Япония хусусий университетларининг ҳар учинчисига ёпилиш хавф солмоқда
Японияда 2040 йилга бориб хусусий университетларнинг қарийб 30 фоизи молиявий маблағ етишмовчилиги боис ёпилиш хавфи остида. The Mainichi Shimbun газетаси ёзишича, айни ҳолат 18 ёшли талабалар сонининг тез суръатларда камайиб кетаётгани билан боғлиқ.
Мамлакат таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирлиги бу борадаги ҳисоб-китобларини эълон қилиб, хусусий университетларни ёпилиш ёки талабалар сонини қисқартириш бўйича имкон қадар тезроқ қарор қабул қилишга чақирди.
Японияда туғилиш даражаси пасайиши сабабли, 2024 ўқув йилида абитуриентлар сони 630 000 нафарни ташкил этган эди, 2040 йилда бу кўрсаткич 460 000 нафаргача тушиб кетиши кутилмоқда.
Ушбу мамлакатнинг демографик муаммосини қуйидаги рақамлар ҳам яхши ифодалайди: Кунчиқар юртда 124 млн киши яшайди, бу Ўзбекистон (38 млн) аҳолисидан 3,3 баробар кўп. 2024 йилда Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтиҳонларида 737 351 нафар абитуриент қатнашган.
Япония таълим вазирлиги ҳисоботига кўра, олий ўқув юртларининг қарийб 75 фоизини ташкил этувчи кундузги таълим шаклидаги 601 та хусусий университет келгусида молиявий муаммоларга йўлиқиш хавфи остида. Молиявий етишмовчилик борасида ўта юқори хавф гуруҳига киритилган университетлар сони 2025 йилда 22 тани ташкил этган бўлса, 2036 ўқув йилида 85 тага, 2040 йилда 170 тага етиши кутилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter