Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Маймунлар орасида ўсган қиз...

Маймунлар орасида ўсган қиз...

Фото: сунъий интеллект

Колумбия. 1950 йиллар. Чангалзорнинг қаеридадир тўрт ёшлар чамасидаги қиз ёлғиз қолган. Унинг исми Марина Чапман эди. Қиз қандай қилиб ўша ерга тушиб қолгани ҳақида кейинчалик турли тафсилотларни эслаган. Нима бўлганда ҳам, у бир неча йил давомида одамларсиз, ёввойи табиат бағрида яшагани аниқ эди.

Қўрқувдан кучли нима бор?

Уй йўқ. Ота-она йўқ. Овқат пишириб берадиган одам йўқ. Кўрпа-тўшак йўқ. Энг даҳшатлиси, болалигида унга ёрдам берадиган бирорта инсон ҳам йўқ эди. Аммо чангалзорда қиз бутунлай ёлғиз қолмади. Унинг ёнида... маймунлар бор эди.

Маринанинг кейинги хотираларига кўра, маймунлар тўдаси унинг тирик қолишига ёрдам берган. Қиз уларни кузатиб, нима ейиш, қаерда яшириниш ва хавфдан қандай қочишни ўрганган.

У аввал қўрққан. Ҳар бир шовқин – хавф-хатар, ҳар бир ҳаракат – нотаниш эди. Аммо очлик қўрқувдан кучлироқ чиқди. Қиз маймунларни кузата бошлади. Улар нимани еса, Марина ҳам шуни ейишга ҳаракат қилди. Маймунлар қаерга қочса, қиз ҳам ортидан югурди. Улар қаерда тунаса, Марина ҳам ўша ерга жойлашди.

Вақт ўтиши билан қиз табиатнинг қоидаларини ўрганди. У табиатни ўзининг устозига айлантирди. Маринанинг дунёсида «уй», «мактаб», «оила» деган тушунчалар тобора хиралашиб борарди.

Чангалзор қонунлари

Маринанинг айтишича, маймунлар унга оддий ҳайвонлардек эмас, тўда аъзосидек муносабатда бўлган. Қиз улар билан бирга юрган, хатти-ҳаракатларини такрорлаган. Улардан овқат топишни ўрганган. Қисқаси, маймунларга тақлид қилган. Бу инсон боласи учун ғоят ғайриоддий ҳолат эди. Чунки кичик бола ким билан яшаса, ўша муҳитнинг хатти-ҳаракатларини жуда тез ўзлаштиради. Маринада ҳам шундай бўлди. У одамлар дунёсидан узоқлашиб, ҳайвонлар дунёсига мослашди.

Энг қўрқинчли ўзгаришлардан бири – нутқ эди. Одамлар билан мулоқот бўлмагани боис Марина она тилидан фойдаланиш имкониятини деярли йўқотган. Унинг учун сўзлар эмас, ҳаракатлар муҳим эди. Масалан, қайси томонга қараш, қачон қочиш, яшириниш, қандай овқатни ейиш... Маринанинг мияси мактабдаги дарсларни эмас, тирик қолишни ўрганарди.

Бир неча йилдан кейин Маринанинг ёввойи табиатдаги ҳаёти тугади. Аммо бу унинг бахтли ҳаёти бошланганини англатмасди. Аксинча... энг оғир давр энди бошланаётган эди. Чунки чангалзорда у табиат қонунларини биларди. Одамлар орасида эса ҳеч нимани билмасди. Марина бу қавмнинг тилини тушунмас, одатларини билмасди. Ўзини қандай тутиш ҳақида тушунчага эга эмасди.

Яна бир даҳшат

Маринанинг ҳаёти яна бир неча оғир бурилишга учради. Кейинги хотираларига кўра, у одамлар қўлига тушганидан сўнг ҳам хавфдан қутула олмаган. Қиз, ҳатто ўз қавми томонидан сотиб юборилгани ва эксплуатацияга учраганини айтган. Энг ҳайратланарлиси, Марина яна қочиб кетган. Аммо бу сафар чангалзорга эмас, шаҳарга. У дарахтларга чиқиш, яшириниш ва одамлардан қочишни уддаларди. Чунки ҳали ҳам ўзини тўлиқ инсонлар дунёсига тегишли деб ҳис қилмасди.

Кейинчалик Маринанинг тақдирини ўзгартирган аёл пайдо бўлди. У қизни одамлар дунёсида яшашни аста-секин ўргатди. Марина бошқалар билан гаплашиш, ўзаро муносабатда бўлиш, овқат пишириш, кийиниш, оддий ҳаёт кечиришни ўзлаштирди. Бир вақтлар дарахт шохларида тунаган қиз энди оддий уйда яшашга маҳкум эди. Аммо ўтмиш уни ҳеч қачон тарк этмади.

Маринанинг энг таъсирли хотираларидан бири шу эдики, у одамлар орасига қайтганидан кейин ҳам ўзини тўлиқ эркин ҳис қилмаган. Чунки болалигида Маринанинг дунёси бутунлай бошқача эди. У ерда ҳеч ким бу қиздан пул сўрамасди. Ҳеч ким ёлғон гапирмасди. «Сен бундай бўлишинг керак», демасди. Унинг учун ҳаёт жуда содда эди:
оч бўлсанг – овқат топ. хавф бўлса – қоч, чарчаган бўлсанг – ухла.

Одамлар дунёси эса анча мураккаб эди.

Фото: https://www.epochtimes.ru/

Марина кейинчалик ўз ҳаёти ҳақида китоб ҳам ёзди. Унинг ҳикояси кўплаб одамларни ҳайратга солди. Аммо олимлар ва тадқиқотчилар бу каби хотираларга эҳтиёткорлик билан ёндашиш кераклигини таъкидлайди. Чунки воқеалар содир бўлганидан ўнлаб йиллар ўтиб айтилган болалик хотираларининг барча тафсилотларини мустақил равишда текшириш осон эмас. Шу боис Маринанинг «маймунлар мени боқди» деган ҳикоясини сўзсиз исботланган илмий факт сифатида эмас, балки унинг шахсий хотиралари ва кейинги интервьюларига асосланган ғайриоддий ҳаёт тарихи сифатида қабул қилиш тўғри бўлади.

Маугли қаҳрамон эди, Марина эса – ҳақиқий одам

«Маугли»да бола ўрмондан чиқиб, одамлар дунёсига қайтиб келади. Маринанинг ҳаётида ҳам шунга ўхшаш воқеа бор. Аммо фарқ жуда катта. Маугли – ёзувчи Редьярд Киплинг яратган бадиий қаҳрамон. Маринанинг тарихи эса ҳақиқий инсоннинг ўз ҳаёти ҳақида берган хотираларига асосланган.

Ва энг оғир савол эса шу бўлиб қолади: табиат бағрида ҳайвонлар орасида тирик қолган қиз нима учун кейин инсонлар орасида яна-янги хавфларга дуч келди? Балки бу ҳикоянинг энг аламли жойи ҳам шундадир: Марина чангалзорда одамларсиз яшашни ўрганди. Аммо одамлар орасига қайтгач, яна одам бўлиб яшашни ўрганишига тўғри келди.

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг