Фарғонада ҳайдовчи ўзи жанжаллашган шахсни қасддан уриб кетди: Бош прокуратура изоҳи

Фарғонада ҳайдовчи бир шахсни қасддан уриб кетгани тасвирлари пайдо бўлди. Бош прокуратура иш ҳақида маълумот берди.
Фарғона шаҳрида фуқарони машинада уриб юборган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилганлиги ҳақида хабар берилган.
Мазкур жиноят иши ҳужжатлари прокуратура томонидан назорат тартибида ўрганилди.
Ўрганишда айбланувчи шахснинг хатти-ҳаракатларида қасддан одам ўлдириш жинояти аломатлари мавжудлиги аниқланганлиги сабабли, жиноят иши Жиноят кодексининг 97-моддасига қайта малакаланди, дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.
Ҳозирда прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 10 июль куни фуқаро Ф.З. Фарғона шаҳар Ўзбекистон овози кўчасида таниши М.А. билан ўзаро гап талашиб жанжаллашиб, ўзига тегишли “Lacetti” русумли автомобилида М.А.ни уриб юбориб, тан жароҳати етказган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан М.А. шифохонада вафот этган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter