Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Россияда эркаклар тақчиллиги: аёллар чиқинди ташиш машиналарини ҳайдашга чақирилмоқда

Россияда эркаклар тақчиллиги: аёллар чиқинди ташиш машиналарини ҳайдашга чақирилмоқда

Россиянинг Украинага сафарбарлиги ортидан мамлакатда қатор, янги муаммолар пайдо бўлиши кутилмоқда. Масалан, эркаклар тақчиллиги!

Ёлғиз аёлларнинг кўпайиши, бунинг ортидан уларда турли хотин-қизлар касалликлари ортиши, депрессия ҳолатлари кўпайиши, отасиз қолаётган болалар руҳияти масалалари қаторида Марказий Осиёдан борган муҳожир эркаклар билан қурилаётгин байналмилал оилалар сонининг ошиши... Буларнинг барчаси урушдан кейин юзага чиқадиган мавзуларга айланмоқда.

Ҳозирча эса, эркаклар бажариб келган ишларни хотин-қизлар бўйнига ола бошлагани ҳақида маълумотлар пайдо бўла бошлади. Жумладан, юк машиналари ҳайдовчилари сафи камайиб бориши, айниқса, чиқинди ташиш бўйича муаммоларни юзага чиқара бошлади.

Россия ОАВларига кўра, Санкт Петербургдаги чиқинди ташишга ихтисослашган «Спецтранс№1» компанияси аёл ҳайдовчиларни ишга жалб этиш борасида тажрибага киришди.

Бошланишида 3 нафар номзод танланган. Улар 24-25 ёшда, бақувват. Бири ҳали турмушга чиқмаган, иккитасининг болалари бор. Табиийки, танлов ихтиёрийлик асосида амалга оширилди, дейишди уларнинг ҳамкасблари.

Бу албатта гендер тенглик иштиёқидаги қадам эмас, балки ҳайдовчиларнинг бир қисмига чақирув қоғози келаётгани билан боғлиқ ҳолат. Эҳтимол, кам қисмига ҳам эмас, кўпроғига келар – Мудофаа Вазирлиги бу касб эгаларини ҳарбий хизматга чақирилаётганлар орасида энг аҳамиятлиси деб таъкидлаган.

Маълум бўлишича, ўтган ҳафтада «НЭО» ягона минтақа оператори Петербургда чиқинди ташувчиларни сафарбарликдан олиб қолиш масаласида ҳарбий комиссариатга ариза билан чиққан. Айтилишича, вилоятда ҳайдовчилардан ташқари диспетчерлар, водоканал ходимлари, таъмирловчилар, жами 2,4 минг киши ишининг муҳимлиги сабаби билан ҳарбий хизматдан четлатилиши сўралган.

Чиқинди ташишга ихтисослашган «Спецтранс №1» ва «Ресурс АТЭ» компанияларида асосан 40 ёшдан ўтган эркаклар ишлайди. «Петро-Васте» ва «Эко Лэнде» ширкатларида эса шофёрлар анча ёш йигитлар.

«Аллақачон ҳайдовчиларни чақиришаяпти, кимлардир эса ўзи қаёққадир ғойиб бўлаяпти, ишга чиқмаяпти» дейди компаниялардан бирининг масъул ходими.

Хотин-қизларни оғир рулни бошқаришга йўналтириш ғояси ўзига хос қарама-қаршиликларга эга. Аммо буни ҳал қилса бўлади. Ўрта ва оғир юк машиналарини бошқариш учун «С» ҳайдовчилик гувоҳномаси керак. Агар автопоезд бўладиган бўлса «К» категорияли «права» лозим. Замонавий чиқинди ташувчи уловлар автоматик узатиш қутисига ва рулда гидрокучайтиргичга эга. Шунда бўйи пастлик қилса, ёстиқ қўйиб устига ўтириш мумкин.

Чиқиндидан тозалашга ихтисослашган тадбиркорлар бозори иштирокчилари Петербургда ҳайдовчилар аллачақонлар камёб, янгиларини қаердан топасан деб айтишади.

«Ҳаммасини аллақачонлар эгаллаб олишган. Охирги вақтлар узоқ сафарлар ва шаҳарлараро қатновлар камайгани ҳисобидан бир илож қилиб тургандик. Ҳайдовчининг ўртача маоши 100 минг рубль (қарийб 19 млн. ўзбек сўми миқдорида). Иш жадвали икки кун иш ва икки кун дам ёки уч кун иш ва уч кун дам. Бунда ҳар смена 12 соатдан иборат бўлади. Аммо ишда мунтазамлик, бекатларнинг бўлмаслигини ҳам тушуниш керак.

Аёлларни катта юк машиналарига ўтқазиш шарт эмас, яъни кичиклари ҳам бор – улар торроқ ҳовлиларга киришга мўлжалланган. Ҳайдаш қобилияти устун бўлиши эса бошқа гап» – дейди бизнесменлардан бири.

Бошқа тадбиркор, хонимлар эркаклар ўрнини боса олишига ишонқирамаётганини яширмайди: «Бу фақат рулни бошқариш эмас-ку. Бакларни силжитиш, илгак қилиш, орқага қайтариш керак.  Ҳозирда ёш қизлар жисмоний меҳнатга унчалик лаёқатли эмас деб ўйлайман».

«Спецтранс №1» компанияси эгаси Анатолий Язев (у соҳага ХХ асрнинг 70-йилларида кириб келган, уни чиқиндиларни тўплаш ва қайтадан ишлаш бозори патриархи деб аташади) аёл ҳайдовчиларни тайёрлаш борасидаги тажрибани инкор қилмайди: 

 - Аввалига парк ҳудудида машқ қилиб кўрамиз. Бирични бўлиб ураллик қизимиз бошлаб беради. Келбатли, эркакларни йўлда қолдиради.

- Наҳотки, сизларда ҳайдовчилар етишмаяпти?

- 1250 нафар ходимим бор, шундан 175 нафари ҳарбий мажбуриятга эга. Уларга чақирув қоғози кела бошлади.

- Бундай ғоя қандай пайдо бўлди?

- Иш бошлаган вақтимда бизда бир қиз ГАЗ-51да зўр ишларди. Айни вақтда унга янада оғирроқ ГАЗ-53 ни бермагандилар. Биз замонавийсини яратиш учун совет давридаги инструкцияларни излаяпмиз. Менда 75 нафар слесарь, 39 нафар тракторчи, кейин электриклар, механиклар ва гидравликлар бор.

 - Ғоянинг оммавий тарзда амалга ошишига ишонасизми?

- Ҳамма нарсага тайёр туриш керак.

Ўтган қишда коммунал хизматидаги сансалорлик ва пандемия туфайли Петербургда чиқинди масаласи долзарб бўлди. 2023 йилда бунга ҳайдовчилар сафарбарлиги ортидан чиқинди уюмларига тўладиган шаҳар таровати, файзи йўқолиши тайин.

Сафарбарлик эълон қилинганининг 8-кунида Петербургда 8 мингдан ортиқ кишига чақирув қоғози берилган.

М.Тангриёрова тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг