Туркиянинг янги ракеталари парвоз радиуси 500 километрдан ошди (видео)
Туркиянинг турли платформалардан узоқ масофага аниқ зарба берувчи ракеталар оиласи кенгаймоқда. Мавжуд TAYFUN блоклари қуролланиш тизимига киритилаётган бир пайтда, янги сериялар устида ҳам иш бошланган. GEZGİN лойиҳасида серияли ишлаб чиқаришга тайёргарлик якунланган.
Туркия мудофаа саноатида сўнгги даврдаги энг муҳим йўналишлардан бири — учиш масофаси ва аниқ нишонга зарба бериш имконияти юқори янги ракеталарнинг синовдан ўтказилаётганидир. Уларнинг айримлари аллақачон қуролланиш тизимига киритилган, баъзилари серияли ишлаб чиқариш босқичига келган, бошқалари бўйича эса тайёргарлик ишлари жадал давом этмоқда.
Бу имкониятларни шунчаки «узоқроқ масофага уча оладиган ракеталар» деб баҳолаш тўлиқ тасаввур бермайди. Чунки бу ракеталар нафақат узоқдаги стратегик нишонларга зарба бериш имконини беради, балки кейинчалик яратиладиган янги ракеталар учун ҳам технологик асос бўлади.
Узоқ масофага мўлжалланган миллий ракеталар
Сўнгги вақтларда бу соҳада номлари кўп тилга олинаётган лойиҳалар қаторига TAYFUN Blok-3, TAYFUN Blok-4, CENK ва GEZGİNни киритиш мумкин.
Синов отишидан чиққан İHA-300 яқинда AKINCIдан учирилиб, нишонни муваффақиятли урган эди. Бу маълумот жамоатчиликка тақдим этилганда, нишон 250 километрдан узоқ масофада жойлашгани айтилган. Аслида, бу жуда муҳим тафсилот. Чунки AKINCIнинг тезлиги ва кўтарила оладиган баландлиги маълум. Агар İHA-300 ракетаси жанговор самолётдан учирилса, унинг ҳам учиш масофаси, ҳам тезлиги янада ошади. Янада аниқроқ айтганда, бу янги ракета жанговор самолётдан учирилганда унинг учиш масофаси 500 километрдан ошиб кетиши мумкин. Бу жуда муҳим стратегик имконият ҳисобланади. Шу ўринда Туркия İHA-300нинг янада каттароқ талқини устида ҳам иш олиб бораётгани ҳақидаги маълумотни қўшиш лозим.
TAYFUNнинг янги блоклари келмоқда
TAYFUN ракеталари оиласида ҳам муҳим янгиликлар бор. Эслатиб ўтамиз, TAYFUN Blok-3 бир неча ой олдин денгизда ҳаракатланаётган нишонни муваффақиятли урган эди. Шу тариқа Анқара гипертовуш тезлигига чиқа оладиган, замонавий қидирув каллаги билан жиҳозланган ва ҳаракатдаги нишонларни ҳам ура оладиган узоқ масофали ракетани муваффақиятли синовдан ўтказганини намойиш этди. Шунингдек, TAYFUN Blok-4 ҳам яқин келажакда қуролланиш тизимига киритилишини биламиз. Аввалги йилларда TAYFUN Blok-1 синов отишлари вақтида 561 километр узоқликдаги нишонни урган эди. Бироқ Blok-3 ва Blok-4 учун расмий учиш масофаси эълон қилинмаган. Расмийлар фақат «бўлиши керак бўлган даражада» деган таъкидни берган. Аммо якуний натижада ҳар икки блокнинг ҳам 500 километрлик масофадан бемалол ошиб кетиши ҳақида гаплар бор.
Туркиянинг «махфий ракеталари» — CENK ва GEZGİN ҳақида
Узоқ масофага мўлжалланган маҳаллий ва миллий ракеталар ҳақида гап кетганда, кўпчилик қизиқаётган яна икки лойиҳа бор бу — CENK ва GEZGİNдир.
Сўнгги маълумотларга кўра, GEZGİNни серияли чиқаришга тайёргарлик якунланган. Бу синов ва малакалаш жараёни якуний босқичга яқинлашганини кўрсатади. Кейинги босқич албатта серияли ишлаб чиқариш бўлади. Турли платформалардан фойдаланиш имконини берувчи тарзда лойиҳалаштирилган GEZGİN учун расмий идоралар томонидан аниқ учиш масофаси эълон қилинмаганини ҳам таъкидлаш керак.
Юқорида санаб ўтилган ракеталардан алоҳида эътиборга лойиқ яна бир лойиҳа — CENK. CENK ўрта масофали баллистик ракета тоифасига киритилмоқда. Унинг ҳозирда ишлаб чиқиш босқичида экани маълум. CENK учун ҳам ҳозирча расмий равишда учиш масофаси эълон қилинмаган. Барча бу лойиҳаларни биргаликда кўриб чиқсак, Туркиянинг ракета дастуридаги ягона мақсад «янада узоқроқ масофага етиб бориш» эмаслиги аён бўлади. Анқара турли платформалардан турли нишонларга узоқроқ масофадан зарба бериш имконини берувчи янги босқични бошламоқда. Ва бу янги босқич Туркиянинг мавқеини нафақат жанг майдонида, балки музокаралар столида ҳам ўзгартираётганини кўрсатмоқда.
Барно Мелиқулова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter