Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Исроил ҳарбийлари нишонига айланган америкалик аёл

Исроил ҳарбийлари нишонига айланган америкалик аёл

Ғарбий соҳилда яҳудийлар тураржойларининг кенгайишига қарши намойишлар чоғида 26 ёшли аёл ҳалок бўлди.

АҚШ-Туркия фуқаролигига эга бўлган Айшенур Эзги Эйги қочқинлар лагери яқинидаги Бейта шаҳарчасида намойишда қатнашаётган пайтда унинг бошига ўқ узилди.

У Исроил ҳарбийлари томонидан отиб ўлдирилди. Исроил Мудофаа кучлари воқеадан хабардор эканини ва тергов олиб бораётганини айтди.

Исроиллик фаол ҳолатни фош қилди

Исроиллик фаол Жонатан Поллакнинг айтишича, Айшенур Эзги Эйги Исроил ҳарбийларининг нишони бўлган.

Поллак америкалик фаолнинг намойиш пайтида ўлдирилгани лаҳзаларини тасвирлаб берди.

Унинг сўзларига кўра, Эйги исроиллик аскарлар томонидан отиб ташланган. «Биз Исроил фаластинликлардан тортиб олган ҳудудга норозилик билдириш учун боргандик», дейди у.

Поллак, фаластинлик ёшларнинг Байтдаги жума намозидан кейин Исроил аскарлари томонидан қуршаб олинганини маълум қилган: «Намоз тугаши билан аскарлар билан ёшлар ўртасида кескинлик бошланди. Аскарлар зудлик билан кўздан ёш оқизувчи газ ва ўқлардан фойдалана бошлашди».

Поллакнинг сўзларига кўра, тўқнашувлар туфайли аскарлар тахминан 150-200 метр узоқликда жойлашган қишлоққа чекинишган ва уйлардан бирининг томидаги стратегик нуқтага жойлашган.

«Уни отган аскар ҳаммасини аниқ кўрди»

Исроил аскарлари Туркия ва АҚШ фуқароси Эйгини аниқ нишонга олганликларини таъкидлаган Поллак: «Унга қарата икки марта отишди. Биринчи ўқ унинг бошига тегди. Кейин иккинчи ўқ овозини эшитдим. Мен 10-15 метр нарида зайтун дарахтлари остида ётган ярадор Эйги томон югурдим. Уни отган аскар ҳаммасини аниқ кўрди», деди.

Поллак унга биринчи ёрдам кўрсатишга уринганини айтди: «Қон кетишини тўхтатиш учун қўлимни унинг боши остига қўйдим, юрак уришини текширдим, у жуда заиф эди. Биз тез ёрдам чақириб, уни машинага жойлаштирдик».

Исроиллик фаолнинг қўшимча қилишича, Эйги аввал Бейта тиббиёт марказига, сўнгра Рафидия давлат касалхонасига олиб кетилган: «Касалхонада уни жонлантиришга ҳаракат қилишди, аммо ҳаётини сақлаб қола олишмади. У оламдан ўтди».

«Бу ягона ҳодиса эмас»

Бу Исроил аскарларининг фаластинликларга уюштирган ҳужумларининг бир қисми эканлигига эътиборни қаратган Поллак: «2021 йилдан бери Байтда 17 нафар фаол ҳалок бўлди, уларнинг барчаси фаластинликлардир. Бугунги кунда бу ҳақда дунё эшитганининг сабаби — АҚШ фуқаросининг фожиали ўлимидир. Бу воқеа бошқаларидан фарқланмайди. Бу Фаластин халқининг курашини бостириш, сўнгги ойларда Ғарбий соҳилда Исроил зўравонликларининг кучайиши ва Ғазода Исроил геноцидининг бир қисмидир», дейди.

Поллак, нима бўлишидан қатъи назар, Фаластин халқининг озодлик курашини қўллаб-қувватлашда давом этишларини айтган.

АҚШнинг муносабати

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен, турк фаоли, АҚШ фуқароси Айшенур Эзги Эйгининг Исроил ҳарбийлари томонидан ўлдирилганидан чуқур таассуфда эканлигини билдирди.

АҚШ ҳукумати номидан Эйгининг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиришини таъкидлаб, у шундай деди: «Ушбу фожиали йўқотишдан чуқур қайғудамиз. Ҳозир энг муҳими фактларни аниқлашдир, ҳар қандай қадамимиз фактларга боғлиқ бўлади».

«Биринчи навбатда, воқеа қандай содир бўлганини аниқлаб олайлик ва шунга кўра керакли хулосалар чиқарамиз», қўшимча қилади Блинкен.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг