Мансабдорнинг хонасига 5 минг доллар ташлаб кетилди
Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш бўлими бошлиғи хизмат хонасида номаълум шахс томонидан файл папка қолдириб кетилгани ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг ичида 5000 доллар борлиги аниқланди, деб хабар бермоқда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, воқеа 16 август куни содир бўлган ва ушбу ҳолат бўйича зудлик билан вилоят бошқарма бошлиғи ҳамда бошқа масъул ходимлар гувоҳлигида далолатнома расмийлаштирилиб, хизмат текшируви ўтказиш бўйича зарур ишлар амалга оширилган.
«Мавжуд вазият мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг шахсан назоратига олинди ҳамда ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўрнатилган тартибда хабардор қилинди. Айни вақтда зарур суриштирув ишлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.
Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш бўлими бошлиғи Назокат Уразова ҳалоллиги учун вазирнинг тегишли буйруғи асосида лавозим маошининг уч баробари миқдорида моддий рағбатлантирилган.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўра, пора олиш-бериш билан боғлиқ ҳаракатлар жиноят ҳисобланиб, 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter