Оғир шароитга тушиб қолган қизлар учун бир хонали уйлар қуриб берилади
Президент йиғилишида бундан кейин ҳам қизларнинг таълим олиши, даромад топиши, шароитларини яхшилаш борасидаги ишлар давом эттирилиши таъкидланди.
Жумладан, оғир шароитга тушиб қолган уй-жойга муҳтож қизлар учун 1 хонали ижтимоий уйлар қурилади. Улар ишга жойлашиб, оёққа туриб олгунга қадар, ушбу уйларда 3 йил давомида бепул яшаши мумкин бўлади.
Ҳокимларга ижтимоий уйларнинг намунавий лойиҳасини қилиб, қурилишни бошлаш топширилди.
Соғлиги туфайли ишга қатнай олмайдиган қизларнинг яшаб турган хонадонида масофавий иш билан таъминлаш чоралари кўрилади. Бундан ташқари, уч ёшгача фарзанди бор талаба-қизларга масофавий таълим олиш имконияти яратилади.
Вилоят, туман ҳокимларига ёз мавсумида мактаб, техникум, олийгоҳ, истироҳат боғларида меҳнат ярмаркаларини ўтказиш топширилди. Бу орқали вакант ўринларга камида 150 минг ёшларни ишга жойлаштириш мумкин.
Ёз ойларида “қурилиш отрядлари”ни ташкил этиб, 100 минг ёшларни ойлик берадиган ишларга жалб қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Тадбиркорларнинг ёшларни касбга ўқитиш ва ишга жойлаштириш борасидаги ташаббуслари бундан буён ҳам қўллаб-қувватланиши таъкидланди.
Янги ўқув йилидан бошлаб мактаб, коллеж, техникум ўқувчиларини касбга ўргатиб, иш бераётган тадбиркорларнинг бу харажатлари солиқ базасидан чегириб ташланади. Ўқувчиларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқ 1 фоиз қилиб белгиланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter