Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Марихуаначи» аёлнинг яна бир «қилиғи» фош бўлди

«Марихуаначи» аёлнинг яна бир «қилиғи» фош бўлди

Бухорода ўз томорақасида каннабис ўсимлигини етиштириб келган аёлнинг қўшмачилик билан ҳам шуғуллангани фош этилди. Унга нисбатан суд ҳукми ўқилди, дея «Xabar.uz»га маълум қилди Жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани суди раиси Бобораҳим Очилов.

1979 йилда Қоракўл туманида туғилган Н.Р. 3 нафар фарзанди билан турмуш ўртоғидан ажралгач, тирикчиликнинг қинғир йўлларидан борган. У ўз яшаш ҳовлиси томорқа ерига таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган ва таъқиқланган экин ҳисобланган каннабис ўсимлигини экиб, унга агротехник ишлов бериб етиштирган.

Қоракўл туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган кенг қамровли «Қорадори-2023» тадбири давомида Н.Р. ўзи етиштирган «ҳосил»дан тайёрланган соф оғирлиги 5,17 граммга тенг бўлган гиёҳванд моддасини ўтказиш мақсадида сақлаб келаётгани аниқланган.

«Марихуаначи» аёл аслида, туман деҳқон бозоридан ўзининг яшаш хонадонига экиш учун гул уруғларини сотиб олганини, кейинчали уларни ерга эккач, каннабис бўлиб чиққанини важ келтирган. Бироқ, тергов-суриштирув ишлари давомида Н.Р. бу ҳатти-ҳаракатларини ўзига олдиндан таниш бўлган Д.И. ҳамда Р.Ж. исмли аёллар билан тил бириктирган ҳолда амалга оширганини тан олган. Шундан сўнг Н.Р.нинг нафақат, марихуаннафурушлик, балки, қўшмачилик билан ҳам шуғулланиб келаётгани фош этилган.  У қоракўллик ва олотлик фуқароларнинг чўл ҳудудларидан бирида жинсий алоқада бўлишлари учун 1 500 000 сўм эвазига қўшмачилик жиноятини ҳам содир этиб келган.

Суд ҳукмига кўра, Н.Р. Жиноят кодексининг 270-моддаси (Таъқиқланган экинларни етиштириш)1-қисми, 131-моддаси (Қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш)1-қисми ва 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари  ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш)2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли, деб топилган. 2 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини олган аёл тайинланган жазо муддатини умумий тартибли колонияларда ўтайдиган бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг