Тарозида тортилган палов ва деҳқоннинг шўри
Мен ўн биринчи синфни битиргандан кейин Ўшда ўқидим, ҳарбий хизматда бўлдим, мактабда ўқитувчилик қилдим. Шундан кейингина Тошкентга келиб, ўзимдан беш-олти ёш кичиклар билан ўқидим. Шаҳарда ҳаётига кўникишим қийин бўлди. Чорсу бозорида паловни тарозида тортиб сотаётганларини кўриб, йиғлаб юборай деганман.
Шу ҳолатда темирйўл вокзалига қатнайдиган трамвайни узоқ кутдим. Келавермади. Ички бир овоз «Орқангга қайт, шаҳарлик бўлишни сенга ким қўйибди», дерди. Агар шу лаҳзада трамвай келганида, ишонингки, уйга қайтиб кетган бўлардим.
Бир пайт бозорга кираверишда – қадим мадрасанинг шундоқ ёнида қовун юклаган аравани юк машина тўйқус туртиб юборди. Арава ағдарилиб, қовунларнинг кўпи ёрилиб, тупроққа қорилди. Бу йилги ҳосилнинг олди!
Деҳқонга қийин бўлди. Икки ёндан визиллаб ўтаётган машиналар қовунларни ерга қапиштириб ўтишмоқда. Ёрилган-ёрилмаганини қўлтиқлаб кетаётганларни кўриб турибман. Ўша ернинг ўзида ютоқиб еяётганлар-чи? Эчкига жон, қассобга ёғ қайғуси.
Бир неча киши кўтар-кўтар қилиб, аравани ўнгладик. Бутун қовунларни йўл четига тўпладик. Шу ерда арзон-гаровга кетди. Ўзини зўрға тутиб турган қовунчи елкамга қоқиб, «Раҳмат, ўғлим», деди. Шунақа дедики, бу – менинг шаҳарда яшаётганимдан бери эшитган биринчи раҳматим то ҳануз ёдимдан чиқмайди.
Раҳматли дадам қўшнимиз Аливой бува билан бирга қишлоқ четидаги Савдогарариқ ёнида (ариқнинг номи шундай эди) бир-икки йил кўмма қилиб, қовун экишган. Мен тенгдошим Ҳайитвой билан уруғ ташланадиган чуқурни гўнг билан тўлдирардик. Шундай қилинса, ҳосил зўр бўлади. Тилни ёрадиган ўша қовунларни эсладим. Оғир меҳнат. Полизни ҳар куни оралаб *туриш керак. «Банги девона» деган алаф ўсиб чиқиб, энди гулдан чиққан палакни ғиппа ёқасидан олади.
Деҳқон йигитга шуларни гапириб бераётган эдим, шарақ-шуруқ қилиб мен кутган трамвай келиб қолди. Мен унга бир нигоҳ ташладим-у, фикримдан қайтиб, ижара уйига олиб борадиган катта йўлга бурилдим...
Аҳмаджон Мелибоев


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter