Сохта гувоҳнома олган 3 нафар ҳайдовчи ҳалок бўлди — Бош прокуратура
Ҳайдовчилик гувоҳномаларини сохталаштириш ҳолати юзасидан Давлат хизматлари маркази ходимлари ва бошқа шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича Бош прокуратурада тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов давомида Тошкент шаҳри ҳамда Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё, Наманган, Навоий, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида 1 200 нафардан ортиқ фуқарога сохта ҳайдовчилик гувоҳномалари расмийлаштириб берилгани аниқланди.
Маълум бўлишича, ушбу сохта гувоҳномаларни олган фуқаролардан 455 нафари 1 305 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузган. Шунингдек, 9 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, оқибатда 6 нафар фуқаро тан жароҳати олган, 3 нафари эса ҳалок бўлган.
Жиноят ишининг кенг кўламли ва мураккаб эканини инобатга олиб, Бош прокуратурада махсус тергов-тезкор гуруҳи тузилган. Айни пайтда сохта гувоҳномалар ҳамда уларни расмийлаштиришга асос бўлган барча ҳужжатлар тўлиқ текширилмоқда, тергов ҳаракатлари режали тарзда давом этмоқда.
Бош прокуратура фуқароларни ҳайдовчилик гувоҳномасини фақат қонунчиликда белгиланган тартибда олишга чақириб, сохта ҳужжатлардан фойдаланиш қонун билан тақиқлангани ва жавобгарликка сабаб бўлишини эслатган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter