Таҳлил: Европа жазирама сабаб 800 млрд евро зарар кўриши мумкин
EUobserver`нинг иқлим таҳлилчиларига таяниб хабар беришича, 40°C дан юқори экстремал ҳароратлар Европа Иттифоқи иқтисодиётига жиддий зарар етказмоқда. Уларнинг фикрига кўра, умумий йўқотишлар тахминан 800 миллиард еврони ташкил қилиши мумкин.
«Иссиқлик тўлқинлари Европа аҳолисининг соғлиғи ва иқтисодиёт учун жиддий хавф туғдиради, жиддий макроиқтисодий ва ҳатто молиявий оқибатларга олиб келади», деди Европа атроф-муҳит агентлиги (EEA) мутахассиси Ханс-Мартин Фюссел. Ташқи ишларга таянадиган соҳалар, хусусан, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳалари энг кўп зарар кўриши мумкин.
Нашр Германиянинг Allianz SE суғурта компаниясининг 2030 йилга келиб Европа иқтисодиётига етказилиши мумкин бўлган зарарни башорат қилган ҳисоботига иқтибос келтиради. Таҳлилчилар Италия, Испания ва Францияни энг заиф мамлакатлар сифатида белгилайдилар, чунки улар экстремал ҳарорат таъсирига энг кам бардош бера оладилар. Фақат Францияда иқтисодий йўқотишлар 211 миллиард еврога баҳоланмоқда, ундан кейин Италия (147 миллиард евро), Германия (131 миллиард евро) ва Испания (120 миллиард евро).
Франция расмийлари ўрмон ёнғинларига сабаб бўлган омиллар сифатида қурғоқчилик ва масъулиятсизликни келтирдилар. Бу йил биринчи ёнғинлар июл ойининг ўрталарида, аввал Париж чеккасида, кейин эса мамлакатнинг жануби-ғарбий қисмида бошланди. Кейинчалик ёнғинлар Испания ва бошқа мамлакатлардаги ўрмонларда бошланди. БМТ маълумотларига кўра, июл ойи охирига келиб, ёнғинлар Европа бўйлаб 430 минг гектардан ортиқ ўрмонни вайрон қилган. Financial Times газетаси фақат шу мавсум учун 3 миллиард доллар зарарни ҳисоблаб чиқди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter