Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Инновация ва креатив ёндашувлар асосида. АКТ-мактабга ўқишга кира олган 10-синф ўқувчиларига компютер берилади

Инновация ва креатив ёндашувлар асосида. АКТ-мактабга ўқишга кира олган 10-синф ўқувчиларига компютер берилади

IT-мактабга қабул қилинган ҳар бир 10-синф ўқувчисига ойлик йўл чиптаси ҳамда компютер берилади.

Фото: «INHA»

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14 сентябрдаги қарори асосида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилганидан хабарингиз бор.

Ихтисослаштирилган мактабда болаларга давлат умумий ўрта таълим стандартлари асосида замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб қилган ҳолда математика, физика, информатика ва чет тили фанлари чуқур ўргатилади.

Шунингдек, ўқувчиларда дастурлаш асослари, маълумотлар базалари ва ахборот хавфсизлиги кўникмалари ва медиа маданиятни мактаб давридан бошлаб шакллантириш кўзда тутилган.  Мактаб низомига кўра, таълим ўзбек тилида олиб борилади.

АКТ-мактабга нечанчи синфдан ўқувчилар қабул қилинди?

Мактабга дастлаб 5-синфдан қабул эълон қилинди. АКТга қизиқиши юқори бўлган ўқувчилар томонидан шу йилнинг 16 октябр кунига қадар 189та ҳужжат топширилди.

Математика бўйича имтиҳон 21 октябр  куни ва инглиз тили бўйича имтиҳон 22 октябр куни ўтказилди. Имтиҳонларни Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети ходимлари давлат тилида ўтказдилар. Ота-оналар имтиҳонни монитор орқали онлайн кузатиб туришди.

Кириш имтиҳонлари якунларига кўра, ихтисослаштирилган мактабнинг 5-синфига 60 нафар ўқувчи қабул қилинди ва ўқиш жорий йилнинг 10 ноябридан бошланди.

10-синф ўқувчилари ҳам ўқишга қабул қилинади

Жорий йилда кўплаб ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчилар ҳамда кенг жамоатчилик томонидан билдирилган таклифлар асосида юртимизда 11 йиллик таълим қайта тикланди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги қошидаги АКТ-мактаб 2017-2018 ўқув йили учун 10-синф ўқувчиларини қабул қилиш учун танлов эълон қилди.

Қандай ҳужжатлар топширилиши керак?

  • Мактаб директори номига ариза;
  • Туғилганлик ҳақида гувоҳнома ёки паспорт нусҳаси;
  • 086/У-шаклдаги тиббий маълумотнома;
  • Яшаш жойидан маълумотнома;
  • 3х4 ҳажмда 6та фотосурат;
  • 9-синфни битирганлик тўғрисидаги шаҳодатнома нусҳаси;
  • Ота ва она паспорти нусҳаси.

Ҳужжатлар қаерга топширилади?

Ихтисослаштирилган мактаб манзили: Мирзо Улуғбек тумани,Тепамасжид кўчаси, 4-уй. Телефон рақами: 262-48-87.

Ҳужжатлар 2018 йил 6 январ кунига қадар қабул қилинади.

Имтиҳон Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети биносида ўтказилади.

Инфографика: «Xabar.uz»

Махсус акция! АКТ-мактабга қабул қилинган ҳар бир 10-синф ўқувчисига ойлик йўл чиптаси ҳамда компютер берилади

2018 йил юртимизда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» деб номланиши муносабати билан АКТ-мактабда махсус акция ташкил этилди.

Унга кўра, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган ўқувчилар қатор имтиёзларга эга бўладилар.

Ўқишни истаган ёшлар 2018 йилнинг 6 январ кунига қадар керакли хужжатларни топширишлари ва матeматика, физика, инглиз тили фанларидан ёзма имтиҳонлардан ўтишлари лозим.

Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган ўқувчилар ахборот технологиялари, физика ва математика фанларини чуқур ўрганишлари билан бирга қатор имтиёзларни қўлга киритадилар.

Жумладан, ҳар бир ўқувчига ойлик йўл чиптаси ҳамда ўқиш давомида фойдаланиш учун компютер берилади.

Бундан ташқари физика, математика ва инглиз тилидан Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети ўқитувчиларидан қўшимча дарсларда иштирок этиш имкониятига эга бўладилар.

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ушбу ташаббуслардан ягона мақсад: «Ўзбекистон илм-фан, интеллектуал салоҳият соҳасида, замонавий кадрлар, юксак технологиялар борасида дунё миқёсида рақобатбардош бўлиши шарт».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг