Нотинч Грузия. Президент Беларусга ташрифини бекор қилиб, Тбилисига қайтди
Грузия президенти Саломе Зурабишвили Беларусь Республикасига ташрифини бекор қилиб, Тбилисига қайтмоқда.
«Грузия президенти аэропортга йўл олди, самолёт учишига рухсат берилган» — бу хабарни «ТАСС» Беларусь ҳукумат доираларидаги манбасига асосланиб тарқатди.
Таъкидланишича, Грузия раҳбари Минскка ташриф билан келган ва бугун, 21 июнь куни Беларусь президенти Александр Лукашенко, шу мамлакат бош вазири ҳамда ҳар икки палата раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилиши белгиланган эди. Бундан ташқари, Зурабишвили II Европа ўйинлари тантанали очилиш маросимида қатнашиши ҳам кўзда тутилганди.
«KP» хабарига кўра, кеча кечқурун Тбилисидаги парламент биноси олдида ҳукуматга қарши намойишлар бошланиб кетган. Намойишчилар Грузия ИИВ, Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарлари ҳамда парламент спикери истеъфога чиқарилишини талаб қилишган.
Намойишчиларни тарқатиб юбориш мақсадида Грузия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари кўздан ёш оқизувчи газ, водомётлар ва резина ўқларни қўллаган. Сўнгги маълумотларга кўра, тўқнашлар оқибатида 30 нафар исёнчи, 39 нафар полиция хизматчиси жабрланган. 16 киши касалхонага ётқизилган. Айрим маълумотларга кўра, воқеаларни ёритаётган журналистлар орасида ҳам жароҳатланганлар бор.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter