Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қуёшнинг тарихдаги энг аниқ тасвирлари эълон қилинди — улар муҳим сирни очиши мумкин

Қуёшнинг тарихдаги энг аниқ тасвирлари эълон қилинди — улар муҳим сирни очиши мумкин

Inouye телескопида олинган ушбу суратда Қуёш сиртидаги Келвин–Гелмгоҳ нобарқарорликлари деб аталувчи ҳодиса белгилари акс этган.

Фото: NSF/NSO/Aura/MP

Астрономлар Қуёшни Гавайида жойлашган дунёдаги энг кучли Inouye қуёш телескопи орқали кузатиб, қуёш доғи яқинидаги магнит фаол ҳудудда ўлчами 20 километрдан ҳам кичик бўлган янги тузилмаларни аниқлади.

Бу тасвирлар Қуёш юзасида кечаётган жараёнларни мисли кўрилмаган даражада намоён этмоқда. Улар олимларни ўнлаб йиллардан бери ўйлантириб келаётган савол — Қуёшнинг ташқи атмосфераси, яъни тожи нега унинг юзасидан миллионлаб даража иссиқроқ эканига жавоб топишга ёрдам бериши мумкин.

«Бу Қуёш юзасининг ҳозиргача олинган энг юқори фазовий аниқликдаги тасвирларидир», — деди АҚШ Миллий қуёш обсерваториясининг катта илмий ходими доктор Фридрих Вёгер. Мазкур телескоп Мауи оролидаги Ҳалеакала вулқони чўққиси яқинида жойлашган.

Аввалги кузатувлар Қуёш юзаси қарийб Франция ҳудудига тенг донадор тузилмалардан ташкил топганини кўрсатган эди. Ўша пайтда 30 километргача бўлган деталларни ажратиб кўриш мумкин бўлган бўлса, янги тасвирлар телескопнинг техник имкониятлари чегарасида олинган.

Қуёш юзасининг 2020 йил бошида олинган тасвирлари.
Фото: NSO/Aura/NSF

Сўнгги тасвирларда Қуёш юзасидаги майда гирдобсимон тузилмалар олимлар Келвин–Гелмголц нобарқарорликлари (KHI) деб атайдиган ҳодисанинг белгилари сифатида аниқланди. Бу ҳодиса тез ҳаракатланаётган плазма секинроқ ҳаракатланаётган плазма қатлами ёнидан силжиганда, уларнинг чегарасида ҳосил бўладиган силжиш туфайли юзага келади. Натижада Қуёш плазмасида кичик бузилишлар пайдо бўлиб, кейинчалик қирғоққа урилаётган тўлқинларга ўхшаш айланма гирдобларга айланади.

Олимлар Келвин–Гелмголц нобарқарорликларини кўллар ва океанларда, Ер атмосферасидаги булутларда, шунингдек, Юпитер ва Сатурн атмосфераларида кузатган. Бироқ уларнинг Қуёшда мавжудлиги илк бор тасдиқланмоқда. Тадқиқот натижалари Nature журналида эълон қилинган.

Қуёш чақнашлари, плазма оқимлари ва коронал масса чиқарилишлари каби портлашсимон ҳодисалар юлдуз ичидаги ўта кучли ва доимий ўзгариб турувчи магнит майдонлари таъсирида юзага келади. Бундай портлашлар Ерда электр тармоқлари, сунъий йўлдошлар, GPS навигацияси ва глобал алоқа тизимлари ишида кенг кўламли узилишларга сабаб бўлиши мумкин.

Қуёш юзасининг сўнгги тасвирларидан бирининг катталаштирилган қисми.
Фото: NSF/NSO/Aura/MPS

Магнит майдонлари Қуёшдаги қизиган, электр зарядланган плазманинг ҳаракати натижасида ҳосил бўлади. Бироқ бу жараённинг физик хусусияти ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Олимларга маълумки, магнит майдони чизиқлари ўрилган соч толалари каби бир-бирига ўралиб, катта кучланиш ҳосил қилади. Чигаллашган чизиқлар узилганда эса бу энергия бир зумда чиқиб кетади. Аммо бу жараённи айнан нима бошлаши ҳозиргача аниқ эмас.

Эндиликда олимлар айланма гирдобларни айнан шу жараённинг асосий сабабчиларидан бири деб ҳисобламоқда. Улар магнит майдони чизиқлари нега дастлаб ўралиб кетишини тушунтириши, шунингдек, Қуёш тожи ҳарорати нега бир неча миллион даражага етиши, Қуёш юзаси эса Целсий шкаласи бўйича атиги 6 минг даража атрофида бўлишининг сабабини изоҳлаши мумкин.

«Бу қуёш физикаси ва астрофизикада сўнгги ярим асрдан буён сақланиб келаётган энг катта сирга ечим бўлиши мумкин. Тизимда бундай нобарқарорлик юзага келганда, энергияни янада майдароқ миқёсларга ўтказиш жуда осонлашади. Маълум бир пайтда эса бу энергия иссиқлик кўринишида тарқалади. Айнан шу жараён Қуёш ва унга ўхшаш юлдузларнинг ташқи атмосфераси — тожининг ўта иссиқ бўлишига сабаб бўлиши мумкин», — деди тадқиқот гуруҳи аъзоси доктор Дэвид Куридзе.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг