Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сенаторлар медиация ҳақидаги қонунни маъқулладилар

Сенаторлар медиация ҳақидаги қонунни маъқулладилар

Фото: Елена Липовская

2018 йил 28 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси иш бошлаган эди. Ялпи мажлисда Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев олиб борди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати хабар берди.

Сенаторлар ишни «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқишдан бошладилар. Қонун шахс, жамият ва давлатнинг экстремизмдан хавфсизлигини таъминлашга, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга, фуқаролар тинчлигини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлашга қаратилган.

Қонунда экстремизмга қарши курашишнинг асосий тушунчалари, принциплари ва йўналишлари, бу соҳада фаолиятни амалга оширувчи органлар доираси ва уларнинг ваколатлари, экстремизмга қарши курашиш чора-тадбирлари, шунингдек, экстремистик фаолиятни амалга оширганлик учун жавобгарлик назарда тутилган.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонун аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда экстремизмга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантиришга, экстремизм соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйишга, шунингдек, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашга, халқаро умумэътироф этилган нормалар ва стандартларни ижро этишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра сенаторлар «Медиация тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасида низоларни тартибга солишнинг муқобил усулларини ривожлантириш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишдан, мамлакатимиз суд тизимида иш ҳажмини камайтиришдан иборат.

Ушбу Қонун фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга, шунингдек, якка меҳнат низоларига, оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилади. Шуниси эътиборлики, ушбу Қонун медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат манфаатларига дахл қиладиган ёки дахл қилиши мумкин бўлган низоларга нисбатан қўлланилмайди.

Қонунда медиаторнинг фаолияти профессионал ёки нопрофессионал асосда амалга оширилиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Профессионал асосдаги медиатор фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, шунингдек, Профессионал медиаторлар реестрига киритилган шахс амалга ошириши мумкинлиги Қонунда назарда тутилган.

Нопрофессионал асосдаги медиатор фаолиятини йигирма беш ёшга тўлган ва медиатор вазифаларини бажаришга розилик берган шахс амалга ошириши мумкин. Қонунда медиация тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмаслиги, махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги принциплари асосида амалга оширилиши ҳам кўрсатилган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг