Ўзбекистонда катта миқдорда солиқ тўламаган Испания фуқаролари Туркияга қочиб кетди
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Тошкент вилояти божхона бошқармаси «Ангрен» ТИФ божхона пости ходимлари томонидан «Божхона омбори»да сақланаётган товарлар инвентаризациядан ўтказилди.
Аниқланишича, Литва Республикаси ва Россия Федерацияси «CORSAN CORVIAM CONSTRUCCION S.A» ва «CORSAN CORVIAM ASIA PROJECTS» МЧЖ номига 2014 йил 29 августдан — 2015 йил 31 январга қадар жўнатилган ярим тоннага яқин, 7 партиядаги, жами қиймати — 423.117.84 АҚШ доллари ёки 1.004.238.456.10 сўм бўлган товарлар (Марказий банкнинг расмийлаштирилган кунидаги курси бўйича тенг бўлган товарлар) «Ангрен» ТИФ божхона постида божхона юк декларацияси билан божхона режимига расмийлаштирилган.
Ушбу божхона юк декларацияси билан расмийлаштирилган товарлар ҳақиқатда мавжуд эмаслиги тўғрисида пост ходимлари томонидан 2017 йил 14-15 ноябрь кунлари далолатнома тузилган.
Тошкент вилояти божхона бошқармасининг сўровномасига асосан юборилган Тошкент шаҳар Давлат солиқ инспекциясининг жавоб хатида «CORSAN CORVIAM ASIA PROJECTS» МЧЖнинг фаолияти ҳозирги кунда тўхтатилгани маълум қилинган.
Тошкент вилояти Контрабандага қарши курашиш бўлими ва Божхона статистикаси ва таҳлил бўлимидан олинган маълумотларга кўра, «CORSAN CORVIAM CONSTRUCCION S.A» ва «CORSAN CORVIAM ASIA PROJECTS» МЧЖ таъсисчилари Испания фуқаролари А.Л.К.М. 2014 йил 6 октябрда ҳамда Г.М.С. 2014 йил 12 октябрда «Тошкент» халқаро аэропорти орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан Туркия давлатига чиқиб кетган.
Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, юқорида келтирилган 7 партиядаги товарлардан ундирилиши керак бўлган божхона тўловлари 892.937.380.07 сўмни ташкил этмоқда.
Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан мазкур ҳолат юзасидан 2018 йил 6 февраль куни Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми (Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур жиноят иши терговга тегишлилигига кўра юбориш масаласини ҳал этиш учун Тошкент вилояти прокуратурасига юборилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter