Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Онасини излаган мамонтча ёхуд Панчнинг қалбни титратувчи ҳикояси (видео)

Болалигимизда бир қўшиқ бўларди, эсладингизми, ҳа “Мамонтча учун она” (Мама для мамонтёнка).... Қўшиқ шундай бошланарди: Кўк денгиз бўйлаб, яшил ер томон, Оқ кемамда сузиб бораман...

Ўшанда балки катталар учун бу шунчаки мультфильмдаги образ бўлгандир. Болалар учун эса — онасини йўқотган мамонтчага чексиз ачиниш ҳисси. Ким ўйлабди дейсиз, ўшанда бизга бу қўшиқ ҳайвонларнинг ҳам қалби борлигини, улар ҳам соғинишини англатмоқчи бўлганини? Ва айнан шу қўшиқ бугунги ҳаётимизда ўз аксини топишини...

Япониянинг Итикава зоопаркида Панч исмли маймунчанинг тақдири мамонтчанинг қисматига жуда ўхшаш. Қизиғи шундаки, унга атаб ёзилгандек туюлган бу қўшиқ бундан 65 йил олдин яратилган. Бу воқеа олдиндан башорат қилинганмикан ёки тақдирнинг ажойиб ва аламли ўйиними?

Онасиз маймунчанинг қандай меҳрга зорлиги TikTok, Instagram  ва бошқа платформаларда жуда тез тарқалди, ушбу видеога ёзилган изоҳларда одамлар йиғлаган смайликлар қўйишмоқда ва туйғуларини ёзишмоқда, фан-артлар чизишмоқда, ҳатто Японияда  “Панч, чидамли бўл!”  хэштеги пайдо бўлди.

Ёлғизлик ва сариқ “она”

Панчнинг онаси у туғилганидан кўп ўтмай воз кечди. Кичкинагина, ҳимоясиз мавжудотни бошқа макакалар гуруҳига қўшишга ҳаракат қилишди. Лекин табиат баъзан шафқатсиз: бошқа маймунлар уни қабул қилишмади. Ҳатто бир видеода катта макака уни қўполлик билан итариб юборганини кўриш мумкин. Ўша пайти маймунчани ҳолатини кўриб ўз-ўзидан энг бағритош одамнинг ҳам кўзи ёшланиши табиий.

Шунда зоопарк ходимлари унга бир сариқ, юмшоқ ўйинчоқ беришди. Ўша кундан бошлаб бу ўйинчоқ унинг бутун дунёсига, “онасига” айланди. Панч қўполлик билан рад этилганда сариқ юмшоқ “онаси” бағрига ётганини кўриш бирам қайғули.

Кўк денгиз бўйлаб, яшил ер томон,

Оқ кемамда сузиб бораман ...

Панч ўйинчоқни ҳеч қачон қўлидан туширмайди. У билан бирга ўйнайди, елкасига ортиб юради. Энг таъсирлиси, ухлаётганда унга суяниб, юзини юмшоқ юнгларига босиб олади. Гўёки шу иссиқлик унга оналик меҳрини бераётгандек. Баъзида у ўйинчоқнинг қўлини маҳкам ушлаб олади, худди онасининг қўлидан тутган болакайдек.

Панч овқат ейишга борганда ҳам ўйинчоғини судраб боради. Бошқа маймунлар уни яна итариб юборишса, у хафа бўлиб орқага қайтади ва ўйинчоғи билан “гаплашади”, унга дардини айтади. Бу манзарани кўрган миллионлаб одамларнинг қалби парчаланмоқда.

На тўлқин қўрқитар ва на шамоллар,
Онамни излайман,
яккаман айро
Дунёда ягона онам ёнига,
Сузаман шамоллар, тўлқинлар аро.

 Аммо Панч фақат ўйинчоқ билан чегараланиб қолмаяпти. У жуда жасур ва қўрқмас. У инсонларга, яъни зоопарк ходимларига яқинлашади, қўлларини чўзиб қучоқлашни сўрайди. Унинг кўзларидаги мунг ҳар қандай тош қалбни эритади.

Яқинда эса хушхабар тарқалди: Панч барибир гуруҳга мослашишга ҳаракат қиляпти. Бир катта макака уни ўз ёнига ўтиришга рухсат берди ва ҳатто уни парвариш қилишни бошлади. Шу ерда яна бир бор ҳайвонларнинг қалби борлигини англайсиз. Панч ҳали ҳам ўйинчоғини қўлдан қўймаган, лекин энди унинг ёнида тирик, иссиқ нафас бор.

Майли, онам эшитсин, майли, онам тез келсин,

Мени тезда  топсин у, меҳри билан қучсин у!

 Панчнинг ҳикояси, бу фақат бир маймунча ҳақида эмас. Бу, меҳр соғинчида яшаётган ҳар бир тирик жоннинг нидоси. У ўзининг юмшоқ сариқ “онаси” ва дунёга: “Мен шу ердаман, мени яхши кўринг!” демоқда. Ва у меҳр истаганди, миллионлаб одамларнинг меҳрига эришди, қалбларни эритди.

Японияда ҳозир “Панч, чидамли бўл!” хештеги машҳур. Одамлар унга атаб суратлар чизишмоқда, уни кўриш учун зоопаркда узун навбатлар ҳосил бўлмоқда.

Панч, сен албатта бахтли бўласан. Сенинг кеманг аллақачон меҳр соҳилларига яқинлашиб қолди. Чунки дунёда болалар ҳеч қачон йўқолмаслиги, ёлғиз қолмаслиги керак.  

Зеро, ўша машҳур қўшиқда айтилганидек, дунёнинг энг олий адолати ҳам айнан шунда:

Ахир бундай бўлмас ҳеч қачон,

Бола онасиз, меҳрсиз сарсон.

 Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг