Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзи учар гиламлардан экранлар қаъригача....

Ўзи учар гиламлардан экранлар қаъригача....

Фото: Сунъий интеллект

Гоҳида ўйга толаман, авваллари кунлар ҳам, тунлар ҳам бугунгидек шошқалоқ эмасди, узун ва баракали эди. Кўча чангитиб қора кечгача тўп тепган, уй юмушларини битириб, китоб варақлаган, ёзги таътилда бувиларимиз тушлик пайти ухлатишларидан қочиб, тезроқ пешин ўтишини кутган беғубор дамлар... Энг муҳими, маҳаллада ҳамма бир-бирини танир, ҳар бир бола бутун жамоанинг эътиборида эди. Одамлар бир-бирининг кўзига қараб гаплашар, меҳр ва оқибат оғзаки эмас, амалий ҳаёт тарзи эди. Энди-чи?

Чексиз эҳтиёжлар ва рақамли технологиялар асрида вазият қандай?

Биз маиший ташвишлар, тўкинлик ва моддият пойгасига шу қадар шўнғидикки, энг қимматли неъмат – вақт ва жонли мулоқот эканини бой бериб қўйдик. Илгари эрталаб бир бурда нон ва ширин чой билан куни бўйи яйраб юрган болалар билан нозу неъмат тўла дастурхон устида «уни емайман, буни киймайман» деб хархаша қилаётган болалар ўртасида катта фарқ бор.

Бугунги «Z» ва «Альфа» авлодлари шундоқ ҳам рақамли муҳит ичида туғилди. Аммо фожиа шундаки, биз уларни анъанавий маънавий борлиқдан узиб, виртуал қармоқларга ўз қўлимиз билан топшириб қўймоқдамиз. Бугун оилаларда хавфли бир «маънавий вакуум»  яъни эмоционал бўшлиқ пайдо бўлди. Бола ота-онасининг кўзига қараб гапиришни эмас, экран билан мулоқот қилишни одат қилмоқда. Агар оиладаги бу бўшлиқни ота-онанинг меҳри тўлдирмас экан, уни бегона виртуал дунё шубҳасиз ўз домига тортади.

Бу муаммо бугун тўсатдан пайдо бўлиб қолгани йўқ. Миллат қайғуси билан яшаган маърифатпарвар жадид боболаримиз бундан бир аср муқаддам тарбияни бежиз ҳаёт-мамот масаласи даражасига кўтармаган эди. Абдулла Авлоний ўзининг «Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ» асарида: «Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масъаласидур», дея бонг урганда айнан фарзанднинг руҳий тарбиясига бефарқ бўлмасликни назарда тутган эди. Улуғ мутафаккир Маҳмудхўжа Беҳбудий «Ойна» журналидаги мақоласида «Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур. Бунинг пойдевори эса гўдакликдан бериладиган тарбия ва илмдир», деб уқтирган бўлса, Абдурауф Фитрат ўзининг машҳур «Оила ёки оила бошқариш тартиблари» асарида, «Ҳар бир миллатнинг саодати ва иззати, албатта, шу халқнинг ички интизоми ва тотувлигига, оилавий тарбиясининг тўғри йўлга қўйилганига боғлиқдир», дея оила ва ота-онанинг шахсий масъулиятини давлат пойдевори сифатида белгилаган эди.

Бугунги Янги Ўзбекистон тараққиётида ҳам мазкур тарихий ҳақиқат давлат сиёсати даражасидаги асосий устунга айланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил ўтказилган «Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш масалалари»га бағишланган видеоселектор йиғилишидаги нутқида аниқ ва кескин хулосани илгари суради: «Агар болаларимизни мактабгача бўлган даврда тўғри тарбиялаб, уларнинг онгига миллий ва умуминсоний қадриятларни сингдирмасак, кейин кеч бўлади. Ёш авлод тарбияси – бу давлат аҳамиятига молик, келажакни белгилайдиган энг муҳим вазифадир. Бола дунёқарашининг шаклланишида оиланинг, ота-онанинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Болага энг катта бойлик – бу унга берилган чинакам тарбия, меҳр ва эътибордир».

Аммо бу ҳақиқатларни кундалик ҳаётимизда қанчалик амалга оширяпмиз? Кун бўйи боғча ёки мактабда ота-онасининг келишини интизор кутган жажжи қалблар оқшомда уйга ҳориб келган ота-онасидан илиқ нигоҳ ва меҳр кутади. Катталар эса чарчоқни баҳона қилиб, мулоқот қилиш ўрнига қўлидаги телефонига ёки телевизорга термулиб ўтиришни афзал кўради.

Жажжи болаларнинг дарди жамиятнинг катта дарди....

Куни кеча ишдан чарчаб қайтганимда, қизалоғим кўзлари қувончдан порлаб олдимга югуриб келди: «Ойижон, ойижон, «Бек ва Лола»нинг янги қисми чиқибди, роса зўр экан, қўйиб берайми?» Мен эса ҳорғинлик билан, «Ҳозир уй ишларини тугатай, кейин кўрамиз, энди ишдан келдим-ку», дедим. Шу лаҳзада унинг маъсум кўзларидаги учқун дарров сўниб, нигоҳида маҳзунлик сезилди. Бу нигоҳ қалбимни тешиб юборди. Ҳамма нарсани йиғиштириб, компютер қаршисига ўтирдим.

Мультфильмнинг «Болалик» деб номланган қисми бугунги аксарият ота-оналар учун шафқатсиз бир ҳақиқат кўзгуси экан. Эркалик қилгиси, отаси билан турли ўйин ўйнагиси келаётган жажжи қаҳрамонларнинг дарди – аслида бугунги жамиятимизнинг катта дарди. Она рўзғор ташвишлари гирдобида, ота эса телефон ва ишдан бош кўтара олмаётган манзарада янграган мана бу мисралар тош қалбни ҳам ларзага солади:

«Ишдан чарчаб келсангиз, кулиб кутиб оламиз,

Бағрингизга отилиб, дадажон, ачом-ачом қиламиз.

Футбол ўйнайлик бирга, чалғимаймиз телефонга,

Ғаниматдир бу кунлар, дадажон,

Ёдда қолсин бир умрга!

Дада, дада, дада, дадажон...

Келинг, биз билан ўйнаб, болаликка қайтинг бир он,

Бахтлироқ ўтади сиз билан вақтимиз бирга,

Омон бўлинг ҳар қачон, дада, дада, дадажон!»

Юқорида келтирилган лавҳа Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан миллий анимациямизда айнан мана шундай чуқур психологик, оилавий қадриятларни ҳимоя қилувчи миллий контент яратилаётгани улкан аҳамиятга эга. Бу шунчаки мультфильм эмас, балки фарзанд тарбиясидаги бўшлиқни кўрсатиб берувчи миллий огоҳлик бонгидир. Болага ҳашаматли машина, бренд кийим ёки қимматбаҳо буюм эмас – ота-онанинг меҳрли овози, самимий қучоғи ва бирга ўйналган жонли лаҳзалар керак.

Энди бир эслайлик... Биз эртакларга ишониб яшаган кечаларимизни бир эсланг. Устоз Ҳамид Олимжон ўзининг «Ойгул билан Бахтиёр» достони муқаддимасида бежиз ёзмаган эди:

«Болалик кунларимда,

Уйқусиз тунларимда,

Кўп эртак эшитгандим,

Сўйлаб берарди бувим.

Эсимда ўша дамлар,

Ўзи учар гиламлар...

Бувимнинг ҳар қиссаси,

Ҳар бир қилган ҳиссаси

Фикримни тортар эди,

Ҳавасим ортар эди.

Тинглар эдим бетиним

Узун тунлар ётиб жим...»

Қаранг, бу шеърда нафақат соғинч, балки катта педагогика ётибди! Болани эртак, суҳбат ва жонли сўз тарбиялайди. Биз бола пайтимизда болаликнинг қадрига етмадик, аммо бугун ота-она бўлиб фарзандимизнинг энг беғубор дамларини виртуал дунё гирдобига ташлаб қўйишга қандай ҳаққимиз бор? Бобо-бувиларимизнинг бизга айтган эртаклари, чеккан бедор тунлари қалбимизга меҳрдан мустаҳкам қалъа қуриб берган эди.

Наҳотки бу маънавий занжир айнан бизнинг авлодга келганда узилса?

«Бек ва Лола» қаҳрамонлари катталарга бир буюк қонуниятни эслатади: «Сиз ҳам бола бўлгансиз, бобо-бувиларимиз бағрида бахтли эдингиз... Биз ҳам сиздек бўлиб улғаямиз». Фарзанд – бизнинг кўзгумиз. Бугун биз уларга ажратмаган вақт ва меҳрни эртага улар ҳам ўз фарзандларига бера олмайди. Шу тариқа меҳрсизлик авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтади.

Инсон эҳтиёжлари чексиз, аммо Яратган ўлчаб берган умр ва вақт – қайтариб бўлмас олий неъматдир. Моддий бойликни ҳар куни қайта топиш мумкин, аммо бой берилган болаликнинг биргина лаҳзасини жаҳоннинг барча хазиналарига ҳам сотиб олиб бўлмайди.

Аслида бола учун ота-она топаётган моддият эмас, балки унга ажратилган вақтнинг ўзи энг буюк давлатдир. Кечаги авлод бобо-бувиларининг эртаклари ва ота-оналарининг намунаси билан миллий руҳда вояга етган бўлса, бугун фарзандларимиз экран қармоғида бегона ғоя ва совуқ виртуал дунёнинг тарбияланувчисига айланиб қолмоқда.

Абдулла Авлоний айтган «ҳаёт-мамот масаласи» мана шу ердан бошланади. Биз болаларимизга дунёни олиб беряпмиз, аммо улардан ўзимизни олиб қўймоқдамиз. Бугун уйга борганда совуқ экранларни бир четга суриб, кўнгил ришталарини қайта боғлашга куч топайлик. Зеро, ота-она меҳри билан тўйинмаган юракда эртага Ватанга, эл-юртга бўлган садоқат қаердан пайдо бўлади?

Болаликни бой бериш – бу миллатнинг эртасини бой бериш демакдир. Улгуриб қолайлик, чунки вақт оқмоқда, болалик эса ғаниматдир!

Нигора Ҳусанова,
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти
катта илмий ходими

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг