Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тойво Клаар: “Европа Иттифоқи ҳар қадамда Украина билан ҳамнафас”

Тойво Клаар: “Европа Иттифоқи ҳар қадамда Украина билан ҳамнафас”

Фото: ЕИ делегацияси

Европа Иттифоқи Украинанинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашга содиқдир. Бу ҳақда ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар Тошкентда Россиянинг Украинага тажовузи бошланганининг тўрт йиллиги муносабати билан ташкил этилган кўргазма очилишида маълум қилди. 

“Европа Иттифоқи Украинага сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ва дипломатик жиҳатдан энг йирик кўмак берувчи томон бўлиб қолмоқда ҳамда адолатли ва барқарор тинчликка олиб борувчи ҳар қандай ишончли йўлни қўллаб-қувватлашга содиқдир. Биз ҳар қадамда сиз биланмиз ва ЕИ тимсолида сиз доимо ишончли ва барқарор ҳамкорни топасиз”, – деди элчи Тойво Клаар.

ЕИ делегацияси Украина элчихонаси билан биргаликда “Илҳом” театрида ташкил этган кўргазмада Украина маданий рамзлари, ижтимоий ҳодисалар, тарихий воқеалар ва анъаналарга оид турли нуқтаи назарларни акс эттирувчи асарлар жамланмаси тақдим этилмоқда.

Украиналик иллюстраторлар ижодига мансуб асарларда замонавий визуал санъат орқали Украинанинг гўзаллиги ва бойлигини кўрсатиш, мамлакатнинг миллий ўзига хослиги ва маданий меросини кенг жамоатчиликка тақдим этиш кўзда тутилган.

Фото: ЕИ делегацияси

Кўргазма жорий  йил 25-28 февраль кунлари “Илҳом” театрида давом этади.

Дастур доирасида украиналик телебошловчи Антон Птушкиннинг “Биз, уй ҳайвонларимиз ва уруш” номли ҳужжатли фильм ҳам намойиш этилди. Картина урушда жабр кўрган ҳайвонларни қутқариш учун ҳаётини хавф остига қўяётган аскарлар ва кўнгиллилар – украиналиклар ҳамда хорижликлар ҳақида ҳикоя қилади. Бу шунчаки уруш тасвири эмас, балки инсонпарварлик, меҳр-шафқат ва инсон билан ҳайвон ўртасидаги фавқулодда боғлиқлик ҳақидаги ҳикоядир.

24 февраль куни Ўзбекистонда аккредитация қилинган ЕИга аъзо давлатлар элчилари бошқа европалик ҳамкорлар билан биргаликда қўшма видеомурожаат йўллаб,  Россия агрессияси натижасида ҳалок бўлган юзлаб болалар хотирасини ёд этдилар.

ЕИ кенгаши

Урушнинг тўрт йиллиги муносабати билан Брюсселдаги ЕИ кенгаши биносида бирдамлик рамзи сифатида Украина байроғи ранглари акс этди. 

Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен 24 февраль куни Киевга ташриф буюрди ва Брюссель Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлади. 

Маълумотларга қараганда, ЕИ уруш бошланган 4 йил мобайнида Украинага 200 миллиард евродан зиёд кўмак кўрсатган.

2022 йил 24 февраль куни Россия кенг кўламли уруш бошлаган ҳолда Украина ҳудудига бостириб кирган эди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мониторинг миссияси маълумотларига кўра, ўтган тўрт йил ичида камида 15172 нафар тинч аҳоли вакили, жумладан, 763 нафар бола ҳалок бўлди. Бу фақат тасдиқланган ҳолатлар бўлиб, реал сон бундан анча юқори бўлиши мумкин.

Уруш Украина халқи бошига яна кўплаб мусибатларни ёғдирди.

Аввал хабар берганимиздек, Россия агрессиясининг тўрт йиллиги муносабати билан махсус баёнот берган Украина президенти Владимир Зеленский мамлакатни паноҳгоҳларга киришга мажбур қилиш мумкинлиги, аммо украиналиклар асло босқинчига бўйсунмаслигини таъкидлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг