Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Билайн» абонент тўлови нархларини кескин оширади, «UMS» ва «Uzmobile»-чи?

«Билайн» абонент тўлови нархларини кескин оширади, «UMS» ва «Uzmobile»-чи?

Бугун кунлик тўлов, эртага навбат ойлик тариф режаларигами?

Иллюстра́ция: «Xabar.uz»

Ўтган йили сентябрь ойида мамлакатимизда валюта сиёсатининг либераллаштирилиши натижасида турли товарлар ва хизматларнинг нархида ўсиш ҳолатлари кузатилди. Фақатгина алоқа хизматлари нархлари эски ҳолича қолган эди.

Аммо шу йилнинг 20 январида «Билайн» компанияси 2018 йил 1 февралидан бошлаб тариф режаларининг кунлик абонент тўлови оширилишини маълум қилди. Унга кўра, кунлик абонент тўловига эга тарифларда кунлик абонент тўлови ўрта ҳисобда 66 фоизгача оширилган: «Bravo Online», «Bravo Vodiy» ва «Браво Ooo!» — 252,6 сўмдан 420 сўмга, «Zo'r-zo'r» «Mix», «Жуда оддий!» — 210,5 сўмдан 350 сўмга, «Янги О!», «Қўшнилар+», «Клик» —168,4 сўмдан 280 сўмга.

Бу мобиль алоқа хизматлари нархининг кўтарилишидаги дастлабки қадамми? Кўпчиликни ташвишлантирадиган савол. Сабаби мамлакатимизда салкам 23 миллион киши мобиль алоқадан фойдаланади. Кундалик эҳтиёжга айланган бу хизматнинг қимматлашиши ижобий ҳолат эмас, ҳар ҳолда. Устига-устак, абонентлари сони бўйича энг йирик компания бу ишга қўл урди. Қолаверса, «Билайн» ҳозир фақат кунлик абонент тўловига эга тариф режалари нархини ошираётган бўлса, эртага навбат абонент тўлови ойлик тўланадиган тариф режаларига келмайдими? Ундан кейин сўзлашувнинг дақиқаси учун тўловлар, мобиль интернет...

«Xabar.uz» мухбири нархлар сиёсати борасида бошқа компаниялар қандай ниятда экани билан қизиқди.

«UMS» компанияси вакили компания абонентлар манфаатларини ўйлаган ҳолда ҳамда мобиль алоқа хизматлари нархлари ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида тариф режалари ҳамда хизматлар учун нархларни ўзгартиришни режалаштирмаётганини маълум қилди. Ҳозирда компания томонидан янги тариф режалари ишлаб чиқилаётгани, улар абонентларнинг овозли суҳбат ҳамда интернет-трафикка бўлган талаб ва эҳтиёжларини максимал тарзда қамраб олиши кутилаётгани қўшимча қилинди.

«UZMOBILE» миллий алоқа оператори ҳам ўз абонентлари манфаатларини ўйлаб, мобиль алоқа хизматлари учун нархларни оширмаслигини билдирди. Аксинча, компания мижозларга янада арзон ва қулай тарифлар тақдим қилишни давом эттириш ниятида.

Қизиқ, бир савол ўйлантиради: мамлакатимизда барча мобиль компаниялари учун тенг имкониятлар яратиб берилган бўлса, нега бири нархларни оширмасдан, аксинча, янада қулай тарифлар яратиш билан овора бўладию, иккинчиси ошириб юборади? Ахир ўша компания биринчилардан бўлиб, Ўзбекистон ҳукумати яратган имкониятлардан фойдаланган ва абонентлари сонини ошириб олмаганмиди? Энди бозорда бошқаларга нисбатан устунликка эга бўлиб олиб, ўзи истаган қарорни қабул қилиш деганими бу? Кейинги қарор қанақа бўлади? Миллионлаб абонентларнинг ишончи-чи?

«Xabar.uz» ушбу мавзуга яна қайтади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг