Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қозоғистон ҳукумати ноқонуний активларни қайтаришга доир қонун юзасидан изоҳ берди

Қозоғистон ҳукумати ноқонуний активларни қайтаришга доир қонун юзасидан изоҳ берди

Қозоғистонда амалга киритилган «Ноқонуний йўл билан қўлга киритилган активларни давлатга қайтариш тўғрисида»ги қонун виждонли сармоядорлар, жумладан, қонуний фаолият юритаётган чет эллик инвесторларга дахл қилмайди.

Бу ҳақда Қозоғистон ҳукумати эълон қилган расмий билдиргида сўз боради.

Коррупция ҳамда жиноий йўл билан топилган мулкни легаллаштиришга қарши курашга қаратилган қонун халқаро меъёр ва стандартларни ўрганган ҳолда ишлаб чиқилган.

Ноқонуний йўл билан орттирилган мулкни давлатга қайтариш орқали Қозоғистон халқининг бузилган манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунийлик, ижтимоий адолат ва конституциявий низомни таъминлаш кўзланган.

Ушбу амалиёт йирик коррупция субъетлари ҳамда маъмурий-сиёсий ресурсларга эга шахслар билан ҳамкорлик қилувчи олигопол гуруҳларга нисбатан татбиқ этилади.

Мазкур механизм қўлланиши учун активлар миқдори ойлик минимум мезон нисбатига кўра 44,8 миллиард тенге ёки 100 млн АҚШ долларидан юқори бўлиши керак.

Қозоғистон ҳукумати шарҳида мулкни давлатга қайтариш халқаро мезонларга мувофиқ суд орқали амалга оширилиши ва бу амалиёт қонунларга итоат қилувчи сармоядорларга дахл қилмаслиги учун барча керакли чоралар кўрилиши таъкидланган.

Давлатга қайтарилган активлар ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади.

«Ноқонуний йўл билан қўлга киритилган активларни давлатга қайтариш тўғрисида»ги қонун жорий йил 12 июль куни Қозоғистон президенти томонидан имзоланган. Расман эълон қилинганидан 60 кун ўтиб, қонун тўлақонли амалга татбиқ этилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг