«Стартаплар мамлакати» шиори остидаги ICT Week Uzbekistan 2026 ҳафталиги бошланди
«Стартаплар мамлакати» шиори остида ўтказилаётган ICT Week Uzbekistan 2026 ҳафталигининг очилиш маросими бошланди. Тадбирда Ўзбекистоннинг рақамли технологиялар ва инновациялар соҳасидаги салоҳияти, стартап экотизимини ривожлантириш, ёшларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш ҳамда рақамли иқтисодиёт учун янги имкониятлар ҳақида сўз юритилмоқда.
Очилиш маросимида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов сўзга чиқиб, мамлакат тараққиётида инсон капиталининг аҳамиятини таъкидлади.
«Мамлакатимизнинг энг муҳим бойлиги — бу инсон капиталидир. Шу сабабли сўнгги йилларда ёшларимиз учун сифатли таълим олиш, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш ҳамда келажакда муваффақиятга эришишлари учун кенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз», — деди вазир.
ICT Week Uzbekistan 2026 ҳафталиги доирасида рақамли технологиялар, сунъий интеллект, стартаплар ва инновацияларга бағишланган қатор тадбирлар, кўргазмалар ва учрашувлар ташкил этилмоқда.
Унда Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ҳам фаол иштирок этмоқда. Марказ стендида my.gov.uz, OneID, Рақамли маълумотлар платформаси ва Data-марказ каби кундалик ҳаётимизни енгиллаштираётган йирик рақамли лойиҳалар, шунингдек, давлат идораларининг энг сўнгги рақамли ечимлари намойиш этилмоқда.
Айниқса, янги лойиҳа ва стартаплар устида ишлаётганлар учун Марказ стенди замонавий рақамли инфратузилма ва технологик имкониятлар билан яқиндан танишиш, янги ғояларни ривожлантириш учун зарур ечимларни топиш имконини беради.
«Стартаплар мамлакати» шиори остидаги ICT Week Uzbekistan 2026 ҳафталиги Ўзбекистоннинг рақамли трансформацияси, инновацион тадбиркорлик ва замонавий технологиялар соҳасидаги имкониятларини намойиш этувчи муҳим платформа сифатида давом этмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter