Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Буюк Британия ўз фуқароларини Ўзбекистонга сафар борасида огоҳлантирди

Буюк Британия ўз фуқароларини Ўзбекистонга сафар борасида огоҳлантирди

Буюк Британия ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқароларини Ўзбекистоннинг жанубий чегара минтақасига сафар қилмасликка чақирди.

Инглиз ташқи сиёсат маҳкамасига кўра, айни пайтда қироллик фуқаролари Ўзбекистон–Афғонистон чегарасидан 5 километр масофадаги ҳудудга (Термиз шаҳри ва шимолга туташувчи йўл мустасно) бормай тургани маъқул.

ТИВ сайтида чоп этилган Ўзбекистон харитасида ҳозирча ташриф буюриш тавсия этилмаган ҳудудлар алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Расмий Лондон чегара ҳудудлар борасида берилган тавсия сабабига ойдинлик киритмаган. Аммо одатда ташқи сиёсат идораси ўз фуқаролари ҳаётига эҳтимолий хатар туғилган вазиятларда шундай йўриқнома билан чиқади. Тавсиянома беришда сиёсий барқарорлик ҳолати, жиноятчилик даражаси, табиий офатлар каби омиллар ҳам инобатга олинади. 

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 23 апрель куни Буюк Британия ташқи ишлар, ҳамдўстлик ва тараққиёт масалалари бўйича давлат котиби Дэвид Кэмерон чорак асрлик танаффусдан кейин Ўзбекистон ташриф буюрди. Икки давлат ўртасида Кенг қамровли шерикчилик тўғрисида декларация ҳамда Минтақавий ва халқаро боғлиқлик ҳамда инфратузилма соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланди.

Ўтган ҳафта Британия томони ўзбекистонлик 1,7 минг нафар меҳнат муҳожирини қабул қилишни рад этган, бунинг ортидан Бандлик вазирлиги вазият юзасидан баёнот берган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг