланиб, амалга татбиқ этилади. Пировардида таълим муассасасидаги шароитлар яхшиланиб, таълим сифати ошишига эришилади.

Шу кунгача бу жараён туман (шаҳар) ҳокимликлари қошида ташкил этилган ва ҳоким ўринбосари раислик қиладиган аттестация комиссиялари томонидан амалга оширилар эди.

Бироқ, ушбу тизим таълим сифатини оширишда, бу борада таълим муассасаларида етарли шароитларни яратишда кутилган натижани бермади.

Комиссиялар томонидан Аттестация жараёнларида аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган йўл хариталарини тузиш ва унинг ижросини таъминлашга эътибор қаратилмаган.

Ушбу ҳолатлар бугунги ислоҳотлар даврида таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги ҳуқуқий меъёрий ҳужжатларни замон талабларига мувофиқ илғор хорижий тажрибалар асосида такомиллаштиришни тақозо этган эди.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 470-сонли қарори билан «Давлат таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом» тасдиқланди.

Тасдиқланган низом аввалгисидан тубдан фарқ қилиб, унга кўра аттестация жараёнлари мутлақо янги тартиб асосида ташкил этилиши белгиланди.

Хусусан, умумий ўрта таълим мактабларини аттестациядан ўтиш даврийлиги 9 йилдан 5 йилга, аттестация давомийлиги эса 10 кундан 3 кунгача қисқартирилди.

Мазкур низомга мувофиқ умумий ўрта таълим мактабларини 2020-2024 йилларда аттестациядан ўтказиш графиги тасдиқланди ҳамда аттестациядан ўтказиш мезонлари ишлаб чиқилди.

Ушбу график ва мезонлар асосида 2020 йил давомида 2514 та умумий ўрта таълим мактаблари аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказилади.

Семинарда сўзга чиққан халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бугунги кунга қадар умумтаълим мактаблари фаолиятини баҳолаш бўйича яхлит самарали тизим бўлмаганини таъкидлар экан, аттестациядан ўтказиш жараёнини қоғозбозликдан ҳоли ва адолатли кўринишда ташкил этиш лозимлигини айтиб ўтди.

Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев янги баҳолаш мезонлари илғор халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда ЮНИСЕФ экспертлари билан ҳамкорликда тайёрланганлиги айтар экан, ушбу жараёндаги бир қатор янгиликлар ҳақида маълумот берди. Хусусан, умумий ўрта таълим мактабларини аттестациядан ўтказувчи комиссия таркиби тубдан қайта кўриб чиқилган. Эндиликда аттестация комиссияси туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан эмас, балки бевосита халқ таълими бўлими томонидан бошқарилиши белгиланганди.

Шундан сўнг сўзга чиққан инспекция бош бошқарма бошлиғи Аслиддин Одилов умумий ўрта таълим мактаблари фаолиятини баҳолаш воситалари ва механизмлари соддалаштирилиб, аттестациядан ўтказиш ва аккредитациялаш жараёнлари электронлаштирилганини маълум қилди. Эндиликда жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ички ва ташқи аттестация ўтказилиши белгиланиб, таълим муассасаларининг бевосита ўзини ўзи баҳолашда иштирок этиши кўзда тутилган.

Семинар давомида мутахассислар томонидан таълим муассасаларини ички ва ташқи аттестациядан ўтказиш тартиблари баён этилиб, шўъба йиғилишларида муҳокама қилинди ва иштирокчиларга семинар материаллари тарқатилди.

Мазкур семинар материаллари асосида жорий йил 4-6 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар миқёсида, 8-9 ноябрь кунлари эса туман (шаҳар)лар миқёсида тарғибот ишлари давом эттирилиб, низом талабларини барча мактаб раҳбарларига, ҳар бир педагог ходимларгача етиб боришини таъминлаш бўйича келишиб олинди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси
Матбуот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг