Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Пентагоннинг янги раҳбари расман иш бошлади. Марк Эспер ҳақида нималарни биламиз?

Пентагоннинг янги раҳбари расман иш бошлади. Марк Эспер ҳақида нималарни биламиз?

Фото: «Korrespondent»

Марк Эспер АҚШ мудофаа вазири лавозимида расман иш бошлади. У президент Дональд Трамп ҳузурида қасамёд қилди. Маросим Оқ уйдан тўғридан-тўғри узатилди.

«Мудофаа вазирлигини бошқариш учун Марк Эспердан яхшиси йўқ», — деди Дональд Трамп маросимдаги нутқида.

Оқ уй раҳбарининг айтишича, Эспер Вест-Пойнт (АҚШ армияси олий федерал ҳарбий ўқув муассасаси)ни битирган. Катта тажрибага эга ҳарбий, хусусан, 1990-йилларнинг бошларида Ироқ урушида қатнашган. Сўнгги пайтларда (2017 йилнинг ноябридан бери) АҚШ армияси вазири лавозимида ишлаб, Трампнинг айтишича, «АҚШ армиясини тайёрлаш ва таъминлашда ҳал қилувчи ролни бажарган».

«У беқиёс мудофаа вазирига айланишига ишонаман», — қўшимча қилди Оқ уй раҳбари.

Билдирилган ишонч учун президентга миннатдорлигини изҳор қилган Эспер ўз бурчи, шаъни ва мамлакатига содиқлик билан хизмат қилишга ваъда берган.

Маълумот учун: АҚШ қуруқлик қўшинлари вазири Марк Эспер собиқ раҳбар Жеймс Мэттис истеъфога чиққанидан сўнг Петагон раҳбари вазифасини бажариб келаётган Патрик Шэнаҳэннинг ўрини июнь ойи охирида эгаллаган эди.

Эспер номзоди 15 июль куни президент Трамп томонидан Конгресс юқори палатасига тақдим этилган, 19 июлда сенатнинг қуролли кучлар бўйича қўмитаси томонидан тасдиқланган эди.

АҚШ Конгресси сенатининг 23 июль кунги якуний йиғилиши қарори билан Марк Эспер узил-кесил мудофаа вазирига айланди: 90 нафар сенатор ёқлаб, 8 нафар сенатор қарши овоз берган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг