«Xabar.uz» судга берилганди. Натижа қандай бўлди?
Энди гапирсак бўлар? Чунки ҳаммаси ортда қолгандай. Бу ёғига «судга таъсир кўрсатишга уриниш» қабилидаги маломатларга асос бўлгулик ҳолат ҳам йўқ ҳисоб (айни шундай маломатларга нишон бўлмаслик учун ҳам шу чоққача сукутда эдик, сираси).
Хуллас, янги йил арафасида «Xabar.uz» сайти фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судидан чақирув қоғози олди. Маълум бўлишича, судда журналист Турсунали Акбаровнинг сайтимизда етти ой аввал чиққан «Рост бўламиз, қозижон! Дўст бўламиз, қозижон!..» фельетони юзасидан даъво қўзғалибди. Даъвогар Азамат Гайбназаров фельетонда ўзининг шаъни, қадр-қиммати камситилган деб ҳисоблаб, раддия бериш ва маънавий зарар учун 50 (эллик) миллион сўм ундиришни сўраган экан...
Кутмагандикми?
Сайтимизда мунтазам таҳлилий-танқидий мақолалар берилиб борар экан, воқеаларнинг бундай ривожига мудом тайёрмиз, рости. Қолаверса, оммавий ахборот воситаларида боплаб пўстаги қоқилган бирор ким «Танқид учун ташаккур», дея таҳририят ёки журналистнинг пешонасидан чўлпиллатиб ўпмаган шу пайтгача...
Қисқаси, шу йилнинг 10 январь куни суд мажлиси бошланди. Унда даъвогарнинг адвокати ва ишончли вакили Отабек Аблақулов даъвони астойдил қўллади. Биз ҳам ўз навбатида даъво асоссиз экани, фельетондаги барча ҳолатлар аниқ факт ва инкор этиб бўлмас далилларга таяниб ёзилганини айтиб, уларни (далил-фактларни) тақдим этдик.
Айтиш керак, судда томонлар ўртасида яхшигина тортишув кечди...
Шу билан суд мажлиси якунига етаётгангандай эди. Бироқ даъвогар томон ғарибгина асос келтириб, суд мажлисини бошқа кунга қолдиришни илтимос қилдики, тараф сифатида биз қаршилик қилганимиз йўқ.
Суд илтимосномани қаноатлантирди.
Бугун, 21 январь куни суд мажлиси келган жойидан давом этиши керак эди. Бироқ, биздан илгарироқ келган бўлса керак, даъвогар вакили судга ариза қолдириб кетибди: фуқаролик ишини кўрмасдан қолдириш ҳақида.
Шу тариқа фуқаролик иши кўрмасдан қолдирилди.
Даъвогарнинг бизга нисбатан судда даъво қўзғаши — унинг ҳуқуқи, албатта. Шу маънода унга нисбатан кўнглимизда кин ёки адоват йўқ, бу ҳақда ҳатто гап бўлиши мумкин эмас. Инсонни муайян мезонларга кўра, «яхши» ёки «ёмон» тоифаларга ажратиш мумкиндир, илло қонуний ҳуқуқ масаласида ҳамма тенг. Яъники, кимни ёмон кўрсангиз — ихтиёр сизда, илло унинг қонуний ҳуқуқини ҳурмат қилмоққа мажбурсиз. Қонун шуни талаб қилади. Шунингдек, даъвогарнинг «фуқаролик ишини кўрмасдан қолдириш ҳақида» ариза берганини ҳам мурувват тариқасида талқин қилиш фикридан йироқмиз. Судда даъво қўзғашга қўзғаб, жараённинг ярмидан кўпи ўтганда кутилмаганда ортга чекинишига қонун изн беряптими, марҳамат — буям унинг ҳуқуқи. Фақат айтишимиз мумкинки, даъвогарнинг чекиниши ёзганимиз асоссиз эмаслиги, демакки, юзимиз ёруғ эканига ҳам далолат қилади. Бардавом бўлсин, илоё!
Тағин бир гап: даъвогар ва «Xabar.uz»нинг судлашуви шу тарзда поёнига етди. Бундай якун даъвога сабаб бўлган «Рост бўламиз, қозижон! Дўст бўламиз, қозижон!..» фельетонида қаламга олинган ҳолатларга қонуний баҳо бериш масаласини яна бир карра кўндаланг қўяди. Бу энди юқорироқ босқич судларининг ваколатига кирадиган масала.
Кутамиз.
Пировардида, айни жараёнларда «Advokatnews.uz», «Azon.uz», «Kun.uz» сайтлари, «ZedNews» телеграм-каналидаги ва бошқа ҳамкасбларнинг хайрхоҳлиги ва маънавий мадади учун миннатдор эканимизни айтишга бурчлимиз...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter