Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Онлайнда 115 млн сўм ўғирлаган «капитан» қўлга олинди

Онлайнда 115 млн сўм ўғирлаган «капитан» қўлга олинди

Фото: Xabar.uz

– Ассалому алайкум. Фуқаро Нодира Собирова (исм-шариф ўзгартирилган) билан гаплашяпманми?

– Ваалайкум ассалом. Шундай!

– Мен ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими, капитан Маликовман. Қўл телефонингиз хавфсизлиги муҳофазаланмаган. Бу ўзингиз ва бошқа яқинларингизга турли муаммолар туғдиришини кўрсатади. Айни пайтда тезкор профилактик назорат ишларини олиб бормоқдамиз. Зудлик билан телефон рақамингизга СМС орқали келган тасдиқлаш кодини айтишингиз лозим.

Нотаниш шахс ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими сифатида таништириб, ишончли ва қатъий оҳангда гапирганлиги сабабли фуқарода унга нисбатан ҳеч қандай шубҳа уйғотмаган. Бухоро вилояти, Вобкент туманида яшовчи 54 ёшли аёл вазиятнинг хавфли эканини англаб етмаган ҳолда ушбу кодларни ошкор қилади.

Худди шу сонияда нотаниш шахс Нодира Собированинг шахсий ахборот тизимига ноқонуний равишда кириб, унинг ҳисоб рақамидаги пулларни ўз ихтиёридаги пластик карталарга ўтказиб олишга муваффақ бўлади ва унга 115 миллион сўм миқдорида моддий зарар етказади.

Ҳолат ҳақида «Xabar.uz»га маълум қилган Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати ходими, капитан Муроджон Раҳматуллоевнинг айтишича, орадан кўп сония ўтмай, пластик рақамидаги пулларнинг ечиб олингани ҳақида келган хабарни ўқиган фуқаро зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб, содир бўлган воқеа юзасидан ариза қолдирган. Ҳодиса бўйича Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Тезкор-қидирув хизмати Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир амалга оширилган.

Текширувлар давомида жабрланувчининг ҳисобидан ўтказилган пул маблағлари Навоий шаҳрида яшовчи фуқаро  Ч.Р. ҳамда Хоразм вилояти, Хонқа туманида яшовчи Ш.З.  номидаги пластик карталарга тушганлиги аниқланган.

Суриштирув жараёнида яна бир муҳим ҳолат фош этилган. Маълум бўлишича, мазкур пластик карталар фирибгар томонидан олдиндан режалаштирилган тарзда очилган. У турли банк муассасаларига бир нечта фуқароларни олиб бориб, уларнинг номига жами 10 га яқин Humo ва Uzcard пластик карталарини очтирган.

Қайд этилишича, гумонланувчи фуқаро Тошкент шаҳридаги мардикор бозорига борган ва ҳуқуқий билим, ҳаётий тажрибаси етарли бўлмаган, моддий эҳтиёжда яшаётган ёшларни атайлаб танлаб олган. Уларни, гўёки, осон пул ишлаш таклифи билан ўзига жалб этиб, ҳар бирига хизмати учун 150 минг сўм эвазига банкларга бориб, ўз номларига пластик карталар очиб, расмийлаштиришларини сўраган. Ёш йигитларга «хизмат ҳақи»ни тўлаган ва расмийлаштирилган карталарни ўз ёнида қолдирган.

Онлайн тарзда вобкентлик аёлни «чув» туширган бу шахс давлат рақами 01 В 343 ҚБ бўлган қора рангли «Малибу» автомашинасида Тошкент шаҳрининг турли ҳудудларидаги пул айирбошловчи банкоматлардан қора куртка, бош кийим ва оқ ниқоб таққан ҳолда жабрланувчининг ҳисобидан ўтказилган пул маблағларидан 94 миллион сўм пулни нақдлаштириб олган.

«Ўз хатти-ҳаракатлари жараёнида камералардан юзини беркитишга уринган бу шахс автомашина рақамини яширишни унутган. Бу эса тезкор ходимларга жиноятчини рад этиб бўлмас далиллар билан қўлга олишда ёрдам берди. Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида гумонланувчи асли самарқандлик 26 ёшли фуқаро С.М. эканлиги аниқланди. У ўз жиноий ҳаракатларини яшириш мақсадида Россия Федерациясига қочиб кетаётган вақтида Тошкент шаҳридаги аэропортда ушланиб, қамоққа олинди», — деди Муроджон Раҳматуллаев.

Ҳозирда фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчининг шу ва шунга ўхшаш жиноятларга алоқадорлиги юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг