Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Янги бош вазирнинг режаси Токио биржасини қулатди

Янги бош вазирнинг режаси Токио биржасини қулатди

Фото: Depositphotos

Япониядаги 225 та йирик компания акциялари курсларини акс эттириб борадиган Токио фонд биржаси (Nikkei) асосий индекси душанба кунги савдоларда кескин 4,65 фоиз пасайиб, 38 063 пунктгача тушди. Инвесторлар мамлакатнинг бўлғуси бош вазири Сигэру Исибанинг иқтисодий сиёсатидан хавотирга тушиши бунга сабаб бўлди, дейилади хабарда.

Биржа савдоси ёпилишида индекс 37 845 пунктгача тушди — кун давомидаги якуний қулаш 4,8 фоизни ташкил қилди.

«Пул-кредит сиёсатини нормаллаштириш зарур», — деган эди бош вазирлик учун сайловдаги ғалабасидан сўнг Исиба.

Япония банки (Марказий банк) бозорни рағбатлантириш ва узоқ йиллик дефляциядан чиқиш учун сўнгги йилларда ўта юмшоқ пул сиёсатини юргизиб келаётганди. Регулятор шу йил баҳорида 17 йилда биринчи марта манфий кўрсаткичли асосий фоиз ставкасини оширди, июл охирида эса уни инфляция мақсадли кўрсаткичидан ошадиган 0,25 фоизгача кўтарди.

Шундан сўнг Япония банки танқидларга учради. Ёмон иқтисодий статистика шароитида пул-кредит сиёсати қаттиқлаштирилиши август ойи бошида бутун дунёда фонд бозорлари қулашига олиб келган асосий омиллардан бири сифатида кўрсатилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг