Европа Россияга 20 йил аввалги шов-шувли қотиллик бўйича талаб қўйди
Анна Политковскаянинг (1958–2006) ўлими теграсидаги баҳслар ҳамон тўхтагани йўқ.
Россиялик журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Анна Политковскаяни ўлдиришга алоқадор барча шахслар, жумладан, буюртмачилар аниқланиши ва жазога тортилиши керак. Ушбу талаб Европа Иттифоқи томонидан Анна Политковская ўлимининг 20 йиллиги муносабати билан 7 октябр куни тарқатилган баёнотда илгари сурилган.
«Россия судлари унинг ўлимига алоқадор саналган олти кишини айбдор деб топди. Аммо суд ҳукмида қотилликка ким буюртма бергани очиқланмаган. Йигирма йил ўтса-да, тўлиқ жавобгарлик ўрнатилмади. Европа Иттифоқи яна бир карра барча айбдорларни жавобгарликка тортиш учун самарали, мустақил ва шаффоф тергов ўтказишга чақиради», — дейилади баёнотда.
Политковскаянинг ўлимига алоқадорликда айбланиб қамоқ жазосига ҳукм қилинган собиқ ички ишлар ходими Сергей Ҳожиқурбонов 2023 йилда Украинага қарши урушдаги иштироки ортидан Россия президенти томонидан афв этилган эди. Брюссел журналистнинг ўлимига алоқадор шахс афв этилганини савол остига олган.
ЕИ баёнотида қайд этилишича, Анна Политковская «Новая газета» нашрида чоп этилган журналист текширувларида Россияда инсон ҳуқуқлари бузилиши, коррупция, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва қонунсизлик ҳолатларини фош қилган. Такрор-такрор суиқасд ва таҳдидларга қарамай, журналист ғайриқонуний ҳаракатларни фош қилиш аҳдидан қайтмаган.
«Бугунги кунда Анна Политковскаянинг мероси янгича аҳамият касб этмоқда, чунки Россияда Украинага қарши тажовузкор уруш билан параллел равишда репрессиялар кучайди. Ҳокимият томонидан мустақил журналистика ва фуқаролик жамиятининг бостирилиши келгусидаги зўравонликларни оқлашга имкон беради, Россиядаги урушга доир танқидни сўндиради ҳамда цензура ва қатағонларни хаспўшлашга йўл очади», — дейилади ЕИ баёнотида.
Анна Политковская 2006 йилнинг 7 октябр куни Москвадаги уйи лифтида отиб ўлдирилган эди. Қотиллик бўйича 6 киши маҳкамага тортилган. Аммо журналистнинг ҳамкасблари қотилликнинг ҳақиқий буюртмачилари жазоланмаган деб ҳисоблайди.
«Политковская афсона эди — бу шунчаки баландпарвоз гап ёки киноя эмас. У “журналист” деган сўзнинг ҳозирда унутилаёзган асл маъносига муносиб, кўплаб одамлар нигоҳ ташлашга журъат этмаган томонга боқишдан ҳайиқмайдиган инсон эди. У Чеченистон, уруш, одам ўғирлашлар, қийноқлар ва биров дардига қулоқ тутмаган инсонларнинг қисмати ҳақида ёзди... Ишончим комилки, кун келиб буюртмачиларнинг исмлари ошкор қилинади. Ҳеч қайси ҳокимият абадий эмас, ҳеч бир ёлғон чексиз яшамайди ва ҳар қанча пухта ўйланган хотирасизлик сиёсати ҳам тарихий хотирани бутунлай ўчириб ташлай олмайди», — деб ёзди россиялик журналист Татьяна Фельгенгауэр марҳума ҳамкасби ҳақида.
Gazeta.ru нашрининг қайд этишича, Анна Политковская Россиядаги инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари ҳақида текширувлар, Россия президенти Владимир Путин ва Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ҳақида танқидий материаллар эълон қилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter