АҚШ Эронга «барча бомбаларнинг онаси»ни ташлаши мумкин. Бомба ҳақида нималар маълум?
GBU-43/B Massive Ordnance Air Blast (MOAB)
АҚШ ҳарбийлари Эроннинг энергетика инфратузилмаси ва ядровий объектларига эҳтимолий зарбалар беришнинг янги режаларини ишлаб чиқди. Унда «барча бомбаларнинг онаси» деб таърифланувчи GBU-43/B (MOAB) кучли ноядровий бомбасини қўллаш эҳтимоли ҳам кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда CNN ўз манбаларига асосланиб хабар берди.
Агар АҚШ президенти Доналд Трамп оралиқ сайловлардан олдин ёки кейин ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаш ҳақида буйруқ берса, ушбу қурол ишлатилиши мумкин. Шу билан бирга, ОАВ манбаларига кўра, бу қурол Трамп илгари сурган стратегик мақсадларга эришишда ёки уруш ҳаракатлари йўналишини ўзгартиришда қанчалик самара бериши ҳозирча савол остида қолмоқда.
«Барча бомбаларнинг онаси» ҳақида
GBU-43/B Massive Ordnance Air Blast (MOAB) — бомбанинг расмий номи шундай, ҳарбийлар орасида жарангдор «Mother of All Bombs» («Барча бомбаларнинг онаси») номи кенг тарқалган.
Бу АҚШ қурол-аслаҳа омборидаги энг кучли ва энг йирик ноядровий (оддий) авиабомба ҳисобланади. У ядровий қурол ишлатмасдан туриб, максимал даражада катта вайронкорлик ҳосил қилиш учун яратилган.
Бомбанинг асосий техник кўрсаткичлари:
- Оғирлиги: 9 850 кг (қарийб 10 тонна). Шундан 8 500 кг қисмини портловчи модда ташкил қилади.
- Ўлчамлари: узунлиги — 9,18 метр, диаметри — 103 см.
- Ичидаги модда: Гексоген, тротил ва алюминий кукуни қоришмасидан иборат кучли Н-6 моддаси ишлатилади (у тротилдан 1,35 баравар кучлироқ).
- Портлаш қуввати: 11 тонна тротил эквивалентига тенг.
- Бошқарув тизими: Бомба сунъий йўлдош навигацияси (GPS) ва инерциал тизим орқали нишонга аниқ йўналтирилади.
Қандай ишлайди?
Бомба ерга тегмасдан, ер юзасидан тахминан 1,8 метр баландликда ҳавода портлайди. Бу портлаш тўлқинининг ерга ютилиб кетмай, ён томонларга максимал даражада кенг тарқалишини таъминлайди.
Вайрон қилиш радиуси 140-150 метр атрофида бўлса-да, кучли зарб тўлқини 1,5–2 километр масофагача бўлган бинолар, техника ва тирик жонзотларни йўқ қилади ёки жиддий шикастлайди.
Асосий вазифаси: Ушбу бомба ер остидаги чуқур туннеллар, ғорлар тизими, бункерлар, мина майдонлари ҳамда кенг майдондаги мустаҳкамланган ҳарбий объектларни йўқ қилиш учун ишлатилади. У ҳосил қиладиган ҳаво босимининг кескин ўзгариши (вакуум эффекти) ҳатто ер остига бекиниб олган одамларнинг ўпкасини парчалаб юборади.
Олдин ишлатилганми?
Бу қурол 2003 йилда Ироқ уруши даврида ишлаб чиқилган бўлса-да, АҚШ армияси уни тарихда фақат бир марта жанг майдонида ишлатган. 2017 йилнинг 13 апрелида Афғонистоннинг Нангарҳор вилоятида ИШИД террорчилари яширинган йирик ер ости ғорлар ва туннеллар тизимини йўқ қилиш учун ташланган.



Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter