Китоб туманида қутуриш касаллиги тарқалгани ҳақидаги хабарлар рад этилди
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида бир оиланинг уч нафар аъзосида қутуриш касаллиги аниқлангани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирилди.
Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси маълум қилишича, жорий йилнинг 10 июл куни Китоб туманида яшовчи 1979 йилда туғилган фуқаро хавфли юқумли касаллик гумони билан шифохонага ётқизилган.
Эпидемиологик суриштирув давомида фуқарони тахминан бир ой аввал тулки боласи тирнагани аниқланган. Афсуски, у 11 июл куни вафот этган.
Ҳозирда ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Шунингдек, марҳум билан мулоқотда бўлган уч нафар фуқаро эҳтиёт чораси сифатида тиббий кўрикдан ўтказилган. Расмий маълумотга кўра, уларда қутуриш касаллигининг клиник белгилари аниқланмаган. Айни пайтда ушбу шахслар шифокорлар назоратига олинган ва профилактик эмлаш ишлари олиб борилмоқда.
Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда ветеринария мутахассислари ҳамкорлигида ҳудуддаги эпидемиологик вазият тўлиқ назоратга олинган.
Мутасаддилар аҳолидан асоссиз хавотирга берилмасликни ҳамда ижтимоий тармоқларда тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликни сўради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter