Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қолган ўйинларда ҳам мана шундай ёмон ўйнаб, ғалаба қозонсак рози бўлардим – Сречко Катанец

Қолган ўйинларда ҳам мана шундай ёмон ўйнаб, ғалаба қозонсак рози бўлардим – Сречко Катанец

Фото: ЎФА

ЖЧ-2026 саралаши доирасида Ўзбекистон ва КХДР (1:0) ўртасида кечган ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида бош мураббий Сречко Катанец ва учрашувдаги ягона гол муаллифи Жалолиддин Машарипов иштирок этди. Дастлаб ярим ҳимоячи ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Яхши ўйнадик деб айта олмайман, аммо керакли натижага эриша олдик. Бу босқич биз учун ҳеч қачон осон бўлмаган, энг муҳими руҳий босимдан чиқиб кета олишдир. Нима қилиб бўлса ҳам уч очко олишимиз керак эди ва бунинг уддасидан чиқа олдик. Энг муҳими ғалабага эриша олдик ва бу билан бутун Ўзбекистон халқини табриклайман.

Ўзимиз истагандек ўйнай олмадик, бу босқичда ким билан ўйнашингиздан қатъий назар ҳаяжон бўлади. Жаҳон чемпионатига яқинлашган сари бунақа ўйинлар кўпаяди. Менимча мана шунақа ҳаяжонли ўйинлар ва ғалабалар билан жаҳон чемпионатига чиқилса керак», – деди Жалолиддин Машарипов.

Шундан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец ўйин ҳақидаги фикрларини билдира бошлади.

– Учрашув жуда қийин кечди ва унда оғир ғалабага эришдик. Тўғри, унчалик чиройли ўйнай олмадик, аммо уч очкони қўлга киритишга муваффақ бўлдик. Тўғрисини айтсам, агарда барча учрашувларда мана шундай ёмон ўйнасакда, аммо ғалабага эришсак, мен хозирдан бунга рози бўлардим. Футболда чиройли, томошабоп ўйин эмас, балки натижа муҳим ҳисобланади.

Биринчи бўлимда бизда имкониятлар кўпроқ бўлди, яна икки-учта гол урсак бўларди, аммо уддалай олмадик. Шимолий Корея терма жамоаси пеналти белгиланган вазиятни айтмаса дарвозамиз олдида хавфли вазият яратмади. Пеналтига келсак, уни аҳмоқона деб айтган бўлардим. Бунақа ўйнамаслигимиз керак, – деди Катанец.

Шу билан бирга Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи шимолий кореяликларга юқори баҳо берди.

– КХДР терма жамоасига паст назар билан қараш тўғри эмас, бу босқичда кучсиз жамоа бўлмаслигини айтгандик. Кореяликлар ҳали саралаш мусобақаси давомида бошқа жамоаларга ҳам етарлича бошоғриғи бўла олади, – деди бош мураббий.

Матбуот анжумани давомида журналистлар томонидан терма жамоа кўрсатган ўйинга нисбатан эътирозлар бўлди. Хусусан, ҳимоя чизиғига урғу берилгани сабабли олдиндаги ҳаракатлар чекланиб қолгани ОАВ вакиллари томонидан кўтарилди.

Албатта эътирозларни тўғри тушунаман, биз чиройлироқ ўйнашимиз керак эди, биз бу ўйиндан кўпроқ лаззат олишимиз, мухлисларга ёқадиган ўйин кўрсатишимиз керак эди. Аммо шуни ҳам таъкидлаш лозим, жамоа энг аввало очколарни қўлга киритиши шарт эди ва биз бунинг уддасидан чиқа олдик.

Тўғри, мухлислар чиройли, шиддатли ўйин кўргиси келади, аммо жаҳон чемпионатига чиқиш учун аввало очколар керак. Аввалги саралаш мусобақаларида Ўзбекистон терма жамоаси чиройли, ҳужумкор ўйин кўрсатган даврлар ҳам бўлган, аммо ўшанда натижага эришилганми? Йўқ! Шундай экан, биз энг аввало очколарга эга бўлишни ўйлашимиз керак, – деди Катанец.

Терма жамоа бош мураббийи КХДРга қарши ўйинга тайёргарлик кўриш учун етарлича вақт ва имконият бўлмаганини ҳам рўкач қилиб ўтди.

– Биз иккитагина машғулот ўтказдик ва КХДРга қарши майдонга тушдик. Бундай ҳолатда чиройли ва ҳужумкор ўйин кўрсатиш мумкин деб ўйлайсизми? – деди Катанец.

Терма жамоа бош мураббийи келгуси учрашувларда жамоа ўйини яхшиланиб боришига ишонишини таъкидлаб ўтди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг